Azon.TV'да Рамазон

16:00 06.05.2019 511

Муборак Рамазон ойи барча мусулмон давлатлар каби бизнинг ватанимизда ҳам ўзгача шукуҳда қаршиланди. Биргина мисол, глобал даврнинг энг муҳим етакчиси бўлган оммавий ахборот воситаларида Рамазонга бағишлаб туркум дастурлар тайёрланди. Айни кунларда, қайси телеканални кузатсак “Рамазон туҳфаси” номи билан теледастурлар эълон қилинмоқда.

Azon TV илмий-маърифий онлайн телеканалда ҳам ижод қизғин паллада. Телеканал бу йил илк бор Рамазонни қаршилади. Шу сабаб ижодкорлар оммага манзур бўладиган теледастурларни эфирга узатишмоқда. Муборак кунларда тақдим этилаётган айрим кўрсатувлар ҳақида қисқача маълумот берсак.

Рамазон ойлар ичида султон. Бу ойда амалга ошириладиган хайрли ишларнинг савоби улкандир. Бу борада кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. “Рамазондан ҳадя” кўрсатувида саховатпеша инсонлар томонидан тақдим этилаётган ҳадялар, эҳсонлар ҳақдорларга етказиб берилади. Бундайин савоб ишда сиз ҳам бардавом бўлинг.

Тонг отгандан кун ботгунга қадар рўза тутишга ният қилар экансиз, сизга кун давомида қувват бағишловчи таомларни истеъмол қилишингизга тўғри келади. Ифторликда ҳам ошқазонга юк бўлмайдиган овқатлар маъқул кўрилади. Аксарият одамлар таом масаласида тартибга амал қилишмайди ва саломатликлари борасида қайғуришмайди. Ниҳояда рўзани якунлашга мадорсизланишади. Демак, таомларни тўғри танлай билиш ҳам биринчи галдаги масаладир. Бу борада ижодкорлар томонидан тайёрланган “Рамазон дастурхони” кўрсатуви рўзадорларга асқатади. Кўрсатув ўттиз кун давомида узлуксиз эфирга узатилади.

Навбатдаги таништирмоқчи бўлган кўрсатувимиз “Тафаккур қилмайсизми...” деб номланган бўлиб, элимизга таниқли бўлган соҳиби илм томонидан ҳозирланган. Аллоҳ яратган мўъжизалардан, борлиқ  синоатидан сўзловчи мазкур дастур ҳам томошабинларга манзур бўлишига умид қиламиз. Шунингдек, томошабинлар учун Рамазоннинг иккинчи ҳафтасидан бошлаб янги телесериал намойиш этилади. Мутасаввиф, аллома шоирнинг илм йўли ҳақида сўзловчи мазкур картинага айни пайтда овоз ёзиш ишлари якунланмоқда.

Рамазон инсон ўзини, ўзлигини ислоҳ қилиш палласидир. Бу ойда одамлар нафси билан ёлғиз қолади ва ҳеч бир ишни лаъиннинг васвасасига йўйишмайди. Ўн бир ой давомида ҳаёт ташвишларига андармон бўлган хаёлларимиз, заифлашиб қолган руҳимиз Рамазонда озуқа олади. Уни тўйинтириш учун илм ўрганиш, Аллоҳга ибодатда бўлиш керак. Айнан қориларимизнинг, имом хатибларимизнинг ҳикматли сўзларини тинглаш ҳам руҳиятга куч беради. Бу борада Azon TVда намойиш этиладиган дастурлар сизларга манзур бўлади,деган умиддамиз. Хусусан, бобокалонимиз Мир Алишер Навоийнинг “Арбаъин” асари асосида суратга олинган “Арбаин” кўрсатувида ҳадислар ҳақида сўз боради.

“Мусулмон мундарижаси” дастури Рамазонда илк сонини намойиш этиб, сўнгра йил давомида тақдим этилиши мақсад қилинган. Кўрсатувнинг номидан маълумки, мусулмонларга хос бўлган одатлар, кунлик яшаш тарзи, амаллар Ҳақ белгилаб берган мундарижага мос бўлиши ҳақидаги маълумотлар тақдим этилади. Шунингдек, “Иқро” кўрсатувида Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид қори билан Қуръон ўқишни ўрганамиз.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Azon TV руҳий озуқа олишингизда сизга кўмакчи бўлишни мақсад қилган. Зеро, ўзига ва атрофдагиларга яхшиликларни улашиш мўминлик белгисидир.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!