БАА вазири Ибн Зойид ҳужум қилган Фахриддин пошо ким бўлган?

20:00 04.01.2018 1299

БАА Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Зойид Твиттердаги саҳифасида Усмоний пошо Умар Фахриддинни Мадинаи мунаввара аҳолисига қарши жиноят қилганликда айблаб, твит қолдирди. Шунингдек, твитда пошони Мадина аҳолиси мол-мулкларини ўғирлангани ва уларни Шом ва Истанбулга ташигани ҳақида ҳам ёзилган. Тарихий воқелик бунинг аксини кўрсатиб турибди. Бу араблар ва турклар орасида жуда кескин танқид қилинди.

Ибн Зойид юқоридаги мазмунда яна твит қўйиб, унда: “Биласизларми, Фахриддин пошо 1916 йилда Мадина аҳлига нисбаттан қандай жиноят қилган? Уларнинг молларини ўғирлаган, куч билан ториб олган ва поездларга юклаб, Шом ва Истанбулга ташиган”, дейилган.

Твитда яна шундай дейилади: “Худди турклар Мадинадаги Маҳмудийя кутубхонасидаги кўплаб қўлёзмаларни ўғирлаб, Туркия юборганларидек. Улар Эрдўғаннинг аждодларидир. Бу уларнинг мусулмон – араблар билан бўлган тарихларидир”.

Мазкур твит қаттиқ танқидга учради. Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Қолун “Абдуллоҳ ибн Зойиднинг турклар ва арабларни бир-бирига қарши гиж-гижлашни мақсад қилган бундай твитни қайта жойлаштириши ор ҳисобланади… Фахриддин пошо Британия ракеталаридан Мадинаи мунавварани қаттиқ ҳимоя қилган” деб ёзади.

Яна ироқлик тарихчи Ўрхон Муҳаммад Али “Тарих” сайтида мақола чоп этади: “Фахриддин пошо Муҳаммад саллалоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббати билан машур бўлган. Уни Саҳро йўлбарси ёки Турк йўлбарси деб аташган, деб ёзади.

Фахриддин пошо Мўсулдаги тўртинчи Усмоний қўшини қўмондони эди. 1916 йил у Мадина ҳимояси учун чақирилади. Бу пайтда ҳар ёқда Усмонийларга қарши инглизларнинг қуролли ҳаракати муваффақият қозонаётгани ҳақида гаплар тарқалган эди.

У инглиз иттифоқчилари қўзғолон кўтаришидан олдинроқ Мадина ҳимоячиси мансабини эгаллади. 1916 йил 28 майда Жамол пошо уни Мадинага жўнатди. Иттифоқчилар Ҳижоз темир йўлини ва Мадинага яқин телеграф линияларини бузишни бошладилар. 5 ва 6 июн кечалари шаҳар хавфсизлик марказларига ҳужум қилдилар. Лекин Фахриддин пошо олган эҳтиёт чоралари ортидан улар тарқатиб юборилди ва Мадинадан узоқлаштирилди.

Усмонийлар Мадинанинг бир қисмини бўшатишга қарор қилганларида, буни Фахрирддин пошога етказишди. У ҳукумат раиси Анвар пошога бир мактуб жўнатди. Унда ёлвориб шундай деган эди: “Нега Мадинани бўшатамиз? Улар Ҳижоз темир йўлини портлатдилар дебми? Бир батольон ва бир батарея (оғир қуроллар жамланмаси) билан ёрдам беролмайсизларми? Менга бироз вақт беринглар. Араб қабилалари билан келишиб оламан. Шаҳар деворидаги қизил байроқни ҳеч қачон тушурмайман. Агар ҳақиқатда шаҳарни бўшатмоқчи бўлсангиз, менинг ўрнимга бошқа қўмондон жўнатинг”.

Фахриддин пошо ҳукуматга Набий саллалоҳу алайҳи васалламдан қолган 30 та буюмни Мадинани салб юришларидаги ҳолатга тушиб қолишидан қўрқиб кўчиришни таклиф қилди. Ҳукумат буни жуда масъулият билан ёндашиш талаби билан рози бўлди. Фахриддин пошо буюмларни 2000 кишилик қўшин ҳимоясида Истанбулга жўнатди.

Ўрхон Мадинани инглизлар ва уларнинг иттифоқдошларига топшириш тафсилотларини бундай ёзади: “Уруш тугади. Фахриддин пошога Мадинадан кетиш ва уни Иттифоқчи қўшинларга таслим қилиш буйруғи келади. У эса ҳукуматнинг бу қарорини амалга оширишдан бўйин товлайди”.

Бу таслим бўлиш ҳақидаги Мондрос шартномасининг 16-бандига қарши чиқиш эди. Унда Ҳижоз, Сурия, Яман ва Ироқда бўлган барча усмоний ҳарбий бирликлари ўзларига энг яқин бўлган иттифоқдош қўшин қўмондонларига таслим бўлишлари керак эди. Бу шартномага имзо қўйилган эди. Фахриддин пошони жавоби буни инкор қилиш бўлди.

Содрул аъзам Аҳмад Иззат пошо унга йиғлаб, шартномага мувофиқ Мадинани таслим қилишни буюради. Хатни нақиб лавозимидаги зобит билан бериб юборади. Лекин Фахриддин пошо зобитни ҳибсга олади ва содрул аъзамга мактуб жўнатади. Унда: “Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарлари бошқа ҳеч қайси шаҳарга ўхшамайди. Бу ўринда содрул аъзамнинг буйруғининг ўзи етмайди. Балки халифанинг ўзидан буйруқ келиши керак”, дейилади.

Фахриддин пошога халифанинг ўзидан Мадинани топшириш ҳақидаги буйруқ келади. Бу сафар буйруқни Адлия вазири олиб келади. Фахриддин пошо вазир билан жавоб мактубини жўнатади: “Халифа айни пайтда иттифоқдошлар қўлида асир ҳисобланади. Шу сабабдан у мустақил қарор қабул қилолмайди”. Халифанинг буйруғини бажаришдан бош тортади.

Ўрхон айтади: “Мадинада озиқ-овқат ва дори воситалари тақчиллиги бошланди. Ҳимоячи қўшин орасида касалликлар тарқалди. Ушбу қийин вазиятда Фахриддин пошо зобитларини маслаҳатлашишга чақирди. Бу билан у улар нимани таклиф қилишларини ва қанчалар Мадинани ҳимоясига тайёр эканларини билишни хоҳлаганди. Улар пешин намозида Равзайи мутоҳҳарада йиғилишди”.

Барчалари намозни хушу ичида адо қилдилар. Ҳўнграб йиғлардилар. Сўнг Фахриддин пошо минбарга кўтарилди. У усмоний байроғига ўраниб олган эди. У шундай хутба қилдики, зобитларнинг кўз ёшлари у айтган сўзларнинг сонидан кўп эди. Зобитлар йиғлайвердилар, ҳатто ҳайқира бошладилар: “Биз ҳеч қачон таслим бўлмаймиз, биз Расулуллоҳнинг Мадиналарини инглизларга ҳам уларнинг иттифоқдошларига ҳам таслим қилмаймиз”.

Хутбасини тугатгач, буюк қўмондон минбардан тушди. Зобитлар йиғлаб, уни бағрларига босардилар. Асл мадиналиклардан бўлган аҳолидан бир киши уни ёнига келиб ўпди ва “Сен бундан кейин мадиналиксан… Саййидим, сен Мадина аҳлидансан” деди.

Ўрхон: “Мадинани қамал қилаётганлар Фахриддин пошо билан келишиб бўлмаслигини англаб, унинг зобитлари билан алоқага киришадилар. Зобитлар пошога ҳимоячиларнинг ва Мадина аҳлининг фожиали аҳволини тушунтирадилар. Шунда охири у шаҳарни топшириш шартларини муҳокама қилишга рози бўлади”, деди.

Шартнома бандларининг энг муҳимида шундай дейилган эди: “Фахриддин пошо 24 соат давомида Ҳошимий қуролли кучлари қўмондонлигида меҳмон бўлади”. У кўчиб ўтиши учун бир чодир қурилган эди. Мадинада эса кўчиш ҳаракатлари давом этаётган эди. Фахриддин пошонинг юклари ортилган карвон тайёр эди. Зобитлар унинг чиқишини кутиб турардилар. Бир неча соат ўтса ҳам, пошо чиқмасди. Ундан ичкаридан шахсий буюмларини карвондан олиб, Масжидун- Набавийга яқин кичкина бинога кўчириш ҳақида буйруқ келди. Пошо бу уйчани ўзи учун тайёрлаган эди. Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам масжидларидан узоқлашишни хоҳламасди.

Ноиби Нажиббек ва бир қанча зобитлар унинг ҳузурига, шу кичкина уйчага киришди. У тўшакда заиф ҳолда ётарди. Ундан чиқишни хоҳламади. Кирганларга: “Сизлар кетинглар, мен шу ерда қоламан”, деди.

Зобитлари нима қилишни билмай қолдилар. Ўзаро маслаҳат қилиб, қўмондонларини мажбуран олиб кетишга қарор қилдилар. Унинг тўшагига яқинлашиб, уни ўраб олдилар ва мажбуран кўтариб, унга тайёрланган чодир томон юрдилар. Зобитларнинг кўзлари тинмай ёш тўкарди. Улар қўмондонларининг Расулуллоҳга бўлган севгиси нақадар кучли эканини билардилар. Лекин унинг ёлғиз ўзини ҳам ташлаб кетолмасдилар. Бу воқеа 1919 йилнинг 10 январида содир бўлди.

Фахриддин пошони унга тайёрланган чодирга олиб борганларида минглаб бадавий қўшин аскарларини чодирни ўраб олди. Афсонага айланган бу баҳодирни кўришга муштоқ эдилар улар. У чодирдан чиққанида саҳрони “Фахриддин пошо… Фахриддин пошо..!” деган нидолар қамраб олди.

Иккинчи куни усмоний қўшини Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам масжидлари олдида саф тортди. Ҳар бир аскар кириб, Расулуллоҳнинг қабрларини зиёрат қилар ва йиғлаб чиқарди. Кўз ёши тўкмаган бирор киши қолмади.

1919 йилнинг 13 январь куни бадавий қўшинлар шартномага кўра Мадинага кирдилар. Мондарос шартномаси имзоланганидан 72 кун ўтиб, усмоний баҳодир Мадинада таслим бўлди. Фахриддин пошо инглизлар томонидан уруш асири каби ҳибсга олинди. Уч йилга Мальтага жўнатилди. Анқара ҳукуматининг ҳаракати билан 1921 йилда Мальтадан қутулди.

Дарҳол Туркия парламенти томонидан Кобул элчиси қилиб тайинланди. У Туркия ва Афғонистон алоқалари риволанишида муҳим рол ўйнади. 1948 йилда вафот этди ва Истанбулда дафн этилди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!