Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Бадр жанги номи берилган масжид

1237

Шу кунларда юртимиз бўйлаб кўплаб янги масжидлар қурилмоқда, эскилари эса таъмирланмоқда. Шундай масжидлардан бири Тошкент шаҳри Миробод тумани, Сарикўл маҳалласи, Фидойилар кўчаси 26-уйда жойлашган «Ал-Бадр» жоме масжидидир.


Ҳозирда бу масжиднинг эски биноси буткул бузилиб, ўрнида шарқона услубда янги масжид қурилмоқда. Масжиднинг эски биноси олдин маҳалла нуронийлари йиғилиб, суҳбат қурадиган жой бўлган. Унинг ёнида новвойхона ва кейинчалик маҳалла раисининг фуқароларни қабул қиладиган хонаси ҳам ўрин олган. Ушбу жой масжид сифатида 1992 йил 22 октябрда №025 рақам билан Тошкент шаҳар Адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтказилган. 1996 йилда масжид ҳашар йўли билан  қайта таъмирланиб, унга жоме масжид мақоми берилган. 
Бу масжид тарихи, номланиши ўзига хос воқеликка эгадир. Шу масжид атрофида узоқ йиллардан бери яшаб келаётган отахонларнинг айтишича, Сарикўл маҳалласи қадимда кўл ва қудуқлар жойлашган ер бўлган, айнан ҳозирги масжид ўрнида «Бадр» деб номланган қудуқ бўлиб, кейинчалик қудуқ колхозлаштириш даврида кўмилиб йўқ бўлиб кетган, аммо “Бадр” номи сақланиб қолган. Лекин аслида ундай эмаслиги, масжиднинг “Ал-Бадр” деб номланиши Бадр жанги номи билан боғлиқ экани ҳақида маҳалла оқсоқоллари таъкидлаб ўтди. Бу борада Миробод тумани бош имоми ва  “Ал-Бадр” масжиди очилгандан буён имомлик қилиб келаётган Одилжон домла Холмуродов шундай фикр билдирди: 

“Ўша даврда масжид номи Бадр жанги номидан олинган деган гап баъзи инсонларга ёқмаганлиги сабабли бу ном тарихи эски қудуқ номи билан боғланган. Аслида Бадр жангидаги шижоат, матонат масжидга келувчиларда ҳам акс этиши ният қилинган. Шунингдек масжид қурилиб, ишга тушган куни ой бадр тўлин ойи сингари қиёфа касб этган”.

Масжиднинг эски биноси бор-йўғи 150 кишига, таҳоратхонаси эса тўрт кишига мўлжалланган бўлган. Масжид кичик бўлишига қарамасдан ичида ихчамгина китобхона бўлиб, китобларни асосан маҳалла зиёлилари эҳсон қилган. Ҳайит ва жума намозлари вақтида асосан намозхонлар масжид ташқарисида, йўл устида намоз ўқишган. 

Масжиднинг янги биноси ертўла, хонақо, таҳоратхона ва масжид ходимларининг хоналаридан иборат бўлиб, жами мингта намозхонга мўлжалланган. Масжид хайрия йўли билан қурилаётганлиги сабабли имкон қадар тежамкорлик асосида иш олиб борилмоқда. Ҳатто қурилиш жараёнида кўп маблағ кетишини инобатга олиб, масжидга алоҳида миноралар қуришдан воз кечилган, бунга кетадиган маблағ таҳоратхона қуришга йўналтирилган. 

Масжид имомининг таъкидлашича, қурилиш жараёнида сарф қилинаётган маблағларнинг барчаси – ҳатто усталар, техникалар ҳам хайрия йўли билан жалб қилинган. Масжиднинг ҳозирда қурилиш бўлаётган жойи ҳам кенгайтирилмаган, шунинг учун масжидда ҳовли бўлмайди. (Масжид атрофида жойлашган аҳоли ўз уйларининг масжид майдонига қўшилиши учун имкон қадар арзон нархларда сотишга тайёр, аммо масаланинг молиявий томонини ҳал қилишдаги муаммолар туфайли, кичик бўлса-да, шу жойнинг ўзида масжид қурилиши бошланган).

«Бизнинг масжид харитадан қаралганда, поезд вокзали ва аэропортга энг яқин жойлашган масжиддир. Четдан келган мусофирлар ҳам аввало яқин деб бизнинг масжидга келишади. Меҳмонлар олдида масжидимиз эскилигидан, кичиклигидан эмас, таҳоратхонамизнинг қулай эмаслигидан уялардик. Энди янги масжидда бу қулайликлар бўлади», – деди маҳалла оқсоқоли Аҳмаджон бобо.

Янги қурилаётган масжидда мусофир аёллар таҳорат қилиши ва намоз ўқиши учун алоҳида шароитлар қилиш ҳам кўзда тутилган. “Ал-Бадр” масжиди қурилиши кейинги йил Рамазон ойида тугатилиши ва масжид ўз фаолиятини бошлаши режалаштирилган.

Масжид имоми Одилжон домла Холмуродов бошчилигида масжиднинг алоҳида телеграм канали ҳам йўлга қўйилган. Бу каналда масжид фаолияти билан биргаликда кўплаб илмий мақолалар ва янгиликларни кузатиб бориш мумкин. “Ал-Бадр” масжиди Тошкент шаҳрининг Миробод тумани, Сарикўл маҳалласи,  Фидойилар кўчаси, 26-уйда жойлашган.

Масжид имоми билан қуйдаги телефон рақами орқали боғланишингиз мумкин: +998 99 020 00 72. 

Ҳозир қайта қуриш ишлари давом этаётгани боис масжид фаолият тўхтатилган. Шуни инобатга олган ҳолда намозхонларга бошқа масжидларга боришни тавсия қиламиз. Аммо масжид ёнида жойлашган «Ал-Бадр масжиди китобхонаси» китобхонлар учун доимо очиқ. 


P.S. Ҳурматли кузатувчилар! Azon.uz янги лойиҳа устида иш бошлади. Энди юртимиздаги барча масжидлар тарихи, суратлари, ижтимоий тармоқдаги каналлари, жойлашган манзили ва айни кунларда фаолият кўрсатаётганлиги ёки таъмирлаш жараёнида эканлиги ҳамда бош имоми, билан боғланиш мумкин бўлган телефон номерлар ҳақида маълумотлар бериб борилади. Сизда ҳам ўз масжидингиз тарихи ҳақида қизиқарли маълумотлар бўлса, @masjidlar_bot юборинг.

Нурбек Ғофуров

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага