Илм

Бағрикенглик эмас, балки адолатдир! 

2577

Динлараро муносабатларда кейинги пайтда ишлатиш урф бўлган “диний бағрикенглик” тушунчаси ва сўз бирикмасига бироз эътироз бор. Чунки бу сўз бирикмаси исломга ҳам инсоф қилмайди ва аҳли зимматга ҳам ҳурмат кўрсатмайди. Бу фикримни тушунтиришга ҳаракат қиламан. “Бағрикенглик” араб тилидаги “тасамуҳ” сўзидан олинган бўлиб, у мурувватли бўлиш, илтифот ва шафқат кўрсатиш асносида ҳақдан  кечиш маъносини англатади. Бундай ҳақдан кечиш Аллоҳнинг ҳақларига тегишли ҳукмларда мавжуд. Балки инсон ўзини Аллоҳнинг ҳақлари олдида бағрикенгликнинг, яъни Аллоҳнинг ўз бандаларидан фазли ва эҳсони ила ҳақларидан кечишлигининг кенг майдони узра тургандек кўради. Агар ибодатлар ҳукмларига қарасангиз уларнинг қанчадан қанча рухсат ва ҳақни кечиш билан иҳоталанганини кўрасиз.

(Бунга касаллик ва мусофирликда жума намози фарз, ҳайит намозлари вожиб бўлмаслиги, мусофирликда намоз қаср ўқилиши ва рўза тутиш ихтиёрийлиги, маҳсига масҳ тортиш муддатининг з кунга чўзилиши, ёки сув топилмаганда таяммум қилиниши, киши вафот қилганда Аллоҳдан бўлган намоз, рўза каби қарзлари унинг қолдирган молидан адо қилинмаслиги каби ва булардан бошқа минглаб масалалар мисол бўлади. Зеро Аллоҳ таоло:      لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا    “Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди). 

Бундан ташқари инсон бу ҳақларни адо қилишдаги хато ва камчиликларида афв ва кечириш умидларига доимо боғланган бўлади. Шундан фуқаҳолар: “Аллоҳнинг ҳақлари бағрикенгликка бино қилингандир”, дейишади. Аммо бандаларнинг ҳақларини белгилаб берадиган ва ўрталарида адолат мезонини қўядиган аҳкомларда бағрикенглик асосларини ўрнатишда маъно йўқдир. Акс ҳолда томонлар ўртасида адолат мезони бузилади. Бунинг сабаби, бундай ҳукмлар ҳуқуқлар ҳимояси ва риояси учун адолатнинг нозик мезонига мувофиқ барпо қилинган. Агар томонларнинг биридан бағрикенглик топилса бунинг натижасида бошқа томондан ноҳақлик ва зулм топилиши керак бўлади. Аҳли зиммат аҳкомлари бир меҳвар доирасида айланади. У ҳам бўлса мусулмон жамияти соясида мусулмонлар ва аҳли китоб ўртасидаги мумомалот ва муошаротда адолат кафолатларини мустаҳкамлашдир.

Яъни, аҳли зиммат аҳкомларидан ҳар бир ҳукмда мусулмон ва китобийларнинг ҳар бири учун адолат қарор топиши риоя қилинган. Агар бу ҳукмларда мусулмонлар фойдасига бағрикенглик киритилса китобийларга ноҳақлик ва зулм қилинган бўлади. Агар уларда китобийлар манфаати учун бағрикенгликка риоя этилса, бу ҳолда мусулмонларга адолатсизлик қилинган бўлади. Тўғри, бандаларнинг ўзаро ўрталаридаги ҳақларини белгилаб берадиган ҳуқуқларда бағрикенглик тушунчаси мавжуд.

Бу тушунча битта маънодагина ворид ва маъқулдир. У ҳам бўлса Аллоҳ таолонинг ҳар бир шахснинг ўзга томон бўлган ҳуқуқида бағрикенг ва илтифотли бўлишга тавсиясидир. Аммо бу хусусда мажбурий аҳкомлар жорий қилмаган. Чунки бағрикенглик қачон ихтиёрий юзага чиққандагина ўзининг ҳақиқий маъносини ифодалайди. Аммо бу тўғрида мажбурий ҳукмларнинг жорий қилиниши айни зулмнинг ўзидир. 

Сўзимиз тушунарли бўлиши учун мисол келтираман, шориъ олди сотди, қарздорлик масалаларидан иборат молиявий таомул доирасида мажбурий ҳукмларни жорий қилган. Бунда ҳамма томонга адолатни кафолатлаган ва бағрикенглик, ҳамда олийжаноблик асосларидан узоқда бўлган ҳуқуқлар мажмуъини машруъ этган. Лекин одамларга ахлоқий асосларни баён этганда барчага олийжаноблик ва мурувватли бўлишни тавсия этади. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Сотганда мурувватли бўлган, олганда мурувватли бўлган, қарзни тўлаганда мурувватли бўлган ва қарзини ундирганда мурувватли бўлган кишини Аллоҳ раҳмат қилсин”, дедилар. Демак, мусулмонлар билан китобийларнинг алоқаларини тартибга соладиган ҳукмларни бағрикенглик сифати билан тавсифлаш ҳеч бир ҳолда тўғри бўлмайди. Агар шундай қилинса бу бир вақтнинг ўзида зулм ва ноҳақлик  деб ҳам аталади.

Чунки баъзи бандаларнинг ҳуқуқларида мажбурий бағрикенглик бошқаларининг ҳақларини зоеъ қилиш эвазига юзага чиқади. Бизнинг “Аҳли зиммат аҳкомларини бағрикенгликда сифатлаш исломга инсоф қилмаслик”, деган сўзимизнинг тасдиғи мана шудир. Бу иборанинг аҳли зимматга ҳурмат кўрсатмаслигига келсак, эҳсон кийими кийдирилган ва олийжаноблик, мурувват бўёғи билан бўялган бундай муомалотдан, у қай даражада олий ва адолатли бўлмасин, уларнинг ҳам жирканиш ва хафа бўлишга ҳақлари бордир. Чунки инсон қандай бўлмасин иззат нафсли қилиб яратилган.

Аллоҳ бу тўғрида шундай марҳамат қилади:    وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا     “Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда — қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик.” (Исро сураси, 70-оят).

Аллоҳ азза ва жалланинг инсонни икром қилиши самараси бўлмиш энг муҳим мукаррамлик эҳсон миннатлари ва раҳмат Фиқҳ ва ислом мероси китобларида ислом ҳукмлари ва қонунлари доирасида “бағрикенглик” истилоҳини қанчалик изламайлик бу йўналишда ҳеч қандай муваффақиятга эришмаймиз. Тўғри, исломнинг одамларга ихтиёрий бағрикенгликка бўлган тавсиялари ахлоқий асослар ва қадриятлар ҳақида сўзланганда кўп бор такрорланади. Фақат бугунга келибгина ислом ҳукм ва қонунларидаги инсонийлик маъноларини бўрттириш мақсадида айрим ёзувчи ва тадқиқотчилар тилларида ушбу калима такрорлана бошлади. Ваҳоланки, бу калима ёки бирикма инсон ҳуқуқлари, яъни инсонларнинг ўзаро адолатли ҳаёт кечириш усулларини белгилаб берган  ҳуқуқларнинг баёнини ўз ичига олган ҳукмлар доирасида ҳеч қандай маънони ифодаламайди.

Унда Қонунлар эгаси Аллоҳнинг инсонларнинг инсонийлигига эҳтимоми, уларга ўта меҳрибонлиги намоён бўлган маълум ҳукмларни қандай ном билан атаймиз, деган савол туғилади. Бу ҳукмларни адолат деб номлаймиз, инсонийлик деб атаймиз. Чунки у ҳукмларнинг ҳақиқати ва воқеълигига ана шу васфлар мувофиқ. Чунки адолат – ҳамма бир хил даражада эришадиган ва унга эришиш асносида бир тараф бошқасига миннат ёки имтиёз даъвосини қилолмайдиган ҳақдир. Фикримизнинг хулосаси ўлароқ шундай деймиз: Аҳли зиммат ва улар ҳукмидаги кишиларга исломнинг олийжаноб муносабатларини бундан сўнг бағрикенглик деб эмас, балки адолат ёки инсонийлик деб номласак ҳақиқатга яқинлашган бўламиз.

Масалан, Имом Косонийнинг “Бадаиус санаиъ” да зикр қилган: “Зикр қилганларимиздан хамр, чўчқа ва ҳочни сотишдан, гарчи аҳли исломдан кўпчилик яшасада, лекин мусулмонлар ери бўлмаган қишлоқ ёки мавзеларда қўнғироқ чалишдан манъ этилмайди”. (Бадаиъус санаъи”, 7/113) жумлалари ислом бағрикенглиги эмас, балки унинг адолати ёки инсонийлиги ифодасидир.


Мубашшир Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Имон, Ислом, эҳсон

739 15:00 25.06.2020

Мубашшир Аҳмад: "Коррупция қандай йўқолади?!"

1037 02:40 11.05.2020

Аёл киши ўз эрига нима деб мурожаат қилиши керак?

7751 17:50 09.05.2020

Бева аёлнинг жаннатга кириши осонми?

1665 10:30 29.04.2020

Муҳкам ва муташобиҳ оятлар ҳақида...

1207 19:00 28.04.2020

"Бу иттифоққа бекор яқинлашдик..."

6336 18:00 28.04.2020
« Орқага