Илм

Балоғат ва мукаллафлик

512

“Балоғат” сўзи луғатда “бориш”, “етиш” маъносини англатади. Бола балоғатга етди, деганда эҳтилом ёшига етиб, мукаллаф бўлиши назарда тутилади (изоҳ: мукаллаф бўлиш шаръий буйруқларни бажариш, қайтариқлардан тийилиш ёшига етишдир).

Инсонда болалик даври тугаб, шаръий буйруқ ва қайтариқларни бажариш лозим бўлиши балоғатга етиш саналади.

Бола (ўғил бўлсин, қиз бўлсин) балоғатга етганининг бир қанча белгилар бор. Жумладан:

1. Эҳтилом. Бола тушида жинсий алоқани кўриб, маний чиқариб юбориши “эҳтилом” дейилади.

2. Қовуқ остидан тук чиқиши. Яъни бола жинсий аъзоси атрофида туклар чиқса, балоғатга етган ҳисобланади.

Қиз бола ҳайз кўра бошлаши билан балоғат ёшига етган бўлади. Ҳайз кўриши қиз бола балоғатга етганининг асосий белгисидир. Шунингдек, қўлтиқ остидан тук чиқиши, овоз йўғонлашиши, мўйлаб ўсиши, қиз болалар кўкраги бўртиб чиқиши ҳам балоғат аломатларидандир.

Бола балоғатга етганини аниқлаш учун юқоридаги белгиларга қаралади. Агар мазкур аломатлар кўринмаса, унда ёш билан аниқланади.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида ўғил бола ўн саккиз ёшга, қиз бола ўн етти ёшга тўлганида балоғатга етган бўлади.

Абу Юсуф ва Муҳаммадга кўра, ўғил бўлсин, қиз бўлсин, ўн беш ёшга тўлганидан кейин балоғатга етган саналади.

Ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра, ўғил бола қамарий ҳисобда ўн икки, қиз бола тўққиз ёшга тўлмалгунича балоғатга етган деб ҳукм чиқарилмайди. Яъни қиз бола тўққиз ёшидан, ўғил бола ўн икки ёшидан кейин балоғатга ета бошлайди. Бу ҳолат ҳар кимда турлича бўлиши мумкин (“Ал-мавсуатул фиқҳия ал-кувайтия”).

Бола балоғатга етганидан кейин мукаллаф ҳисобланади. Энди унинг зиммасига шаръий буйруқларни бажариш, қайтариқлардан тийилиш юкланади, қилган ишига ўзи жавобгар бўлади, номаи аъмолига савоблари ҳам, гуноҳлари ҳам ёзилади.

Бу масалада бир қанча ривоятлар келтирилган.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Жума куни ғусл қилиш балоғатга етган ҳар бир (банда)га вожибдир” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).

Бола эҳтилом кўрса, вояга етган бўлади. Балоғатга етган ҳар бир банда жума куни ғусл қилиши яхшидир. Жумҳур уламолар бу бобда келган бошқа ривоятларни ҳам ўрганиб чиқиб: “Жума куни ғусл қилиш вожиб эмас, мустаҳабдир”, дейишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ ҳайз кўриш ёшига етган аёлнинг намозини химорсиз қабул қилмайди” (Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад ривояти. Ҳадис санади ҳасан).

Химор аёлнинг бошини, бўйнини ёпадиган, елкаларига, орқасига тушиб турадиган ёпинчиқдир.

Ҳадисга кўра, ҳайз ёшига етган аёл намозда авратини беркитиши шарт. Шунингдек, ҳайз кўриш қиз бола балоғатга етганидан дарак беради. Аёл балоғатга етса (намоздами, намоздан ташқаридами), юзи, икки кафти, икки қадамидан бошқа барча тана аъзоларини номаҳрамлардан беркитиши вожибдир (Бадриддин Айний Ҳанафий, “Шарҳу сунани аби довуд”).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч (тоифа)дан қалам кўтарилган. (Булар:) Ухлаётган одамдан то тургунича, ақл-ҳушини йўқотгандан то тузалгунича, ёш боладан то катта бўлгунича”, деганлар (Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

Бу ердаги “қалам кўтарилиши” мукаллаф эмасликни билдиради. Яъни ухлаб ётган одам, мажнун, ёш бола қилган ёки тарк этган ишига масъул эмас. Қачон уйқудан уйғонса, ақл-ҳуши жойига келса, ёш бола балоғатга етса, шунда қилмишига гуноҳ ёзилади, шариат талаб этган амалларни бажариши вожиб бўлади.

Ёш бола балоғатга етганидан кейин (агар оқил, яъни ақл-ҳуши жойида бўлса,) фарз, вожиб амалларни бажариши (масалан, кунда беш маҳал намоз ўқиши, рамазон ойи рўзасини тутиши, ҳаж қилиш), ҳаром ишлардан сақланиши шарт. Балоғатга етса, қилган савобли амаллари ҳам, гуноҳлари ҳам ўзининг номаи аъмолига ёзилади, содир этган ишига ўзи жавоб беради, унга нисбатан шаръий жазо қўлланиши мумкин. Унгача мукаллаф эмас. Балоғатга етмасидан аввал ҳам бирон ножўя иш қилиб қўйса, адаб бериш мақсадида енгил тарзда тергаб қўйилади.

Бола балоғатга етмасидан аввал уни солиҳ амалларга ундаш, ҳаром ишлардан тийилишга чақириш, “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимаси айтишни, турли дуоларни, зикрларни ўргатиш, Қуръон ёдлатиш мумкин. Шунда бола ёшлигидан исломий одоб-ахлоқни ўрганади, ибодатларни бажаришга, ёмон ишлардан сақланишга кўникма ҳосил қилади.

Зиёвуддин Раҳимнинг “Ислом ақидаси” китобидан.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жанубий Корея қандай юксалди?

499 21:00 12.10.2019

Олимларнинг аҳволи ўта хатарли

576 09:05 12.10.2019

Япония қандай юксалди?

742 22:05 11.10.2019

Султонга йўл бўлсин...

824 19:05 11.10.2019

Илм бўлмаса, хазора (цивилизация) бўлмайди

422 22:00 10.10.2019

«Қамоқхона мадрасага айланиб кетди...»

6808 21:05 06.10.2019
« Орқага