Илм

Бақара сураси тафсири

443

وَقَالُواْ لَن يَدۡخُلَ ٱلۡجَنَّةَ إِلَّا مَن كَانَ هُودًا أَوۡ نَصَٰرَىٰۗ تِلۡكَ أَمَانِيُّهُمۡۗ قُلۡ هَاتُواْ بُرۡهَٰنَكُمۡ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ

Ва улар: «Жаннатга яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким кирмас», – дедилар. Бу уларнинг хом хаёлларидир. Сиз: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатингизни келтиринг», – деб айтинг.

Яҳудлар ҳам, насоролар ҳам, жаннат фақат бизники, дейишади. Яҳудлар жаннатга фақат яҳудлар киради, десалар, насоролар жаннатга фақат насоролар киради, дейдилар. Бу уларнинг пуч, хом хаёлларидир. Эй Пайғамбар алайҳиссалом, уларга раддия билдириб айтингки, даъвонгизда ҳақ бўлсангизлар, уни тасдиқлайдиган ҳужжатингизни келтиринглар.

بَلَىٰۚ مَنۡ أَسۡلَمَ وَجۡهَهُۥ لِلَّهِ وَهُوَ مُحۡسِنٞ فَلَهُۥٓ أَجۡرُهُۥ عِندَ رَبِّهِۦ وَلَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ

Йўқ! Ким яхшилик қилган ҳолида юзини Аллоҳга топширса, унга Парвардигори ҳузурида ажр бордир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар.

Жаннатга Аллоҳга юзланиб, холис У Зот учун амал қиладиган ва шу ихлоси билан бирга ибодатини Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган кўрсатмаларга тўла мувофиқ тарзда адо этадиган одамларгина киради. Ҳа, қайси тоифадан бўлишининг аҳамияти йўқ. Асосийси амалининг ихлос билан ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши. Уларнинг савоби Парвардигорнинг ҳузуридадир. Уларни охиратда ҳеч қандай хавф кутаётгани йўқ. Улар шу дунёда эриша олмай қолган нарсалари учун хафа ҳам бўлмайдилар. Бу мақом Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб юборилганларидан кейинги мусулмонларгагина насиб этди.

Ҳамма иш Аллоҳнинг қўлида. Шариатини ҳам, ҳукмини ҳам истаганича ўзгартираверади. Истаганини ўз ҳолида қолдиради. Ҳамма иш У Зотнинг илми ва ҳикматига қараб бўлади.

Аллоҳ бу умматни иймон ва Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишдек улуғ неъмат билан сийлади ва хослади. Шунинг учун аҳли китоблар унга жуда қаттиқ ҳасад қиладилар ва олдингидек кофир ҳолига қайтишини истайдилар.

وَقَالَتِ ٱلۡيَهُودُ لَيۡسَتِ ٱلنَّصَٰرَىٰ عَلَىٰ شَيۡءٖ وَقَالَتِ ٱلنَّصَٰرَىٰ لَيۡسَتِ ٱلۡيَهُودُ عَلَىٰ شَيۡءٖ وَهُمۡ يَتۡلُونَ ٱلۡكِتَٰبَۗ كَذَٰلِكَ قَالَ ٱلَّذِينَ لَا يَعۡلَمُونَ مِثۡلَ قَوۡلِهِمۡۚ فَٱللَّهُ يَحۡكُمُ بَيۡنَهُمۡ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ فِيمَا كَانُواْ فِيهِ يَخۡتَلِفُونَ

Яҳудийлар: «Насронийлар арзимас нарсададирлар», – дедилар. Насронийлар: «Яҳудийлар арзимас нарсададирлар», – дедилар. Ҳолбуки, улар китоб тиловат қилурлар. Шунингдек, билмайдиган кимсалар ҳам уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар. Бас, уларнинг ўзаро ихтилоф қилиб ўтган нарсалари ҳақида Аллоҳ қиёмат кунида ҳакамлик қилади.

Яҳудлар насороларнинг дини тўғри эмас, десалар, насоролар яҳудларнинг дини тўғри эмас, дейдилар. Ҳолбуки, ҳар иккиси ҳам Аллоҳ ўзларига нозил қилган китобларни ва уларда битилган беистисно ҳамма пайғамбарларга иймон келтириш ҳақидаги буйруқни ўқийдилар. Бу ишлари билан улар ҳамма пайғамбарларни ҳам, уларга нозил қилинган китобларни ҳам инкор қиладиган, китоб ўқимаган, саводсиз мушрикларга ўхшайдилар. Аллоҳ таоло улар орасидаги ихтилофни қиёмат куни Ўзининг одил ҳукми билан ажрим қилади. Нажот беистисно ҳамма пайғамбарларга иймон келтиришда эканини англатувчи бу одил ҳукмни Раҳмли Зот бандаларига баён қилиб қўйган.

وَمَنۡ أَظۡلَمُ مِمَّن مَّنَعَ مَسَٰجِدَ ٱللَّهِ أَن يُذۡكَرَ فِيهَا ٱسۡمُهُۥ وَسَعَىٰ فِي خَرَابِهَآۚ أُوْلَٰئِكَ مَا كَانَ لَهُمۡ أَن يَدۡخُلُوهَآ إِلَّا خَآئِفِينَۚ لَهُمۡ فِي ٱلدُّنۡيَا خِزۡيٞ وَلَهُمۡ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٞ

Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни бузишга ҳаракат қилгандан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар у жойларга фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари керак эди-ку! Уларга бу дунёда хорлик, охиратда эса улуғ азоб бордир.

Аллоҳнинг масжидларидан одамларни тўсадиган, уларда бўладиган зикр, Қуръон тиловати ва ибодатга қаршилик қиладиган кимсалардан кўра золимроқ одам йўқ. Аслида улар масжидларга қилмишлари туфайли қўрқиб-қалтираб киришлари керак эди. Улар бу дунёда мўминлар тарафидан хор-шарманда қилинадилар, охиратда эса Аллоҳ тарафидан улкан азобга йўлиқадилар.

وَلِلَّهِ ٱلۡمَشۡرِقُ وَٱلۡمَغۡرِبُۚ فَأَيۡنَمَا تُوَلُّواْ فَثَمَّ وَجۡهُ ٱللَّهِۚ إِنَّ ٱللَّهَ وَٰسِعٌ عَلِيمٞ

Машриқ ҳам, мағриб ҳам Аллоҳникидир. Бас, қай тарафга юз бурсангиз, ўша жой Аллоҳнинг тарафидир. Шубҳасиз Аллоҳ (ҳамма томонни) қамраб олгувчи Билимдондир.

Машриқу мағриб ва улар орасидаги ҳамма нарса Аллоҳнинг мулкидир. Бандаларини Ўзи истаган ишга буюради. Қайси тарафга юзлансангизлар, ўша тарафда Аллоҳни топасизлар. Байтул-мақдис ёки Каъба тарафга юзланишга буюрган, холос. Хато қилиб ёки имконсизлиги туфайли бошқа тарафга юзланиб қолсангизлар, зиёни йўқ. Чунки тарафларнинг ҳаммаси Аллоҳники. Аллоҳ бутун халқини Ўз раҳмати ва тавфиқига буркаган, халқининг ниятларини ҳам, амалларини ҳам билиб турадиган буюк Зотдир.

وَقَالُواْ ٱتَّخَذَ ٱللَّهُ وَلَدٗاۗ سُبۡحَٰنَهُۥۖ بَل لَّهُۥ مَا فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۖ كُلّٞ لَّهُۥ قَٰنِتُونَ

Улар: «Аллоҳ фарзанд тутди», – дерлар. У Зот (бундай нуқсондан) покдир. Албатта, осмонлару ердаги барча нарсалар Уникидир. Ҳамма Унга бўйсунувчидир.

Яҳудлар ҳам, насоролар ҳам, мушриклар ҳам Аллоҳнинг боласи бор, дейишади. Аллоҳ бундай нуқсондан пок Зот. У махлуқотларидан беҳожат. Фарзанд тутиш эса болага муҳтожнинг иши. Осмонлару ердаги барча нарса Унинг мулки. Ҳамма халойиқ У зотнинг бўйсунувчи бандалари. Уларни Ўзи истаганидек тасарруф қилади.

بَدِيعُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۖ وَإِذَا قَضَىٰٓ أَمۡرٗا فَإِنَّمَا يَقُولُ لَهُۥ كُن فَيَكُونُ

У осмонлару ерни пайдо қилувчидир. Бирор ишни қилмоқчи бўлганида, унга: «Бўл!» деса, бўлаверади.

Ҳар қандай нуқсондан пок Аллоҳ еру осмонлар ва улар орасидаги нарсаларни йўқдан бор қилди. Аллоҳ бир ишни истаса, "Бўл", дейди ва у Аллоҳ айтганидек бўлади. Унинг фармони ва ҳукмини ҳеч ким рад эта олмайди.

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм
6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм

Муқим Маҳмуд таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аллоҳ айтади: “Агар муваффақият қозонаман десангиз...”

600 19:00 15.11.2019

«Албатта, Аллоҳ имон келтирганларни мудофаа қилур...»  оятининг тафсири қандай?

1279 19:05 09.10.2019

Бақара сураси тафсири

425 15:05 17.09.2019

Бақара сураси тафсири

582 14:05 16.09.2019

Бақара сураси тафсири

491 14:25 10.09.2019
« Орқага