Бақара сураси тафсири

14:25 10.09.2019 395

وَلَقَدۡ أَنزَلۡنَآ إِلَيۡكَ ءَايَٰتِۢ بَيِّنَٰتٖۖ وَمَا يَكۡفُرُ بِهَآ إِلَّا ٱلۡفَٰسِقُونَ

Ҳақиқатан, Биз сизга очиқ-ойдин оятлар нозил қилдик. У (оятларга) фақат фосиқларгина кофир бўладилар.

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Биз сизга сиз олиб келган ваҳий ва пайғамбарликнинг ҳақлигини тасдиқловчи очиқ-ойдин оят-аломатлар нозил қилдик. Бу қадар очиқ, равшан, аниқ кўриниб турган аломатларга Аллоҳнинг динидан қайтганларгина куфр келтирадилар.

أَوَ كُلَّمَا عَٰهَدُواْ عَهۡدٗا نَّبَذَهُۥ فَرِيقٞ مِّنۡهُمۚ بَلۡ أَكۡثَرُهُمۡ لَا يُؤۡمِنُو

Ҳар қачон аҳд қилсалар, улардан бир гуруҳи уни бузаверадими?! Йўқ! Уларнинг кўплари имон келтирмаслар.

Яҳудларнинг энг ёмон қилиқларидан бири қачон аҳдлашсалар, аҳдларини бузаверганлар. Жумладан, улар Тавротга имон келтиришга аҳд қилганлар. Муҳаммад алайҳиссаломнинг пағамбарлиги Тавротда ўз тасдиғини топгач, улардан бир гуруҳи шу аҳдини бузди. Уларнинг бўлгани шу. Аксари Аллоҳ нозил қилган ҳақиқатга имон келтирмайди. Зеро, имон аҳдга вафони тақозо этади.

وَلَمَّا جَآءَهُمۡ رَسُولٞ مِّنۡ عِندِ ٱللَّهِ مُصَدِّقٞ لِّمَا مَعَهُمۡ نَبَذَ فَرِيقٞ مِّنَ ٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡكِتَٰبَ كِتَٰبَ ٱللَّهِ وَرَآءَ ظُهُورِهِمۡ كَأَنَّهُمۡ لَا يَعۡلَمُونَ

Қачон уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларидаги нарсани тасдиқ этувчи пайғамбар келса, китоб берилган кимсалардан бир гуруҳи Аллоҳнинг китобини (Қуръони Каримни) ҳеч нарса билмагандек орқаларига отадилар.

Тавротдаги маълумотларга мувофиқ тарзда Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келганларида улардан бир гуруҳи рисолатдан юз ўгирди ва парво ҳам қилмасдан уни орқаларига отди. Ўзларини қўл остидаги тайёр ҳидоят ва ҳақиқатдан фойдалана билмайдиган, уларга парво ҳам қилмайдиган бир жоҳилдек тутди.

Ҳақиқий мўмин Аллоҳнинг ҳузуридаги ҳақиқий, барқарор неъматдан умидвор бўлади. Шунинг учун ўлимдан қўрқмайди, билъакс, Аллоҳнинг олдига бораётганидан хурсанд бўлади.

Яҳудлар хорлик, ҳақирлик билан бўлса ҳам яшаб қолишга, дунё ҳаётига ҳарис бўлади.

Аллоҳнинг муқарраб дўстларига душманлик қилган одам Аллоҳнинг Ўзига душманлик қилган киши билан баробар.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақиқий пайғамбар экани яҳудларнинг қўлидаги китоб – Тавротда ўз тасдиғини топган бўлишига қарамасдан, улар рисолатдан юз ўгирди.

Илмидан фойдалана билмаган одамни жоҳил дейиш мумкин. Чунки унинг жоҳилдан фарқи қолмайди.

وَٱتَّبَعُواْ مَا تَتۡلُواْ ٱلشَّيَٰطِينُ عَلَىٰ مُلۡكِ سُلَيۡمَٰنَۖ وَمَا كَفَرَ سُلَيۡمَٰنُ وَلَٰكِنَّ ٱلشَّيَٰطِينَ كَفَرُواْ يُعَلِّمُونَ ٱلنَّاسَ ٱلسِّحۡرَ وَمَآ أُنزِلَ عَلَى ٱلۡمَلَكَيۡنِ بِبَابِلَ هَٰرُوتَ وَمَٰرُوتَۚ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنۡ أَحَدٍ حَتَّىٰ يَقُولَآ إِنَّمَا نَحۡنُ فِتۡنَةٞ فَلَا تَكۡفُرۡۖ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنۡهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِۦ بَيۡنَ ٱلۡمَرۡءِ وَزَوۡجِهِۦۚ وَمَا هُم بِضَآرِّينَ بِهِۦ مِنۡ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذۡنِ ٱللَّهِۚ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمۡ وَلَا يَنفَعُهُمۡۚ وَلَقَدۡ عَلِمُواْ لَمَنِ ٱشۡتَرَىٰهُ مَا لَهُۥ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ مِنۡ خَلَٰقٖۚ وَلَبِئۡسَ مَا شَرَوۡاْ بِهِۦٓ أَنفُسَهُمۡۚ لَوۡ كَانُواْ يَعۡلَمُونَ

Ва Сулаймон давридаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашдилар. Сулаймон куфр келтирмаганди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар куфр келтиргандилар. Ва Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашдилар. – Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз, бас, кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. — Улардан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсаларни ўрганадилар. (Лекин) сеҳр билан Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Улар ҳеч фойдасиз, билъакс, зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. Жонларини нақадар ёмон нарсага сотганларини билсалар эди.

Аллоҳнинг динини тарк қилганларидан кейин унинг ўрнига Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон давридаги шайтонлар тўқиб чиқарган хурофотга эргаша бошладилар. Сулаймоннинг подшоҳлиги сеҳр билан мустаҳкам бўлган, деб ўйладилар. Аслида эса яҳудлар ўйлаганидек, Сулаймон сеҳр билан шуғулланиб, куфр келтирмаганди. Балки шайтонлар одамларга сеҳрни, Ироқда жойлашган Бобил шаҳридаги икки фаришта Ҳорут ва Морутга тушган жодуни ўргатиб, куфр келтиргандилар. Аслида бу икки фаришта одамларни синаш, имтиҳон қилиш учунгина туширилганди. Улар ўргатишдан олдин “биз синов ва имтиҳонмиз, сеҳрни ўрганиб, кофирга айланиб қолма”, дея огоҳлантирарди. Уларнинг насиҳатини олмаганлар эр билан аёли ўртасига адоватни экиб, уларни ажратиб юборадиган жодуни ўрганарди. Аммо бу сеҳргарлар Аллоҳнинг изнисиз, хоҳиш-иродасисиз ҳеч кимга таъсир қила олмайди. Улар ўзларига фойда келтирадиган эмас, зарар қиладиган илмни ўрганарди. Ҳолбуки, яҳудлар Аллоҳнинг китоби эвазига сеҳрни алмаштириб оладиган кимсалар учун охиратда ҳеч қандай насиба бўлмаслигини жуда яхши биларди. Ўзларини ўзлари нақадар ёмон нарсага сотди. Аллоҳнинг ваҳийси ва шариатидек покиза, буюк мақомни сеҳрдек тубан, қабиҳ матоҳга алмаштириб ўтирибдилар-а. Фойда-зарарни ажрата олганларида эди, бу қадар қабиҳ ишга, очиқ залолатга қадам босмаган бўлардилар.

وَلَوۡ أَنَّهُمۡ ءَامَنُواْ وَٱتَّقَوۡاْ لَمَثُوبَةٞ مِّنۡ عِندِ ٱللَّهِ خَيۡرٞۚ لَّوۡ كَانُواْ يَعۡلَمُونَ

Имонга келиб тақво қилганларида Аллоҳ тарафидан бўладиган савоб, албатта, яхшироқ бўлишини билсалар эди.

Яҳудлар Аллоҳга ҳақиқий имон келтириб, буйруқларини бажариб, тақиқларидан тийилганларида эди, Аллоҳнинг савоби улар эришган нарсалардан анча яхшироқ бўларди, фойда-зарарни ажрата билганларида.

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَقُولُواْ رَٰعِنَا وَقُولُواْ ٱنظُرۡنَا وَٱسۡمَعُواْۗ وَلِلۡكَٰفِرِينَ عَذَابٌ أَلِيمٞ

Эй мўминлар, «Роъино» деманг. «Унзурно» денглар. Ва (Аллоҳнинг амр-наҳий-фармон-тақиқларига) қулоқ солинг! Кофирлар учун аламли азоб бор.

Аллоҳ таоло мўминларни фикрни ифодалашда чиройли шакл танлашга йўллаяпти. Эй мўминлар, «Роъино» деманг, яъни аҳволимизни риоя қилгин. Чунки бу сўз ҳақорат маъносини ҳам англатиб, яҳудлар Пайғамбар алайҳиссаломга шу сўзни айтаётганларида айнан ўша ҳақорат маъносини назарда тутарди. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу сўзни ишлатишдан қайтарди ва бандаларини унинг ўрнига, айтган гапингизни тушуниб олгунимизча кутиб туринг, деган маънодаги "унзурна" сўзини ишлатишга буюрди. Бу сўзда эҳтиёт бўлиниши керак бўлган маъно йўқ. Аллоҳга кофир бўлганлар учун аламли азоб бордир.

مَّا يَوَدُّ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ مِنۡ أَهۡلِ ٱلۡكِتَٰبِ وَلَا ٱلۡمُشۡرِكِينَ أَن يُنَزَّلَ عَلَيۡكُم مِّنۡ خَيۡرٖ مِّن رَّبِّكُمۡۚ وَٱللَّهُ يَخۡتَصُّ بِرَحۡمَتِهِۦ مَن يَشَآءُۚ وَٱللَّهُ ذُو ٱلۡفَضۡلِ ٱلۡعَظِيمِ

Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган кофирлар сизларга Раббингиз тарафидан бир яхшилик туширилишини ёқтирмаслар. Ҳолбуки, Аллоҳ Ўз раҳматини кимга хоҳласа, ўшанга хос қиладир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.

Аҳли китоб бўладими, мушрик бўладими, кофирлар сизларга Парвардигорингиз тарафидан озми-кўпми, бирон яхшилик нозил қилинишини истамайдилар. Аллоҳ эса пайғамбарлик, ваҳий ва имон каби неъматларини Ўзи истаган одамига ато этади. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир. Қайси бир махлуққа қандай яхшилик етган бўлса, у Аллоҳдандир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг юборилиши ҳам, Қуръоннинг нозил қилиниши ҳам Ўша Зотнинг фазлу карамидандир.

Яҳудлар Аллоҳнинг пайғамбарларига ўта одобсиз муомалада бўлган. Ҳатто Сулаймон алайҳиссаломни сеҳр қилади, дейишдан ҳам тоймаган. Аллоҳ у кишини оқлаб, яҳудларнинг ёлғонларини фош этган.

Сеҳр ҳақиқатан ақлга ва баданга таъсир қилади. Сеҳргар кофирдир ва унинг ҳукми қатлдир.

Аллоҳнинг мулкида бирон бир яхшилик ё ёмонлик Унинг илми ва изнисиз содир бўлмас.

Жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш шариат мақсадларидандир. Фасодга олиб борадиган ҳар қандай сўз ва амалдан йироқ туриш лозим.

Фазл Аллоҳнинг қўлида. Ўз раҳмати ва ҳикмати ила уни Ўзи истаган бандасига хослаб беради.

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм
6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм

Муқим Маҳмуд таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!