Илм

Бақара сураси тафсири

472

۞وَإِذِ ٱبۡتَلَىٰٓ إِبۡرَٰهِۧمَ رَبُّهُۥ بِكَلِمَٰتٖ فَأَتَمَّهُنَّۖ قَالَ إِنِّي جَاعِلُكَ لِلنَّاسِ إِمَامٗاۖ قَالَ وَمِن ذُرِّيَّتِيۖ قَالَ لَا يَنَالُ عَهۡدِي ٱلظَّٰلِمِينَ

Эсланг: Иброҳимни Парвардигори бир неча сўзлар билан имтиҳон қилганида, уларни бенуқсон ҳолда адо этди. Шунда (Аллоҳ таоло): «Албатта, Мен сени одамларга имом қилгувчидирман», деди. «Зурриётимни ҳам-а?» деб сўради у. (Аллоҳ таоло) айтди: «Менинг бу аҳдим золим кимсаларга етмайди».

Эсланг! Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломни имтиҳон қилиш учун вазифалар берганди ва у киши берилган вазифаларни мукаммал тарзда адо этганди. Шунда Аллоҳ у кишига: "Мен сени одамларга намуна қиламан, ҳамма сенинг ахлоқинг ва ишларингдан ўрнак оладиган бўлади", деди. Иброҳим алайҳиссалом: "Павардигоро, зурриётимдан ҳам одамларга ўрнак бўладиган бир намуна қилгин", деб дуо қилди. Бунга жавобан Аллоҳ: "Раҳбар-намуна қилиш борасидаги аҳдимга зурриётингдан золимлари эриша олмайди", деди.

وَإِذۡ جَعَلۡنَا ٱلۡبَيۡتَ مَثَابَةٗ لِّلنَّاسِ وَأَمۡنٗا وَٱتَّخِذُواْ مِن مَّقَامِ إِبۡرَٰهِۧمَ مُصَلّٗىۖ وَعَهِدۡنَآ إِلَىٰٓ إِبۡرَٰهِۧمَ وَإِسۡمَٰعِيلَ أَن طَهِّرَا بَيۡتِيَ لِلطَّآئِفِينَ وَٱلۡعَٰكِفِينَ وَٱلرُّكَّعِ ٱلسُّجُودِ

Эсланг: «Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик ва Иброҳимнинг турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг, (дедик) ва Иброҳим билан Исмоилга: «Менинг байтимни тавоф қилгувчилар, ибодат қилиб турувчилар, рукуъ-сажда қилувчилар учун пок тутинг», деб буюрдик.

Эсланг! Аллоҳ Байтул-ҳаромни одамлар тавоф қиладиган маскан қилди. Одамларнинг қалбларини унга ошуфта қилиб қўйди. Уни кўрмаган кўргунча, кўрган ўлгунча қўмсайдиган бўлиб қолди. Тинчлик-омонлик ошёни бўлдики, унда тажовуз қилиш ман қилинди. Одамларга Каъбани қураётган Иброҳим оёғи остидаги тошни намоз учун бир макон қилиб олинглар, деди. Иброҳим ва унинг ўғли Исмоилга Байтул-ҳаромни ахлатлардан, бутлардан тозалаб, тавоф, эътикоф ва ибодат учун келадиганларга тайёрлаб қўйишни тайинладик.

وَإِذۡ قَالَ إِبۡرَٰهِۧمُ رَبِّ ٱجۡعَلۡ هَٰذَا بَلَدًا ءَامِنٗا وَٱرۡزُقۡ أَهۡلَهُۥ مِنَ ٱلثَّمَرَٰتِ مَنۡ ءَامَنَ مِنۡهُم بِٱللَّهِ وَٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِۚ قَالَ وَمَن كَفَرَ فَأُمَتِّعُهُۥ قَلِيلٗا ثُمَّ أَضۡطَرُّهُۥٓ إِلَىٰ عَذَابِ ٱلنَّارِۖ وَبِئۡسَ ٱلۡمَصِيرُ

Эсланг: Иброҳим: «Эй Парвардигор, бу шаҳарни тинч шаҳар қилгин ва унинг аҳлларидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларини турли мевалар билан ризқлантиргин», деганида, Аллоҳ таоло: «Кофирларини ҳам бироз фойдалантириб, сўнгра дўзах азобига дучор қиламанки, бу энг ёмон оқибатдир», деди.

Эй Муҳаммад алайҳиссалом, эсланг! Иброҳим Парвардигорига дуо қилиб: "Парвардигоро, Маккани тинч-осуда шаҳар қилгин, у ерда ҳеч ким ёмонликка йўлиқмасин, аҳолисидан Сенга ва охират кунига иймон келтирганларини турли хил мевалар билан ризқлантиргин", деганида Аллоҳ таоло: "Кофир бўлганларига ҳам шу дунёда оз муддатга ризқ беравераман, охиратда эса дўзах азобига гирифтор қиламан, унинг қиёмат кунида борадиган жойи нақадар ёмон жой", деганди.

Мусулмонлар яҳудлар ва насороларга ҳар қанча яхшилик қилмасинлар, то диндан чиқиб, уларнинг залолатларига эргашмагунларича барибир рози бўлмайдилар.

Диндаги пешқадамликка соғлом имон ва Аллоҳ таолонинг фармонларини бажариш йўлидаги тўсиқларга, озорларга сабр қилиш билан эришилади.

Иброҳим алайҳиссаломнинг муборак шаҳар ҳаққига қилган дуоси нақадар баракали бўлди. Аллоҳ уни одамлар учун тинч-осуда шаҳар қилди, аҳолисини турли хил мевалар билан ризқлантирди.

وَإِذۡ يَرۡفَعُ إِبۡرَٰهِۧمُ ٱلۡقَوَاعِدَ مِنَ ٱلۡبَيۡتِ وَإِسۡمَٰعِيلُ رَبَّنَا تَقَبَّلۡ مِنَّآۖ إِنَّكَ أَنتَ ٱلسَّمِيعُ ٱلۡعَلِيمُ

Эсланг: Иброҳим Исмоил билан биргаликда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтариб (дедилар): «Парвардигоро, биздан (ушбу қилган амалимизни) Ўзинг қабул айла. Шубҳасиз, Сен эшитгувчи, билгувчисан!

Эй Муҳаммад алайҳиссалом, эсланг! Иброҳим ва Исмоил Каъба устунларини кўтараётиб: "Парвардигоро, биздан амалларимизни, жумладан, шу уйни қураётганимизни қабул қил, Сен дуоларимизни ижобат қиладиган, ниятларимизни ҳам, амалларимизни ҳам билиб турган Зотсан", дегандилар.

رَبَّنَا وَٱجۡعَلۡنَا مُسۡلِمَيۡنِ لَكَ وَمِن ذُرِّيَّتِنَآ أُمَّةٗ مُّسۡلِمَةٗ لَّكَ وَأَرِنَا مَنَاسِكَنَا وَتُبۡ عَلَيۡنَآۖ إِنَّكَ أَنتَ ٱلتَّوَّابُ ٱلرَّحِيمُ

Парвардигоро, бизни Ўзингга бўйинсунгувчилардан қилгин ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга итоат қиладиган кишилар чиқаргин. Ва бизга (қиладиган) иборатларимизни ўргатгин ва тавба-тазарруларимизни қабул эт! Шубҳасиз, Сен тавбаларни қабул қилгувчи, Раҳмлисан.

Парвардигоро, бизни амрингга бўйсунадиганлардан, сенга ҳеч кимни шерик қилмайдиганлардан қилгин. Зурриётимиздан ҳам Ўзингга таслим бўладиган авлодни насиб этгин. Бизга қандай ибодат қилиш йўлларини кўрсатгин. Тоат-ибодатларимиздаги айбу нуқсонларимизни кечиргин. Сен бандаларингдан тавбаларини қабул қиладиган Раҳмли Зотсан.

رَبَّنَا وَٱبۡعَثۡ فِيهِمۡ رَسُولٗا مِّنۡهُمۡ يَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِكَ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡحِكۡمَةَ وَيُزَكِّيهِمۡۖ إِنَّكَ أَنتَ ٱلۡعَزِيزُ ٱلۡحَكِيمُ

Парвардигоро, уларнинг орасига ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва Ҳикматни (Қуръон ва Ҳадисни) ўргатадиган ва уларни поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Шубҳасиз, Сен қудрат ва ҳикмат соҳибисан».

Парвардигоро, Исмоил зурриётига ўзларининг орасидан бир пайғамбар юборгинки, уларга Ўзинг нозил қилган оятларингни тиловат қилиб берсин, Қуръон ва суннатни ўргатсин ҳамда уларни ширк ва разолатдан покласин. Сен Кучли, Ғолиб ва ҳар бир ишингни ва ҳукмингни ҳикмат билан қиладиган Ҳаким Зотсан.

وَمَن يَرۡغَبُ عَن مِّلَّةِ إِبۡرَٰهِۧمَ إِلَّا مَن سَفِهَ نَفۡسَهُۥۚ وَلَقَدِ ٱصۡطَفَيۡنَٰهُ فِي ٱلدُّنۡيَاۖ وَإِنَّهُۥ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ لَمِنَ ٱلصَّٰلِحِينَ

Иброҳимнинг динидан фақат енгилтакларгина юз ўгирадилар. Ҳақиқатан, Биз дунёда уни танлаб олдик ва у охиратда шубҳасиз солиҳ (яқинларимиздан)дир.

Иброҳим алайҳиссаломнинг динидан ўзига жабр қилиб, ҳақиқат ўрнига залолатни, азизлик турганда хорликни танлаган бефаросат, калтафаҳмгина юз ўгиради. Биз уни бу дунёда пайғамбар ва дўст қилиб танладик, охиратда эса у Аллоҳ топширган вазифани адо этиб, олий мартабаларга эришган солиҳлар қаторидан жой олади.

إِذۡ قَالَ لَهُۥ رَبُّهُۥٓ أَسۡلِمۡۖ قَالَ أَسۡلَمۡتُ لِرَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ

Эсланг: Парвардигори унга: «Бўйинсун!» деганида: «Бутун оламлар эгасига бўйинсундим», деди.

Ҳаялламай Исломга ошиққани учун Аллоҳ Иброҳимни танлади. Парвардигори унга: "Холис Менгагина бандалик қил, Менгагина итоат эт", деганида, Иброҳим: "Бандаларнинг яратувчиси, ризқ беручиси ва ишларини бошқариб турувчиси бўлган Аллоҳга таслим бўлдим", деганди.

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм
6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм

Муқим Маҳмуд таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

460 22:30 22.10.2019

Қуръонда касодга учрамайдиган тижорат ҳақида нима дейилган?

2224 18:00 22.10.2019

Васиятнома ёзиш лозим...

429 14:15 22.10.2019

Салаф киму халаф ким?

1045 09:00 21.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (тўртинчи мақола)

325 21:00 19.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

289 21:00 18.10.2019
« Орқага