Илм

Бақара сураси тафсири

494

وَإِذَا لَقُواْ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ قَالُوٓاْ ءَامَنَّا وَإِذَا خَلَا بَعۡضُهُمۡ إِلَىٰ بَعۡضٖ قَالُوٓاْ أَتُحَدِّثُونَهُم بِمَا فَتَحَ ٱللَّهُ عَلَيۡكُمۡ لِيُحَآجُّوكُم بِهِۦ عِندَ رَبِّكُمۡۚ أَفَلَا تَعۡقِلُونَ

Улар иймонли кишиларга йўлиққанларида: «Иймон келтирдик», дейдилар. Бир-бировлари билан ёлғиз қолганларида эса: «Уларга Аллоҳ сизларга очган нарса ҳақида гапиряпсизларми? Ўша ҳужжат билан Парвардигорингизнинг ҳузурида ҳужжатлашишлари учун-а? Ақлингизни ишлатмайсизми?», дейишади.

Яҳудларнинг макри ва зиддиятли тарафларидан бири шуки, улардан айримлари мўминлар олдида Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлигини тасдиқлайдилар (зеро, Таврот шунга гувоҳлик беради), лекин ўзаро бир-бирлари билан холи қолганларида, нега эътироф қиласизлар, мусулмонлар шу эътирофингизни ўзингизга қарши ҳужжат қилиб қолмайдими, дея бир-бирларини маломат қиладилар.

Баъзи бандаларнинг қалби тошдан бадтар қотиб кетади. На насиҳат ва на зикр уни юмшата олади.

Агар қалб Аллоҳга эгилмаса, ҳар қанча ҳужжату далиллар кор қилмайди.

Оятлар яҳудийларнинг қон-қонига сингиб кетган бир ҳақиқатни кашф этган. Улар бир-бирларидан ҳамоқатни, хиёнатни ва дин билан ўйнашишни мерос қилиб олганлар.

أَوَ لَا يَعۡلَمُونَ أَنَّ ٱللَّهَ يَعۡلَمُ مَا يُسِرُّونَ وَمَا يُعۡلِنُونَ

Аллоҳ уларнинг сир тутгану ошкор қилган нарсаларини албатта билишини англамайдиларми?

Ўша яҳудлар мана шу манфур йўлни тутдилар. Худди Аллоҳ уларнинг сўзларию амалларидан, яширган ишларидан бехабардек. Яқин кунда уларни бандаларига ошкор қилиб, уларнинг шармандасини чиқармайдигандек.

وَمِنۡهُمۡ أُمِّيُّونَ لَا يَعۡلَمُونَ ٱلۡكِتَٰبَ إِلَّآ أَمَانِيَّ وَإِنۡ هُمۡ إِلَّا يَظُنُّونَ

Уларнинг ичида китобдан бехабар, хомхаёлдан бошқани билмайдиган омилар бор. Улар фақат гумон қиладилар холос.

Яҳудлардан бир тоифаси кўр қоридек Тавротнинг маъносини билмасдан ўқийверади. Ўзининг катталаридан эшитиб олган тўқима гапларни Аллоҳ нозил қилган Таврот, деб ўйлайди.

فَوَيۡلٞ لِّلَّذِينَ يَكۡتُبُونَ ٱلۡكِتَٰبَ بِأَيۡدِيهِمۡ ثُمَّ يَقُولُونَ هَٰذَا مِنۡ عِندِ ٱللَّهِ لِيَشۡتَرُواْ بِهِۦ ثَمَنٗا قَلِيلٗاۖ فَوَيۡلٞ لَّهُم مِّمَّا كَتَبَتۡ أَيۡدِيهِمۡ وَوَيۡلٞ لَّهُم مِّمَّا يَكۡسِبُونَ

Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин!

Китобни қўллари билан ёзиб, кейин уни дунёнинг арзимас неъматига, мол-дунё ёки мансабга алмаштириб, ёлғондан Аллоҳ тарафидан нозил бўлган, дейдиган бундай кимсаларни ҳалокат ва қаттиқ азоб кутмоқда. Аллоҳга қарши ёлғон ишлатиб ёзган қўллари учун ҳам, унинг ортидан топган мол-дунё ва мансаблари учун ҳам уларга ҳалокат ва қаттиқ азоб бўлгай.

وَقَالُواْ لَن تَمَسَّنَا ٱلنَّارُ إِلَّآ أَيَّامٗا مَّعۡدُودَةٗۚ قُلۡ أَتَّخَذۡتُمۡ عِندَ ٱللَّهِ عَهۡدٗا فَلَن يُخۡلِفَ ٱللَّهُ عَهۡدَهُۥٓۖ أَمۡ تَقُولُونَ عَلَى ٱللَّهِ مَا لَا تَعۡلَمُونَ

Улар: «Бизларга дўзах ўти саноқли кунлардагина тегади», дедилар. Уларга айтинг: «Аллоҳдан аҳду паймон олдингизми — зотан, Аллоҳ ҳаргиз аҳдига хилоф қилмайди — ёки Аллоҳ ҳақида билмаган нарсаларингизни айтяпсизми?»

Улар алдоқчилик билан, бизга дўзах ўти тегмайди, дўзахга кирсак ҳам у ерда озгина кунларгина қоламиз, дейишади. Бу ишга Аллоҳдан аҳду паймон олганмидингиз - шундай бўлса, Аллоҳ аҳдини бузмайди - ёки Аллоҳга туҳмат қилиб, билмаган нарсаларингизни валдираяпсизми?

Йўқ! Ким гуноҳ қилса ва уни хатолари ўраб олган бўлса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.

Аслида иш улар ўйлаганидек эмас. Зеро, Аллоҳ куфрдек қабиҳликни касб қилиб олган ва ўзининг хатоларига ўралашиб қолган ҳар бир кишини азоблайди. Уларнинг жазоси дўзахга кириш ва унда абадий қолишдир.

وَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ أُوْلَٰٓئِكَ أَصۡحَٰبُ ٱلۡجَنَّةِۖ هُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ

Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар эса жаннат эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолгувчилардир.

Аллоҳга ва Пайғамбарига иймон келтириб, яхши амалларни қилганларнинг мукофотини ҳам Аллоҳ беради. Улар жаннатга кирадилар ва унда абадий қоладилар.

 1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм
6-қисм 7-қисм
Муқим Маҳмуд таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бақара сурасини ўқисангиз…

760 08:00 28.10.2019

Бақара сураси тафсири

420 15:05 17.09.2019

Бақара сураси тафсири

562 14:05 16.09.2019

Бақара сураси тафсири

439 14:05 12.09.2019

Бақара сураси тафсири

485 14:25 10.09.2019

Бақара сураси тафсири

434 23:00 05.09.2019
« Орқага