Бақара сураси тафсири

18:00 09.09.2019 359

 وَلَقَدۡ جَآءَكُم مُّوسَىٰ بِٱلۡبَيِّنَٰتِ ثُمَّ ٱتَّخَذۡتُمُ ٱلۡعِجۡلَ مِنۢ بَعۡدِهِۦ وَأَنتُمۡ ظَٰلِمُونَ

Мусо сизларга очиқ ҳужжатларни келтирди. Сизлар эса ундан кейин ўзингизга зулм қилиб, бузоққа сиғиндингиз.

Пайғамбарингиз Мусо алайҳиссалом ўзининг ҳақ эканига далолат қилувчи ҳужжатлар келтирди. Сиз эса Мусо Парвардигори билан учрашиш учун кетганида бузоққа сиғина бошладингиз. Бу билан ибодат қилинишга, маъбудликка ҳақдор бўлган ягона Зот – Аллоҳга ширк келтириб, ўзингизга ўзингиз зулм қилдингиз.

وَإِذۡ أَخَذۡنَا مِيثَٰقَكُمۡ وَرَفَعۡنَا فَوۡقَكُمُ ٱلطُّورَ خُذُواْ مَآ ءَاتَيۡنَٰكُم بِقُوَّةٖ وَٱسۡمَعُواْۖ قَالُواْ سَمِعۡنَا وَعَصَيۡنَا وَأُشۡرِبُواْ فِي قُلُوبِهِمُ ٱلۡعِجۡلَ بِكُفۡرِهِمۡۚ قُلۡ بِئۡسَمَا يَأۡمُرُكُم بِهِۦٓ إِيمَٰنُكُمۡ إِن كُنتُم مُّؤۡمِنِينَ

Эсланг, биз аҳду паймонингизни олгач, устингизда Тур тоғини кўтариб туриб: «Келтирган нарсамизни маҳкам ушланг ва қулоқ солинг», деганимизда, «Эшитдик ва бўйинсунмадик», дедилар. Кофирликлари сабаб кўнгиллари фақат бузоққа ибодат қилиш билан тўлади. Айтинг: «Агар сиз мўмин бўлсангиз, имонингиз сизларни мунча ярамас нарсаларга буюради?»

Эсланглар! Сизлардан Мусо алайҳиссаломга эргашиш ва у Аллоҳ тарафидан олиб келган ҳаққа эргашиш ҳақида аҳду паймон олгандик. Тепангизга тоғни кўтариб қўйиб, сизларга берганимиз Тавротни маҳкам ушланглар ва унга қулоқ солинглар, акс ҳолда устингизга тоғни ташлаймиз, дегандик. Сизлар эса қулоғимиз билан эшитиб қўяверамиз, амалда эса бўйсунмаймиз, дедингиз. Кофирлигингиз туфайли бузоққа ибодат қилишдек разолат қалбларингизда маҳкам ўрнашиб қолди. Эй Пайғамбар алайҳиссалом, уларга айтингки, агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳга куфр келтиришга буюраётган имонингиз нақадар ёмон нарсага буюряпти. Зеро, ҳақиқий иймон билан куфр ҳеч қачон бир жойда жам бўлмайди.

Яҳудлар энг ҳасадгўй халқ бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом улардан бўлмагани учунгина ҳасадда ёниб, Аллоҳга куфр келтириш ва У Зот нозил қилган ҳақни рад этишгача бордилар.

Аллоҳ таолога ҳақиқий имон келтириш У Зот нозил қилган ҳамма китобларни ва У Зот юборган ҳамма пайғамбарларни тасдиқлашни тақозо этади.

Ҳақиқат ва ҳидоятнинг ҳамма белгилари аниқ бўлиб, уларни таниб туриб, яна улардан юз ўгириш энг катта зулмдир.

Аҳду паймонни бузиш, хиёнат қилиш яҳудларнинг одати бўлиб, шу бугунгача давом этиб келяпти.

قُلۡ إِن كَانَتۡ لَكُمُ ٱلدَّارُ ٱلۡأٓخِرَةُ عِندَ ٱللَّهِ خَالِصَةٗ مِّن دُونِ ٱلنَّاسِ فَتَمَنَّوُاْ ٱلۡمَوۡتَ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ

Айтинг: «Агар Аллоҳнинг ҳузуридаги охират ҳовлиси бошқа одамларсиз холис сизга бўладиган бўлса, гапингизда ростгўй бўлсангиз, ўлимни орзу қилинг».

Айтинг эй Муҳаммад, эй яҳудийлар, охиратдаги жаннат фақат сизларники бўлса, унга сизлардан бошқа ҳеч ким кирмайдиган бўлса, дунёнинг ғам-ташвишларидан озод бўлиб, унга тезроқ етишиш учун ўлимни орзу қилинглар-чи, агар даъвонгиз рост бўлса.

وَلَن يَتَمَنَّوۡهُ أَبَدَۢا بِمَا قَدَّمَتۡ أَيۡدِيهِمۡۚ وَٱللَّهُ عَلِيمُۢ بِٱلظَّٰلِمِينَ

Қилган кирдикорлари сабабли ҳаргиз уни орзу қилолмайдилар. Аллоҳ золимларни билгувчидир.

Шу дунёда Аллоҳга куфр келтириш, пайғамбарларини ёлғончига чиқариш, китобларини ўзгартириб юбориш каби манфур кирдикорлари сабабли ўлимни ҳаргиз орзу қилмайдилар. Аллоҳ улар орасидаги золимларни ҳам, бошқа золимларни билиб тургувчидир. Ҳаммасини амалига яраша жазолар.

وَلَتَجِدَنَّهُمۡ أَحۡرَصَ ٱلنَّاسِ عَلَىٰ حَيَوٰةٖ وَمِنَ ٱلَّذِينَ أَشۡرَكُواْۚ يَوَدُّ أَحَدُهُمۡ لَوۡ يُعَمَّرُ أَلۡفَ سَنَةٖ وَمَا هُوَ بِمُزَحۡزِحِهِۦ مِنَ ٱلۡعَذَابِ أَن يُعَمَّرَۗ وَٱللَّهُ بَصِيرُۢ بِمَا يَعۡمَلُونَ

Уларнинг ҳатто мушриклардан ҳам ҳаётга (яшашга) очкўз кишилар эканини кўрасиз, уларнинг айримлари минг йил умр кўришни истайдилар. Ҳолбуки, узун умр уни азобдан узоқлаштирмайди. Ахир Аллоҳ қилаётган амалларини кўриб тургувчидир.

Эй Муҳаммад, яҳудларнинг ҳар қанча хорлик, тубанлик билан бўлса ҳам яшаб қолишни истайдиган ҳаётга очкўз одамлар эканини кўрасиз. Улар қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга ишонадиган аҳли китоб бўлишларига қарамасдан, қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга инонмайдиган мушриклардан-да очкўзроқ кимсалардир. Улардан бири минг йил умр кўришни истайди. Ҳар қанча умр кўрмасин, Аллоҳнинг азобидан қутула олмайди. Аллоҳ уларнинг амалларидан огоҳ бўлиб, кўриб-билиб туради ва қилган ишларига яраша жазо ёки мукофот беради. Ҳеч нарса У Зотдан махфий эмас.

قُلۡ مَن كَانَ عَدُوّٗا لِّـجِبۡرِيلَ فَإِنَّهُۥ نَزَّلَهُۥ عَلَىٰ قَلۡبِكَ بِإِذۡنِ ٱللَّهِ مُصَدِّقٗا لِّمَا بَيۡنَ يَدَيۡهِ وَهُدٗى وَبُشۡرَىٰ لِلۡمُؤۡمِنِينَ

(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Ким Жаброилга душман бўлса, (у адашгандир). Зеро, у Аллоҳнинг изни билан қалбингизга ўзидан аввалги китобларни тасдиқ этадиган ва мўминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган Қуръонни нозил қилди.

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, яҳудлардан: "Фаришталар орасидаги Жаброил бизнинг душманимиз", дейдиганларига айтингки, ким Жаброилга душман бўлса, у адашгандир. Чунки Таврот ва Инжил каби ўтган китобларда ўз тасдиғини топган, яхшиликка чорлайдиган, мўминларга Аллоҳ улар учун тайёрлаб қўйган жаннат ҳақида хушхабар берадиган Қуръонни Аллоҳнинг изни ила қалбингизга индирган ўша Жаброилдир.

مَن كَانَ عَدُوّٗا لِّلَّهِ وَمَلَٰٓئِكَتِهِۦ وَرُسُلِهِۦ وَجِبۡرِيلَ وَمِيكَىٰلَ فَإِنَّ ٱللَّهَ عَدُوّٞ لِّلۡكَٰفِرِينَ

Ким Аллоҳга ва Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир.

Ким Аллоҳга, Унинг малоикаларига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилдек муқарраб фаришталарига душман бўлса, Аллоҳ бундай кофирларга сизлардан ёки бошқалардан бўлишидан қатъи назар, душмандир. Кимнинг душмани Аллоҳ бўлса, унинг мағлуб бўлиши муқаррардир.

وَلَقَدۡ أَنزَلۡنَآ إِلَيۡكَ ءَايَٰتِۢ بَيِّنَٰتٖۖ وَمَا يَكۡفُرُ بِهَآ إِلَّا ٱلۡفَٰسِقُونَ

Ҳақиқатан Биз сизга очиқ-ойдин оятлар нозил қилдик. У (оятларга) фақат фосиқларгина кофир бўладилар.

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Биз сизга сиз олиб келган ваҳий ва пайғамбарликнинг ҳақлигини тасдиқловчи очиқ-ойдин оят-аломатлар нозил қилдик. Бу қадар очиқ, равшан, аниқ кўриниб турган аломатларга Аллоҳнинг динидан қайтганларгина куфр келтирадилар.

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм
6-қисм 7-қисм 8-қисм

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!