Бақара сураси тафсири

23:00 31.07.2019 334

يَٰبَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ ٱذۡكُرُواْ نِعۡمَتِيَ ٱلَّتِيٓ أَنۡعَمۡتُ عَلَيۡكُمۡ وَأَوۡفُواْ بِعَهۡدِيٓ أُوفِ بِعَهۡدِكُمۡ وَإِيَّٰيَ فَٱرۡهَبُونِ

"Эй Бани Исроил, сизга берган неъматларимни эсланг ва Менга берган аҳдингизга вафо қилинг. Мен ҳам сизга берган аҳдимга вафо қилурман. Ва Мендангина қўрқинг".

Эй Аллоҳнинг пайғамбари Ёқубнинг болалари, Аллоҳнинг сизларга кетма-кет ато этган неъматларини эсланглар ва уларга шукр қилинглар. Менга ва пайғамбарларимга иймон келтириш ҳамда шариатларимга амал қилиш ҳақида берган аҳдингизга вафо қилинглар. Шунда мен ҳам бу дунёда фаровон ҳаёт, охиратда эса гўзал мукофот ҳақида сизларга берган аҳдимга вафо қиламан. Мендангина қўрқинглар ва аҳдни бузманглар.

وَءَامِنُواْ بِمَآ أَنزَلۡتُ مُصَدِّقٗا لِّمَا مَعَكُمۡ وَلَا تَكُونُوٓاْ أَوَّلَ كَافِرِۢ بِهِۦۖ وَلَا تَشۡتَرُواْ بَِٔايَٰتِي ثَمَنٗا قَلِيلٗا وَإِيَّٰيَ فَٱتَّقُونِ

"Ва сиздаги нарсани тасдиқловчи қилиб туширган нарсамга иймон келтиринг. Унга биринчи куфр келтирувчи бўлманг. Менинг оятларимни оз баҳога сотманг ва Мендангина қўрқинг".

Ҳали ўзгартирилмаган ҳақиқий Тавротда келган тавҳидга – Аллоҳни бир деб билишга ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар қилиб юборилиши ҳақидаги хабарни тасдиқлаб келган Қуръонга иймон келтиринг. Унга биринчи бўлиб куфр келтирганлар бўлиб қола кўрманг. Мен нозил қилган оятларни обрў, мансаб каби арзимас пулга сотиб юборманг. Ғазабим ва азобимдан қўрқинг.

وَلَا تَلۡبِسُواْ ٱلۡحَقَّ بِٱلۡبَٰطِلِ وَتَكۡتُمُواْ ٱلۡحَقَّ وَأَنتُمۡ تَعۡلَمُونَ

"Ҳақни ботилга аралаштирманг ва ўзингиз билиб туриб ҳақни яширманг".

Мен пайғамбарларимга нозил қилган ҳақни ўзингиз тўқиб чиқарган ёлғонларга аралаштирманг. Китобингизда келган Муҳаммад алайҳиссаломнинг сифати ҳақидаги ҳақиқатни билиб туриб яширманг.

وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ وَٱرۡكَعُواْ مَعَ ٱلرَّٰكِعِينَ

"Намозни тўкис адо қилинг, закот беринг ва руку қилувчилар билан бирга руку қилинг".

Намозни ҳамма рукнлари – фарзлари, вожиблари ва суннатлари билан тўкис адо этинг. Аллоҳ қўлингларга бериб қўйган бойликдан закот чиқаринг. Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳга бўйсунадиган умматига қўшилиб сиз ҳам бўйсунинг.

أَتَأۡمُرُونَ ٱلنَّاسَ بِٱلۡبِرِّ وَتَنسَوۡنَ أَنفُسَكُمۡ وَأَنتُمۡ تَتۡلُونَ ٱلۡكِتَٰبَۚ أَفَلَا تَعۡقِلُونَ

"Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақлни ишлатмайсизми?!"

Бошқаларни иймон ва яхши амалга чорлаб туриб, ўзингизни унутишингиз ва улардан юз ўгиришингиз нақадар қабоҳат. Ахир сизлар Тавротни ўқиб турибсизлар-ку! Унда баён этилган Аллоҳнинг динига эргашиш, пайғамбарларини тасдиқлаш каби гаплардан хабардорсизлар-ку! Ақлларингизни ишлатмайсизларми?!

وَٱسۡتَعِينُواْ بِٱلصَّبۡرِ وَٱلصَّلَوٰةِۚ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَى ٱلۡخَٰشِعِينَ

"Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Албатта у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир".

Барча диний ва дунёвий ишларингизда сабр билан ҳамда сизларни Аллоҳга боғлайдиган, яқинлаштирадиган намоз билан мадад сўранглар. Шунда Аллоҳ сизларга ёрдам бериб, сизларни Ўз паноҳида сақлайди ва сизлардаги ғамни аритади. Намоз Парвардигорларига бўйсунадиган зотлардан бошқаларга жуда катта ва оғир ишдир.

ٱلَّذِينَ يَظُنُّونَ أَنَّهُم مُّلَٰقُواْ رَبِّهِمۡ وَأَنَّهُمۡ إِلَيۡهِ رَٰجِعُونَ

"(Нафси синиқлар)ки, Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва албатта У Зотга қайтажакларини биладилар".

Чунки улар Парвардигорлари қошида туришларига ва У Зотга қайтишлари ҳамда амалларига яраша жазо ёки мукофот олишларига аниқ ишонадилар.

يَٰبَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ ٱذۡكُرُواْ نِعۡمَتِيَ ٱلَّتِيٓ أَنۡعَمۡتُ عَلَيۡكُمۡ وَأَنِّي فَضَّلۡتُكُمۡ عَلَى ٱلۡعَٰلَمِينَ

"Эй Бани Исроил, сизга берган неъматларимни ва Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг!"

Эй Аллоҳнинг пайғамбари Ёқубнинг болалари, Мен сизларга ато этган диний ва дунёвий неъматларни эсланг. Сизларни пайғамбарлик ва подшоҳлик ила замондошларингиздан афзал қилиб қўйганимни эсланг.

وَٱتَّقُواْ يَوۡمٗا لَّا تَجۡزِي نَفۡسٌ عَن نَّفۡسٖ شَيۡٔٗا وَلَا يُقۡبَلُ مِنۡهَا شَفَٰعَةٞ وَلَا يُؤۡخَذُ مِنۡهَا عَدۡلٞ وَلَا هُمۡ يُنصَرُونَ

"Биров биров томонидан ҳеч нарса ўтай олмайдиган, ҳеч кимдан оқлов қабул қилинмайдиган ва эваз ҳам олинмайдиган – ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар!"

Буйруқларни бажариш ва тақиқлардан тийилиш ила ўзингизни Қиёмат азобидан халос этинг. У кунда ҳеч ким ҳеч кимга ҳеч нарса қилиб бера олмайди. Ҳеч ким ҳеч кимнинг оғирини енгил қилолмайди. Ҳеч ким ҳеч кимга фойда беролмайди. Бундай ишлар содир бўлганда ҳам фақат ва фақат Аллоҳнинг изни ила бўлади. Замин тўла олтин бўлса ҳам ҳеч қандай тўлов қабул қилинмайди. У кунда уларга ҳеч ким ёрдам беролмайди. Ҳеч ким ёрдам беролмаса, ҳеч ким шафоат қилолмаса, ҳеч қандай тўлов қабул қилинмаса, қаёққа ҳам қочардилар?!

  • Бошқаларни яхшиликка буюриб, ўзни унутиш нақадар шармандалик, нақадар йўқотиш!
  • Банданинг ҳамма ишларида энг катта ёрдамчилари сабр ва намоздир.
  • Қиёмат куни одамни азобдан ҳеч бир шафоатчи, ҳеч бир тўлов қутқара олмайди. У кунда яхши амалгина асқотади, холос.

وَإِذۡ نَجَّيۡنَٰكُم مِّنۡ ءَالِ فِرۡعَوۡنَ يَسُومُونَكُمۡ سُوٓءَ ٱلۡعَذَابِ يُذَبِّحُونَ أَبۡنَآءَكُمۡ وَيَسۡتَحۡيُونَ نِسَآءَكُمۡۚ وَفِي ذَٰلِكُم بَلَآءٞ مِّن رَّبِّكُمۡ عَظِيمٞ

"Сизларни оғир азоблар билан қийнаган, ўғилларингизни сўйиб, қизларингизни тирик қолдирган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланглар. Ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бўлганди".

Эй Бани Исроил, сизларни турли хил азобларга солган, ўғилларингизни сўйиб, қизларингизни хизматкор қилиш учун тирик қолдирган ва бу билан сизларни ерга урган, хор қилган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланг! Бу ишда сизлар учун Раббингиз тарафидан катта бир синов бор эди. Шоядки, шукр қилсангизлар.

وَإِذۡ فَرَقۡنَا بِكُمُ ٱلۡبَحۡرَ فَأَنجَيۡنَٰكُمۡ وَأَغۡرَقۡنَآ ءَالَ فِرۡعَوۡنَ وَأَنتُمۡ تَنظُرُونَ

"Денгизни ёриб, сизларни қутқариб, кўз ўнгингизда Фиръавн одамларини ғарқ қилганимизни эсланглар".

Берган неъматларимизни эсланглар. Денгизни ёриб, ўртасидан ўтиб олишингиз учун қуруқлик йўли қилиб бердик. Душманингиз Фиръавн ва унинг одамларини эса кўз ўнгингизда ғарқ этдик.

وَإِذۡ وَٰعَدۡنَا مُوسَىٰٓ أَرۡبَعِينَ لَيۡلَةٗ ثُمَّ ٱتَّخَذۡتُمُ ٱلۡعِجۡلَ مِنۢ بَعۡدِهِۦ وَأَنتُمۡ ظَٰلِمُونَ

"Мусо билан қирқ кечага ваъдалашганимиз, у кетганидан кейин сизлар ўзингизга зулм қилиб, бузоққа ибодат қилганингизни эсланглар".

Неъматларимиздан яна бири шу эдики, Таврот нур ва ҳидоят бўлиб тўла нозил бўлиши учун  Мусо билан қирқ кечага ваъдалашган эдик. Сизлар эса шу муддат ичида бузоққа ибодат қилдингиз ва бу ишингиз билан золимларга айландингиз.

ثُمَّ عَفَوۡنَا عَنكُم مِّنۢ بَعۡدِ ذَٰلِكَ لَعَلَّكُمۡ تَشۡكُرُونَ

"Ўшандан кейин сизни афв этдик. Шоядки, шукр қилсангиз".

Тавба қилганингиздан кейин сизларни кечирдик, жазоламадик. Шоядки, Аллоҳга расо тарзда тоат ва ибодат қилиш ила шукр қилсангизлар.

وَإِذۡ ءَاتَيۡنَا مُوسَى ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡفُرۡقَانَ لَعَلَّكُمۡ تَهۡتَدُونَ

"Шоядки, ҳидоят топсангиз деб, Мусога китобни ва Фурқонни (Тавротни) берганимизни эсланг".

Неъматларимиздан яна бири Мусо алайҳиссаломга ҳақ билан ноҳақни, ҳидоят билан залолатни ажратиб берадиган Тавротни нозил қилганимиз бўлди. Шоядки, у билан тўғри йўлни топиб олсангизлар.

1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм

Муқим Маҳмуд таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!