Бақара сураси тафсири

23:05 17.07.2019 276

وَبَشِّرِ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ أَنَّ لَهُمۡ جَنَّٰتٖ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُۖ كُلَّمَا رُزِقُواْ مِنۡهَا مِن ثَمَرَةٖ رِّزۡقٗا قَالُواْ هَٰذَا ٱلَّذِي رُزِقۡنَا مِن قَبۡلُۖ وَأُتُواْ بِهِۦ مُتَشَٰبِهٗاۖ وَلَهُمۡ فِيهَآ أَزۡوَٰجٞ مُّطَهَّرَةٞۖ وَهُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ

Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор. Қачон уларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, илгари ҳам бизга худди шунақаси берилганди, дейишади. (Чунки) уларга бир-бирига ўхшаш мевалар берилган (бўлади). Уларга у ерда покиза жуфтлар бор ва улар у ерда абадий қолурлар.

Олдинги оятда кофирлар дўзахдан огоҳлантирилган бўлсалар, бунисида мўминларга - Аллоҳга ишонган ва яхши ишларни қилган кишиларга жаннат хушхабари бериляпти. Жаннатки, қасрлари ва дарахтлари остидан анҳорлар оқиб туради. Бир мевасини еганларида, худди шунақасини олдин ҳам еган эдик, деб қоладилар. Чунки улар дунё меваларига жуда ўхшаб кетади. Ўзларига олдиндан таниш бўлган мевани кўргандек иштаҳалари очилиши учун шакли ва номи бир-бирига ўхшаган, таъми ва мазаси эса ҳар хил бўлган мевалар тақдим қилинади. Уларга жаннатда одам ижирғанадиган, таъби кўтармайдиган ҳар қандай кирликдан пок бўлган жуфтлар ато этилади. Бундай кирликлар шу дунёгагина хосдир. Бу дунё неъмати ўткинчи бўлса, у дунё неъмати боқийдир. Улар ана шундай боқий неъмат ичида умргузаронлик қиладилар.

إِنَّ ٱللَّهَ لَا يَسۡتَحۡيِۦٓ أَن يَضۡرِبَ مَثَلٗا مَّا بَعُوضَةٗ فَمَا فَوۡقَهَاۚ فَأَمَّا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ فَيَعۡلَمُونَ أَنَّهُ ٱلۡحَقُّ مِن رَّبِّهِمۡۖ وَأَمَّا ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ فَيَقُولُونَ مَاذَآ أَرَادَ ٱللَّهُ بِهَٰذَا مَثَلٗاۘ يُضِلُّ بِهِۦ كَثِيرٗا وَيَهۡدِي بِهِۦ كَثِيرٗاۚ وَمَا يُضِلُّ بِهِۦٓ إِلَّا ٱلۡفَٰسِقِينَ

Аллоҳ чивин ёки ундан-да ҳақир нарсалар ҳақида масал айтишдан ҳеч тортинмайди. Иймонли кишилар унинг ҳақиқатан Парвардигорлари тарафидан эканини биладилар. Кофирлар эса: «Буни мисол қилиш билан Аллоҳ нима демоқчи?», дейдилар. Бу масал сабаб (Аллоҳ) кўпларни адаштиради ва кўпларни ҳақ йўлга ҳидоят қилади. Бу масал сабаб фақат фосиқ кимсаларнигина адаштиради.

Ҳа, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзи истаган нарсаси ҳақида масал зарб этади. Чивин ҳақида ҳам, ундан йирикроқ ёки майдароқ нарсалар ҳақида ҳам масал зарб этаверади. У Зот зарб этган масал қаршисида одамлар икки турга бўлинадилар. Мўминлар ва кофирлар. Мўминлар уни тасдиқлайдилар, масал ортида бир ҳикмат турганини англайдилар. Кофирлар эса масхара қилиш ва устидан кулиш учун чивин, пашша, ўргимчак каби бу қадар майда махлуқотлар ҳақида масал зарб этишнинг сабабини сўрай бошлайдилар. Аллоҳнинг жавоби шундай янграйди: Бу масалларда ҳидоятлар, кўрсатмалар ва синов бор. Улар ҳақида фикр юритмасдан, тушунмасдан, англамасдан юз ўгириб, залолатга кетганлар ҳам кўп. Улардан насиҳатланиб, ибрат олиб ҳидоят топганлар ҳам кўп. Залолатга лойиқларгина, сазоворларгина, яъни, Аллоҳга итоат этмаган мунофиқларгина адашадилар.

ٱلَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهۡدَ ٱللَّهِ مِنۢ بَعۡدِ مِيثَٰقِهِۦ وَيَقۡطَعُونَ مَآ أَمَرَ ٱللَّهُ بِهِۦٓ أَن يُوصَلَ وَيُفۡسِدُونَ فِي ٱلۡأَرۡضِۚ أُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡخَٰسِرُونَ

(Фосиқлар)ки, Аллоҳ билан боғланган аҳдни бузадилар, боғланишига буюрган нарсаларини узадилар ва ер юзида бузғунчилик қиладилар. Улар, шубҳасиз, зиён кўргувчилардир.

Аллоҳ улар билан ёлғиз У Зотгагина бандалик қилишларига, олдинги пайғамбарларнинг хабарларида келган элчисига эргашишларига аҳд боғлаганди. Мана энди улар Аллоҳ билан боғлаган аҳдларини бузяптилар,  қариндошчилик ришталари каби Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни узяптилар, гуноҳлар қилиб, ер юзини фисқу фасодга тўлдиряптилар. Дунёда ҳам, охиратда ҳам насибаси қирқилганлар ана ўшалардир.

كَيۡفَ تَكۡفُرُونَ بِٱللَّهِ وَكُنتُمۡ أَمۡوَٰتٗا فَأَحۡيَٰكُمۡۖ ثُمَّ يُمِيتُكُمۡ ثُمَّ يُحۡيِيكُمۡ ثُمَّ إِلَيۡهِ تُرۡجَعُونَ

Аллоҳни қандай инкор қиласиз? Ҳолбуки, жонсиз эдингиз, У сизга жон берди. Кейин жонингизни яна олади. Кейин яна тирилтиради. Кейин эса У Зотга қайтариласиз.

Эй кофирлар, қилаётган ишларингиз жуда қизиқ-ку! Аллоҳни қандай инкор қиласизлар? Ахир У Зотнинг қудратини ўз жисмингларда кўриб турибсизлар-ку! Йўқ эдинглар. Сизларни йўқдан бор қилди, танангларга жон киритди. Кейин у жонни яна олади. Кейин сизларни қайта тирилтиради. Кейин У Зотга қайтасизлар ва қилган амалларингизнинг ҳисобини берасизлар.

هُوَ ٱلَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي ٱلۡأَرۡضِ جَمِيعٗا ثُمَّ ٱسۡتَوَىٰٓ إِلَى ٱلسَّمَآءِ فَسَوَّىٰهُنَّ سَبۡعَ سَمَٰوَٰتٖۚ وَهُوَ بِكُلِّ شَيۡءٍ عَلِيمٞ

У шундай зотки, сиз учун ердаги барча нарсани яратди. Сўнгра самога юзланди-да, уларни етти осмон қилиб тиклади. У ҳамма нарсани билгувчидир.

Заминдаги анҳорлару дарахтларни ва бошқа сон-саноқсиз нарсаларни сизлар учун биргина Аллоҳ яратиб берган. Уларни сизларга бўйсундириб қўйган. Шунинг учун улардан фойдалана оласизлар. Кейин самога юзланиб, уларни ҳам етти осмон қилиб яратган. У ҳамма-ҳамма нарсани биладиган Зотдир.

  • Жаннатдаги биронта ҳам неъматнинг камайиб, етишмай қолмаслиги ва унга меҳнат-машаққатсиз эришилиши унинг камолини кўрсатиб турибди.
  • Аллоҳ таоло зарб этган масаллардан фақат мўминларгина фойдалана оладилар. Зеро, уларгина сидқидилдан ҳидоят сари интиладилар ва ҳақиқатни излайдилар.
  • Фосиқларнинг энг кўзга кўринган белгиларидан бири Аллоҳга ҳам, одамларга ҳам берган аҳдларини бузишларидир, Аллоҳ уланишга буюрган нарсаларни узишларидир ҳамда ер юзини фисқу фасодга тўлдиришларидир.
  • Нарсалардаги асл қоида (асос тамал) мубоҳлик ва тозаликдир. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир. Чунки Аллоҳ таоло заминдаги ҳамма нарсаларни Ўз карами ила бандалари учун яратган.

    1-қисм 2-қисм 3-қисм

    Муқим Маҳмуд таржимаси

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!