Бақара сураси тафсири

23:05 02.08.2019 361

وَإِذۡ قَالَ مُوسَىٰ لِقَوۡمِهِۦ يَٰقَوۡمِ إِنَّكُمۡ ظَلَمۡتُمۡ أَنفُسَكُم بِٱتِّخَاذِكُمُ ٱلۡعِجۡلَ فَتُوبُوٓاْ إِلَىٰ بَارِئِكُمۡ فَٱقۡتُلُوٓاْ أَنفُسَكُمۡ ذَٰلِكُمۡ خَيۡرٞ لَّكُمۡ عِندَ بَارِئِكُمۡ فَتَابَ عَلَيۡكُمۡۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلتَّوَّابُ ٱلرَّحِيمُ

"Мусонинг ўз қавмига айтган гапларини эсланг: "Қавмим, сизлар бузоққа ибодат қилиш билан ўзингизга зулм қилдингиз. Энди ўзингизни (бир-бирингизни) ўлдириш билан сизни бор қилган Зотга тавба қиласиз. Бор қилгувчи Зот наздида мана шу (қатл) сизлар учун хайрлироқдир". Бас, Аллоҳ таоло тавбангизни қабул қилди, албатта У кечиримли, меҳрибондир".

Неъматларимиздан яна бири шу эдики, Аллоҳ сизларни бузоққа ибодат қилишдан тавба қилишга муваффақ айлади. Мусо алайҳиссалом сизларга шундай деди: "Бузоқни ўзингизга Худо қилиб олиб, ўзингизга ўзингиз зулм қилдингиз. Энди тавба қилиб, сизларни яратган, йўқдан бор қилган Зотга қайтингиз. Бу иш бир-бирингизни ўлдириш билан бўлади. Шу тарзда тавба қилиш сизлар учун дўзахда абадий қолишдан кўра яхшироқдир". Аллоҳнинг мадади ва тавфиқи ила бу ишни амалга оширдингиз ва Аллоҳ сизларни кечирди. Чунки У Кечиримли, Меҳрибон Зотдир.

وَإِذۡ قُلۡتُمۡ يَٰمُوسَىٰ لَن نُّؤۡمِنَ لَكَ حَتَّىٰ نَرَى ٱللَّهَ جَهۡرَةٗ فَأَخَذَتۡكُمُ ٱلصَّٰعِقَةُ وَأَنتُمۡ تَنظُرُونَ

"Эй Мусо, Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча, сенга ишонмаймиз", дейишингиз билан қараб турган ҳолингизда сизларни яшин урганини эсланг".

Ота-бобонгиз ҳаддидан ошиб, Мусо алайҳиссаломга, Аллоҳни очиқ, аниқ кўрмагунимизча сенга ишонмаймиз, деганларини эсланг. Ўшанда сизларни яшин уриб ўлдирганди. Ҳаммангиз бир-бирингизга қараб қолгандингиз.

ثُمَّ بَعَثۡنَٰكُم مِّنۢ بَعۡدِ مَوۡتِكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَشۡكُرُونَ

"Сўнгра шоядки шукр қилсангизлар деб, ўлганингиздан кейин тирилтирдик".

Шоядки, Аллоҳнинг сизларга ато этган неъматларига шукр қилсангизлар деб, ўлганингиздан кейин сизларни қайта тирилтирдик.

وَظَلَّلۡنَا عَلَيۡكُمُ ٱلۡغَمَامَ وَأَنزَلۡنَا عَلَيۡكُمُ ٱلۡمَنَّ وَٱلسَّلۡوَىٰۖ كُلُواْ مِن طَيِّبَٰتِ مَا رَزَقۡنَٰكُمۡۚ وَمَا ظَلَمُونَا وَلَٰكِن كَانُوٓاْ أَنفُسَهُمۡ يَظۡلِمُونَ

"Ва булутни устингизга соябон қилдик ва осмондан ширинлик ва беданалар ёғдириб, «Сизларга ризқ қилиб берган пок нарсалардан енглар», (дедик). (Бани Исроил) Бизга зулм қилмадилар, балки ўзларига зулм қилгувчи бўлдилар".

Неъматларимиздан яна бири шу эдики, ер юзида қуёшнинг ҳароратидан толиқиб қолганингизда булутни сизларга соябон қилдик. Болдек ширин ичимликни, беданадек гўшти ширин қушчани нозил қилиб, сизларга ризқ қилиб берганимиз бу хуш нарсалардан еб-ичинглар, дедик. Бу неъматларга ношукрлик, нонкўрлик қилиш билан улар Бизга эмас, ўзларига зулм қилдилар. Савобдан мосуво, азобга эса сазовор бўлдилар.

  • Аллоҳ таоло Бани Исроилга шу қадар катта ва кўп неъматлар ато этди. Уларнинг эса такаббурлиги ва нонкўрлиги ортиб бораверди.
  • Уларнинг гуноҳлари ҳар қанча улкан бўлмасин, Аллоҳнинг ҳалимлиги, бандаларига меҳрибонлиги бепоён.
  • Ҳақ билан ноҳақни ажратувчи ваҳийдир.

وَإِذۡ قُلۡنَا ٱدۡخُلُواْ هَٰذِهِ ٱلۡقَرۡيَةَ فَكُلُواْ مِنۡهَا حَيۡثُ شِئۡتُمۡ رَغَدٗا وَٱدۡخُلُواْ ٱلۡبَابَ سُجَّدٗا وَقُولُواْ حِطَّةٞ نَّغۡفِرۡ لَكُمۡ خَطَٰيَٰكُمۡۚ وَسَنَزِيدُ ٱلۡمُحۡسِنِينَ

«Ушбу қишлоққа (Қуддусга) киринглар-да, ундан хоҳлаган жойларингизда еб-ичинглар. Дарвозадан сажда қилган ҳолингизда киринглар ва «афв эт» денглар, биз хатоларингизни мағфират қиламиз ва яхшилик эгаларига зиёда неъматлар ато қиламиз», деганимизни эсланглар.

Неъматларимиздан яна бири шундай деганимиз бўлди: "Қуддусга киринглар. Ундаги неъматлардан истаганингизча ва истаган жойингизда еб-ичинглар. Ош бўлсин. Кираётиб Аллоҳга эгилинглар, таъзим қилинглар ва "Аллоҳим гуноҳларимизни кечир", - денглар. Шунда дуоларингизни ижобат қиламиз ва яхшилик қилганларнинг савобларини зиёда қилиб берамиз".

فَبَدَّلَ ٱلَّذِينَ ظَلَمُواْ قَوۡلًا غَيۡرَ ٱلَّذِي قِيلَ لَهُمۡ فَأَنزَلۡنَا عَلَى ٱلَّذِينَ ظَلَمُواْ رِجۡزٗا مِّنَ ٱلسَّمَآءِ بِمَا كَانُواْ يَفۡسُقُونَ

"Бас, зулм қилганлар уларга айтилган сўзни бошқасига алмаштирдилар. Биз зулм қилганларга фисқ қилаётганлари учун осмондан азоб туширдик".

Золимлар эса амалида ҳам, сўзида ҳам айнидилар. Қишлоққа орқалари билан кириб бордилар ва Аллоҳнинг буйруғини мазах-масхара қилишиб, "кечир" сўзининг ўрнига "дон" сўзини айтдилар. (Арабчада бу икки сўз шаклда бир-бирига жуда яқин. Нуқталар ишлатилмаганда эса бир хил) Оқибатда Аллоҳ шариат чегарасидан чиқиб кетган, буйруққа бўйсунмаган золимлар устига осмондан азоб ёғдирди.

وَإِذِ ٱسۡتَسۡقَىٰ مُوسَىٰ لِقَوۡمِهِۦ فَقُلۡنَا ٱضۡرِب بِّعَصَاكَ ٱلۡحَجَرَۖ فَٱنفَجَرَتۡ مِنۡهُ ٱثۡنَتَا عَشۡرَةَ عَيۡنٗاۖ قَدۡ عَلِمَ كُلُّ أُنَاسٖ مَّشۡرَبَهُمۡۖ كُلُواْ وَٱشۡرَبُواْ مِن رِّزۡقِ ٱللَّهِ وَلَا تَعۡثَوۡاْ فِي ٱلۡأَرۡضِ مُفۡسِدِينَ

"Эсланг, Мусо ўз қавми учун сув тилаганида: "Асоингни тошга ургин", дедик. Бас, ундан ўн икки чашма отилиб чиқди — ҳар бир қабилага ўз суви маълум бўлди. "Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар, Ер юзида бузғунчилик жиноятларини қилманглар".

Аллоҳнинг сизларга ато этган неъматларини эсланглар. Чўлда сувсизликдан мадорингиз қуриб турганда Мусо алайҳиссалом Парвардигорига нола қилиб сув сўраганида унга "Асоингни тошга ур", дедик ва у шу ишни қилганида ундан неча қабила бўлсангиз, ўшанча, яъни, ўн икки булоқ отилиб чиқди-ку. Шу билан ҳар бир қабила учун ўзига хос ичадиган чашма бўлиб, ўзаро талашиб-тортишишга ҳожат қолмади-ку. Кейин сизларга: "Ҳаракат қилмасангиз ҳам Аллоҳ сизларга ато этган ризқдан еб-ичинглар ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрманглар", дедик.

وَإِذۡ قُلۡتُمۡ يَٰمُوسَىٰ لَن نَّصۡبِرَ عَلَىٰ طَعَامٖ وَٰحِدٖ فَٱدۡعُ لَنَا رَبَّكَ يُخۡرِجۡ لَنَا مِمَّا تُنۢبِتُ ٱلۡأَرۡضُ مِنۢ بَقۡلِهَا وَقِثَّآئِهَا وَفُومِهَا وَعَدَسِهَا وَبَصَلِهَاۖ قَالَ أَتَسۡتَبۡدِلُونَ ٱلَّذِي هُوَ أَدۡنَىٰ بِٱلَّذِي هُوَ خَيۡرٌۚ ٱهۡبِطُواْ مِصۡرٗا فَإِنَّ لَكُم مَّا سَأَلۡتُمۡۗ وَضُرِبَتۡ عَلَيۡهِمُ ٱلذِّلَّةُ وَٱلۡمَسۡكَنَةُ وَبَآءُو بِغَضَبٖ مِّنَ ٱللَّهِۗ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمۡ كَانُواْ يَكۡفُرُونَ بَِٔايَٰتِ ٱللَّهِ وَيَقۡتُلُونَ ٱلنَّبِيِّۧنَ بِغَيۡرِ ٱلۡحَقِّۗ ذَٰلِكَ بِمَا عَصَواْ وَّكَانُواْ يَعۡتَدُونَ

"Эсланг: «Эй Мусо, бир хил таомга ҳеч қаноат қила олмаяпмиз. Парвардигорингга дуо қил, бизга Ерда униб-ўсадиган сабзавотлардан; бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаган ўсимликлардан чиқариб берсин», деганингизда, у: «Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми? Қайси шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсаларингиз турибди-ку?», деди. (Ношукрликлари сабаб) уларга хорлик ва мискинлик ёзиб қўйилди ва Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлдилар. Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ оятларини инкор қилганлари ва Пайғамбарларни ноҳақ қатл қилганларидир. Бунга сабаб итоат қилмай тажовузкор бўлганларидир".

Эсланглар! Аллоҳ сизларга нозил қилган ширинлик ва беданаларга қаноат қилмай, бир хил таомга чидай олмаймиз деб, Мусо алайҳиссаломдан Аллоҳга дуо қилиб, бодринг, саримсоқ, мош, пиёз каби ерда ўсадиган сабзавотлардан чиқариб бер деб сўрашини талаб қилдингиз. Мусо алайҳиссалом талабингизни рад этиб, ширинлик ва беданадан кўра пастроқ нарсани талаб қилаётганингизни ҳамда тўғри келган бирон қишлоққа тушсангиз, полизлари ва бозорларидан ўша сўраётган нарсаларингизни топишингиз мумкинлигини айтди. Ўз ҳавойи нафсларига эргашиб, Аллоҳ улар учун ихтиёр қилган неъматлардан ҳадеб юз ўгираверганлари учун хорлик, камбағаллик ва бахтсизликка гирифтор бўлдилар. Аллоҳнинг динидан юз ўгирганлари, оятларини инкор қилганлари ва пайғамбарларини зулму зўравонлик билан ўлдирганлари учун У Зотнинг ғазабига учрадилар. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳга осийлик қилиш ва У Зот белгилаб қўйган ҳадлардан тажовуз қилишнинг оқибати эди.

  • Шариат ҳужжатлари билан ўйнашиб, уларни ўзгартирган яҳудсимон одам Аллоҳнинг азобига йўлиқиши муқаррар.
  • Бани Исроил қанчалар нонкўрлик, саркашлик қилиб, Аллоҳдан ва У Зотнинг шариатидан юз ўгирсалар ҳам уларга нисбатан Аллоҳнинг фазли жуда буюк бўлган экан.
  • Гуноҳлар ва Аллоҳ белгилаб қўйган ҳадлардан тажовуз қилишнинг оқибати хорлик, зорлик ва душманга ем бўлишдир.

 1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм

Муқим Маҳмуд таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!