Бақара сураси тафсири

22:05 20.08.2019 400

وَإِذۡ قَالَ مُوسَىٰ لِقَوۡمِهِۦٓ إِنَّ ٱللَّهَ يَأۡمُرُكُمۡ أَن تَذۡبَحُواْ بَقَرَةٗۖ قَالُوٓاْ أَتَتَّخِذُنَا هُزُوٗاۖ قَالَ أَعُوذُ بِٱللَّهِ أَنۡ أَكُونَ مِنَ ٱلۡجَٰهِلِينَ

Мусо ўз қавмига: «Аллоҳ сизга сигир сўймоқни буюрмоқда», деганини эсланг. Улар: «Бизни масхара қиляпсанми?» – дедилар. У: «Жоҳиллардан бўлишимдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман», – деди.

Энг сара аждодларингиз билан Мусо алайҳиссалом ўртасида нималар кечганини эсланглар. Уларга, бир сигир сўйинглар, деса, дарров сўя қолмасдан, бизни масхара қиляпсанми, дейишди. Бунга жавобан Мусо, Аллоҳ айтмаган гапни айтди дейдиган ёлғончи ва одамларни масхара қиладиган нодон бўлишдан Аллоҳ паноҳ берсин, деди.

قَالُواْ ٱدۡعُ لَنَا رَبَّكَ يُبَيِّن لَّنَا مَا هِيَۚ قَالَ إِنَّهُۥ يَقُولُ إِنَّهَا بَقَرَةٞ لَّا فَارِضٞ وَلَا بِكۡرٌ عَوَانُۢ بَيۡنَ ذَٰلِكَۖ فَٱفۡعَلُواْ مَا تُؤۡمَرُونَ

Улар дедилар: «Парвардигорингга дуо қил, унинг қандайлигини баён қилсин». (Мусо) деди: «У зотнинг айтишича, у қари ҳам, ёш ғунажин ҳам бўлмаган ўрта бир сигирдир. Энди фармонни адо этинглар».

Мусога, Парвардгорингга дуо қилиб, сўйишимиз керак бўлган сигир ҳақида сўраб бер, дейишди. Шунда Мусо, у қари ҳам, ёш ғунажин ҳам бўлмаган ўрта бир сигир, энди Парвардигорингизнинг буйруғини тез бажаринглар, деб жавоб берди.

قَالُواْ ٱدۡعُ لَنَا رَبَّكَ يُبَيِّن لَّنَا مَا لَوۡنُهَاۚ قَالَ إِنَّهُۥ يَقُولُ إِنَّهَا بَقَرَةٞ صَفۡرَآءُ فَاقِعٞ لَّوۡنُهَا تَسُرُّ ٱلنَّٰظِرِينَ

Улар: «Раббингга дуо қил, унинг рангини баён қилиб берсин», дедилар. У: «У Зот, ранги сап-сариқ, қараганларни хурсанд қиладиган сигир, деяпти», – деди.

Улар саркашлик ва тортишишда давом этиб, Мусо алайҳиссаломга, Парвардигорингга дуо қилиб, унинг ранги қандай бўлишини сўраб бер, дейишди. Шунда Мусо алайҳиссалом, у сап-сариқ, кўрган одамнинг кўзи қувонадиган сигир, деб жавоб берди.

Биринчи оятдаги ҳукм Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлигидан олдинги даврларга алоқадор. У зотнинг пайғамбарлигидан кейин эса Аллоҳ учун манзур ва мақбул бўлган дин Исломдир. Ундан бошқаси қабул қилинмайди. Аллоҳ таоло айтади: "Ким Исломдан бошқа дин истаса, асло қабул қилинмас". (Оли Имрон сураси, 85-оятдан)

Аллоҳ айрим жиноятларнинг жазосини охиратга қолдирмасдан, шу дунёнинг ўзида беради. Токи, у одамларга ибрат бўлсин ва улар Аллоҳ таолонинг фармонларига қарши чиқишдан қўрқсинлар.

Аслида шариатда енгил ва кенг бўлган бир масалада ўзига ўзи уни оғирлаштириб, торайтириб оладиган одамнинг жазоси унга нисбатан ўша ишнинг оғирлаштирилиши бўлади.

قَالُواْ ٱدۡعُ لَنَا رَبَّكَ يُبَيِّن لَّنَا مَا هِيَ إِنَّ ٱلۡبَقَرَ تَشَٰبَهَ عَلَيۡنَا وَإِنَّآ إِن شَآءَ ٱللَّهُ لَمُهۡتَدُونَ

Улар: «Раббингга дуо қил, унинг қандай эканини бизга баён қилиб берсин, сигир бизга ноаниқ бўлиб қолди, биз, иншооллоҳ, албатта, ҳидоят топувчимиз», – дедилар.

Саркашликларида давом этиб, Парвардигорингга дуо қилиб, сигирнинг белгиларини батафсил баён қилиб беришини сўра, чунки сен тавсифлагандек сигирлар кўп, биз улардан қайси бирини сўйишни билмаймиз ва аниқ сифатлари айтилса, биз иншооллоҳ ўша айтилган сигирни топа оламиз, дейишди.

قَالَ إِنَّهُۥ يَقُولُ إِنَّهَا بَقَرَةٞ لَّا ذَلُولٞ تُثِيرُ ٱلۡأَرۡضَ وَلَا تَسۡقِي ٱلۡحَرۡثَ مُسَلَّمَةٞ لَّا شِيَةَ فِيهَاۚ قَالُواْ ٱلۡـَٰٔنَ جِئۡتَ بِٱلۡحَقِّۚ فَذَبَحُوهَا وَمَا كَادُواْ يَفۡعَلُونَ

У: «У Зот, ўша сигир минилмаган, ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, айблардан саломат, аралашган ранги йўқ, деяпти», – деди. Улар: «Ана энди ҳақни келтирдинг», – дедилар. Бас, уни сўйдилар. Сал бўлмаса, бу ишнинг уддасидан чиқа олмай қолардилар.

Мусо деди: "Аллоҳ айтурки, у сигир ер ҳайдаш, экин суғориш каби ишларда хор бўлиб ишламаган, ўзи соппа-соғ, ҳеч қандай айби йўқ, сап-сариқ рангидан бошқа ранги йўқ". Шунда улар, мана энди сигирни аниқ тавсифладинг, дедилар ва уни топиб сўйдилар. Саркашликлари оқибатида бу ишнинг уддасидан чиқа олмай қолишларига бир баҳя қолганди.

وَإِذۡ قَتَلۡتُمۡ نَفۡسٗا فَٱدَّٰرَٰٔتُمۡ فِيهَاۖ وَٱللَّهُ مُخۡرِجٞ مَّا كُنتُمۡ تَكۡتُمُونَ

Эсланг (эй Бани Исроил), бир жонни ўлдириб қўйиб, унинг қотили ким экани ҳақида жанжаллашиб қолгандингиз. Аллоҳ яширган нарсаларингизни юзага чиқаргувчидир.

Бир бегуноҳни ўлдириб қўйиб, ҳамма ўзини оқлаган ва ўзгаларга туҳмат қилган воқеани эсланг. Ўшанда ўртада жанжал чиққанди. Бу ишда сизлар яшираётган сирни Аллоҳ очиб берувчидир.

فَقُلۡنَا ٱضۡرِبُوهُ بِبَعۡضِهَاۚ كَذَٰلِكَ يُحۡيِ ٱللَّهُ ٱلۡمَوۡتَىٰ وَيُرِيكُمۡ ءَايَٰتِهِۦ لَعَلَّكُمۡ تَعۡقِلُونَ

Шунда биз: «Уни (мақтулни) сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан уринглар», дегандик. Аллоҳ ўликларни шу тариқа тирилтиради ва сизларга фикр қилишингиз учун ўз оятларини кўрсатади.

Шунда сизларга, мақтулни ўша сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан уринглар, дедик. Шундай қилишганди, ўлик тирилиб, қотили ким эканини айтиб берди. Аллоҳ худди шу ўликни тирилтирганидек Қиёмат кунида ҳам ўликларни тирилтиради. Сизларга қудратини кўрсатувчи аломатларни кўрсатади. Шояд шунда ақлингизни ишлатиб, Аллоҳ таолога чин дилдан иймон келтирсангизлар.

ثُمَّ قَسَتۡ قُلُوبُكُم مِّنۢ بَعۡدِ ذَٰلِكَ فَهِيَ كَٱلۡحِجَارَةِ أَوۡ أَشَدُّ قَسۡوَةٗۚ وَإِنَّ مِنَ ٱلۡحِجَارَةِ لَمَا يَتَفَجَّرُ مِنۡهُ ٱلۡأَنۡهَٰرُۚ وَإِنَّ مِنۡهَا لَمَا يَشَّقَّقُ فَيَخۡرُجُ مِنۡهُ ٱلۡمَآءُۚ وَإِنَّ مِنۡهَا لَمَا يَهۡبِطُ مِنۡ خَشۡيَةِ ٱللَّهِۗ وَمَا ٱللَّهُ بِغَٰفِلٍ عَمَّا تَعۡمَلُونَ

Сўнгра — шундай мўъжизаларни кўргандан кейин ҳам дилларингиз қотди. Бас, у диллар тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, улардан дарёлар отилиб чиқади, яна шундайлари борки, ёрилиб, ичидан сув чиқади, яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулайди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.

Кейин эса мана шундай етук аломатларни ва ҳайратомуз мўъжизаларни кўра-била туриб, қалбларингиз тошдан бадтар қотиб кетди. Тош ўзгарса ўзгарадики, қалбингиз ўзгармайди. Шундай тошлар борки, улардан дарёлар отилиб чиқади, яна шундайлари борки, улардан одамларга ҳам, чорпойларга фойдали бўлган булоқлар чиқади, яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан тоғлар устидан ерга қулайди. Сизларнинг қалбингиз эса шу тошларчалик ҳам бўлмасдан қилт этмай тураверади. Аллоҳ сизларнинг қилаётган ишларингиздан ғофил эмас, ҳаммасини кўриб-билиб турибди, яқинда қилмишларингизга яраша жазо ёки мукофот беради.

أَفَتَطۡمَعُونَ أَن يُؤۡمِنُواْ لَكُمۡ وَقَدۡ كَانَ فَرِيقٞ مِّنۡهُمۡ يَسۡمَعُونَ كَلَٰمَ ٱللَّهِ ثُمَّ يُحَرِّفُونَهُۥ مِنۢ بَعۡدِ مَا عَقَلُوهُ وَهُمۡ يَعۡلَمُونَ

Уларнинг иймонга келишларига орзуманд бўласизми (эй мўминлар)? Ҳолбуки улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитадилар, сўнгра, уни англаб етганларидан кейин билиб туриб ўзгартирадилар.

Эй мўминлар, яҳудларнинг аҳволини, ўжарлигию қайсарлигини кўра-била туриб, яна уларнинг иймон келтиришларидан умидвор бўласизларми? Уларнинг бир гуруҳ олимлари ўзларига нозил қилинган Тавротни – Аллоҳнинг каломини эшитиб туриб, унинг ичида нималар баён қилинганини англаб-тушуниб туриб, шаклини ҳам, мазмунини ҳам ўзгартириб юбордилар. Ҳобуки, улар бу ишнинг нақадар улкан гуноҳ эканини яхши билардилар.

 1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм
6-қисм
Муқим Маҳмуд таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!