Бақара сураси тафсири

21:10 03.07.2019 575

إِنَّ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ سَوَآءٌ عَلَيۡهِمۡ ءَأَنذَرۡتَهُمۡ أَمۡ لَمۡ تُنذِرۡهُمۡ لَا يُؤۡمِنُونَ

Куфр йўлини тутган кимсалар эса хоҳ уларни (Аллоҳнинг азобидан) қўрқитинг, хоҳ қўрқитманг, уларга баробардир — иймон келтирмайдилар”.

Куфр келтирганлар залолату гап уқмаслигида давом этаверадилар. Уларни огоҳлантирасизми, йўқми, фарқ қилмайди.

خَتَمَ ٱللَّهُ عَلَىٰ قُلُوبِهِمۡ وَعَلَىٰ سَمۡعِهِمۡۖ وَعَلَىٰٓ أَبۡصَٰرِهِمۡ غِشَٰوَةٞۖ وَلَهُمۡ عَذَابٌ عَظِيمٞ

Аллоҳ уларнинг қалблари ва қулоқларини муҳрлаб қўйган, кўзларида эса парда бор. Уларга улкан азоб бордир”.

 Чунки Аллоҳ уларнинг ноҳақликка ошён бўлган дилларини муҳрлаб, қулфлаб, беркитиб қўйган. Қулоқларини ҳам муҳрлаган. Энди улар ҳақиқатга қулоқ солишга, эргашишга, уни қабул қилишга яроқли бўлмай қолган. Кўзларига эса парда тортилган. Энди улар ҳақиқат ҳар қанча равшан бўлмасин, уни кўрмайдилар. Ва оқибатда уларга охиратда улкан азоб бордир.

Аллоҳ зоҳири ҳам, ботини ҳам бузилган кофирларнинг сифатларини айтиб ўтганидан кейин ботини бузилган, зоҳирида эса ўзини солиҳ қилиб кўрсатадиган мунофиқларнинг сифатларини баён қилади.

وَمِنَ ٱلنَّاسِ مَن يَقُولُ ءَامَنَّا بِٱللَّهِ وَبِٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِ وَمَا هُم بِمُؤۡمِنِينَ

Ва одамлардан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик, дейдиганлари бор. Ҳолбуки, улар мўмин эмаслар”.

Бир тоифа одамлар ўзларини мўмин қилиб кўрсатадилар. Тили мўмин, дили кофир бу кимсалар моллари ва жонларини асраб қолиш учун шундай қиладилар.

يُخادِعُونَ ٱللَّهَ وَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَمَا يَخۡدَعُونَ إِلَّآ أَنفُسَهُمۡ وَمَا يَشۡعُرُونَ

Улар Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўларлар. (Аслида эса) сезмаганлари ҳолда ўзларини ўзлари алдайдилар”.

Нодонликлари туфайли куфрларини дилида яшириб, зоҳирда эса ўзларини мўмин кўрсатиш билан ўзларича Аллоҳни ва мўминларни алдаяпмиз, деб ўйлайдилар. Аслида эса улар ўзларини ўзлари алдайдилар, холос. Лекин буни сезмайдилар. Чунки зоҳиру ботиндан огоҳ бўлган Аллоҳ мўминларни уларнинг сифатлари ва аҳволидан хабардор этди.

فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٞ فَزَادَهُمُ ٱللَّهُ مَرَضٗاۖ وَلَهُمۡ عَذَابٌ أَلِيمُۢ بِمَا كَانُواْ يَكۡذِبُونَ

"Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Ёлғон гапирганлари учун уларга аламли азоб бордир".

Негаки, уларнинг қалбларида шубҳа бор эди. Бас, Аллоҳ уларнинг шубҳаларига шубҳа қўшди. Ҳа, ҳар ким экканини ўради. Аллоҳга ва одамларга ёлғон гапирганлари ҳамда Муҳаммад алайҳиссалом олиб келган ваҳийни ёлғонга чиқарганлари учун энди уларга дўзахнинг тубида аламли азоб бордир.

وَإِذَا قِيلَ لَهُمۡ لَا تُفۡسِدُواْ فِي ٱلۡأَرۡضِ قَالُوٓاْ إِنَّمَا نَحۡنُ مُصۡلِحُونَ

Уларга: "Ер юзида бузғунчилик қилманглар", дейилса, "Биз ислоҳ қилувчилармиз", дейдилар”.

Куфр, гуноҳлар ва бошқа ишлар билан заминни бузишдан, булғашдан қайтарилсалар, айбларини тан олмай, ўзларини солиҳ ва муслиҳлар (ислоҳ қилувчилар) қилиб кўрсатадилар.

أَلَآ إِنَّهُمۡ هُمُ ٱلۡمُفۡسِدُونَ وَلَٰكِن لَّا يَشۡعُرُونَ

"Огоҳ бўлингизким, айнан ўшалар бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмаслар".

Ҳақиқат шуки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир. Лекин улар буни сезмайдилар. Қилаётган ишлари айни фасод эканини ҳис этмайдилар.

وَإِذَا قِيلَ لَهُمۡ ءَامِنُواْ كَمَآ ءَامَنَ ٱلنَّاسُ قَالُوٓاْ أَنُؤۡمِنُ كَمَآ ءَامَنَ ٱلسُّفَهَآءُۗ أَلَآ إِنَّهُمۡ هُمُ ٱلسُّفَهَآءُ وَلَٰكِن لَّا يَعۡلَمُونَ

Уларга, мана бу одамларга ўхшаб иймон келтиринглар, дейилса, эси пастларга ўхшаб иймон келтирайликми, дейдилар. Огоҳ бўлингки, уларнинг ўзлари эси пастлардир. Лекин буни билмаслар”.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобалари каби иймон келтиришга буюрилсалар, уни масхара оҳангида рад этиб, эси пастларга ўхшаб иймон келтирайликми, дейишади. Аслида эса уларнинг ўзлари эси пастлардир. Лекин буни ўзлари билмайдилар.

وَإِذَا لَقُواْ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ قَالُوٓاْ ءَامَنَّا وَإِذَا خَلَوۡاْ إِلَىٰ شَيَٰطِينِهِمۡ قَالُوٓاْ إِنَّا مَعَكُمۡ إِنَّمَا نَحۡنُ مُسۡتَهۡزِءُونَ

"Мўминларга йўлиққанларида, иймон келтирдик, дерлар, шайтонлари билан холи қолганда эса, биз сизлар биланмиз, биз уларнинг устидан куляпмиз, холос, дерлар".

Мўминлар билан учрашганларида қўрққанларидан, сизлар иймон келтираётган ваҳийни рост деб биламиз, дейдилар. Ўзларининг бошлиқлари, раҳбарлари билан холи қолганларида эса, биз ҳали ҳам сизлар биланмиз, сизларнинг йўлингиздамиз, мўминларнинг устидан кулиш, уларни масхара қилиш учун тил учида уларни тасдиқлаб қўйяпмиз, дейдилар.

ٱللَّهُ يَسۡتَهۡزِئُ بِهِمۡ وَيَمُدُّهُمۡ فِي طُغۡيَٰنِهِمۡ يَعۡمَهُونَ

"Аллоҳ уларнинг устидан кулади ва ўз туғёнларида адашиб юришларига қўйиб беради".

Улар мўминларнинг устидан кулаётган бўлсалар, Аллоҳ уларнинг устидан кулади. Нима эккан бўлсалар, ўшани ўрадилар. Шунинг учун уларга бу дунёда мусулмонларнинг ҳукмлари жорий қилинса-да, охиратда мукофот олиш ўрнига кофирлиги ва мунофиқлиги туфайли жазога тортиладилар. Айни пайтда Аллоҳ уларни ўз туғёнларию залолатлари гирдобида қолиб кетишларига қўйиб беради. Шу билан ҳайронлигу иккиланиш уларнинг доимий ҳамроҳига айланади.

أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ ٱشۡتَرَوُاْ ٱلضَّلَٰلَةَ بِٱلۡهُدَىٰ فَمَا رَبِحَت تِّجَٰرَتُهُمۡ وَمَا كَانُواْ مُهۡتَدِينَ

"Улар ҳидоятнинг ўрнига залолатни сотиб олган кимсалардир. Бас, бу савдоларида фойда қилмадилар ва ҳидоят топганлар қаторидан жой олмадилар".

Улар чин маънодаги эси пастлардир. Чунки иймон турганда куфрни танладилар, сотиб олдилар. Табиийки, бу савдоларида фойда қилмадилар, аксинча, зарар кўрдилар. Аллоҳга бўлган иймонни қўлдан бой бердилар. Айни пайтда ҳақиқат йўлини топганлар қаторидан ҳам жой олмадилар.

Саркашликлари ва ваҳийни ёлғонга чиқарганлари сабабли Аллоҳ қалбларини муҳрлаб қўйган бадбахтларга ҳар қанча кўп, улкан бўлмасин, ҳеч қандай оятлар фойда бермайди.

Аллоҳ таолонинг ёлғончига чиқарувчи золимларни маълум муддат ўз ҳолига ташлаб қўйиши билмай қолгани ёки ночорлигидан эмас, балки уларнинг гуноҳлари ортиши ва шу билан уларга бериладиган азоб ҳам янада улканлашиши учун бўлган.

1-қисм

Муқим Маҳмуд таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!