Бақара сураси тафсири

23:05 13.07.2019 794

مَثَلُهُمۡ كَمَثَلِ ٱلَّذِي ٱسۡتَوۡقَدَ نَارٗا فَلَمَّآ أَضَآءَتۡ مَا حَوۡلَهُۥ ذَهَبَ ٱللَّهُ بِنُورِهِمۡ وَتَرَكَهُمۡ فِي ظُلُمَٰتٖ لَّا يُبۡصِرُونَ

Улар мисоли ёққан ўти энди атрофини ёритганида Аллоҳ нурларини кетказиб, қоронғу зулматларда қолдирган  (ва ҳеч нарсани) кўрмайдиган кишиларга ўхшарлар”.

Аллоҳ бу мунофиқлар учун икки масални зарб этди. Бири ўтга, иккинчиси эса сувга оид. Ўтга оид масал шуки, улар худди ёруғлик учун ўт ёққан ва ўти энди атрофини ёритиб, ундан фойдаланамиз, деб туришганида ўт қолса ҳам ёруғлиги кетиб, ўзлари қоронғуда ҳеч нарсани кўрмай, йўлини тополмаётган одамларга ўхшайдилар.

صُمُّۢ بُكۡمٌ عُمۡيٞ فَهُمۡ لَا يَرۡجِعُونَ

Улар кар, соқов, кўрдирлар. Бас, улар (йўлларидан) қайтмаслар”.

Ҳа, улар ҳақиқатга қулоқ солмайдиган кардирлар. Ҳақиқатни гапирмайдиган соқовдирлар. Ҳақиқатни кўрмайдиган кўрдирлар. Шундай бўлгач, улар ўзларининг залолатларидан қайтмайдилар.

أَوۡ كَصَيِّبٖ مِّنَ ٱلسَّمَآءِ فِيهِ ظُلُمَٰتٞ وَرَعۡدٞ وَبَرۡقٞ يَجۡعَلُونَ أَصَٰبِعَهُمۡ فِيٓ ءَاذَانِهِم مِّنَ ٱلصَّوَٰعِقِ حَذَرَ ٱلۡمَوۡتِۚ وَٱللَّهُ مُحِيطُۢ بِٱلۡكَٰفِرِينَ

Ёки улар чақмоқ, момоқалдирок, қоронғуликлар билан осмондан қуяётган ёмғир остида яшиндан қўрққанларидан панжаларини қулоқларига тиқиб олган ҳолларида ўлим — ҳалокатдан қочмоқчи бўлиб турган кимсалар кабидирлар. Аллоҳ эса кофирларни ўраб олгувчидир”.

Сувга оид масал шуки, улар осмонни қора булут қоплаб, момақалдироқ ва чақмоқлар билан қуяётган ёмғир остида қолиб, қўрқув ва даҳшатдан эсини йўқотаёзган, ўлимдан қўрқиб, момақалдироқнинг даҳшатли овозидан бармоқларини қулоқларига тиқиб олган кимсаларга ўхшайдилар. Аллоҳ кофирларни ҳар тарафдан ўраб олгувчидирки, улар асло чап бера олмаслар.

يَكَادُ ٱلۡبَرۡقُ يَخۡطَفُ أَبۡصَٰرَهُمۡۖ كُلَّمَآ أَضَآءَ لَهُم مَّشَوۡاْ فِيهِ وَإِذَآ أَظۡلَمَ عَلَيۡهِمۡ قَامُواْۚ وَلَوۡ شَآءَ ٱللَّهُ لَذَهَبَ بِسَمۡعِهِمۡ وَأَبۡصَٰرِهِمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٞ

Яшин кўзларини олиб қўйгудек бўлади. У (атрофини) ёритганида юриб оладилар, ўчганида туриб қоладилар. Агар Аллоҳ хоҳласа қулоқ ва кўзларини йўқ қилган бўлур эди. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир”.

Яшин нурининг ўткирлиги билан уларнинг кўзларини олиб қўяй дейди. У атрофни ёритганида юриб оладилар, ўчганида эса турган жойларида қимирламасдан қотиб қоладилар. Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳақиқатдан юз ўгирганлари туфайли уларнинг кўзу қулоқларини Ўзининг чексиз қудрати ила батамом йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин. Ёмғир Қуръонга, момақалдироқ овози ундаги тақиқлару огоҳлантиришларга, чақмоқнинг чақиши гоҳида бир ҳақиқатнинг ялт этиб кўринишига, қулоқларни бармоқлар билан тўсиш эса ҳақдан юз ўгириб, унга қулоқ солмасликка ўхшатиляпти. Мунофиқлар билан бу икки масалдагиларнинг ўхшашлик жиҳати фойдалана билмасликдир. Ўтга оид масалда олган фойдалари қоронғулик ва куйиш бўлди холос. Сувга оид масалда эса қўрқув ва безовталик бўлди. Мунофиқлар ҳам худди шундай. Уларга Ислом фақат қийинчилик ва оғир юк бўлиб кўринади.

Аллоҳ одамларни мўминлар, кофирлар ва мунофиқларга ажратиб, ҳар бирини баён қилиб бўлганидан кейин уларнинг ҳаммасини ёлғиз Ўзигагина бандалик қилишга чақириб, шундай дейди:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ ٱعۡبُدُواْ رَبَّكُمُ ٱلَّذِي خَلَقَكُمۡ وَٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَتَّقُونَ

Эй одамлар, сизларни ва сизлардан олдингиларни яратган Парвардигорингизга ибодат қилинглар. Шоядки, (шунда) тақво қилсангизлар”.

Эй одамлар, ёлғиз Парвардигорингизгагина бандалик қилинг. Ундан ўзгани маъбуд тутманг. Чунки сизларни ҳам, сизлардан олдингиларни ҳам яратган Ўша Зотдир. Шоядки, шунда Аллоҳнинг буйруқларию тақиқларига риоя этиб, азобидан қутулиб қолсангизлар.

ٱلَّذِي جَعَلَ لَكُمُ ٱلۡأَرۡضَ فِرَٰشٗا وَٱلسَّمَآءَ بِنَآءٗ وَأَنزَلَ مِنَ ٱلسَّمَآءِ مَآءٗ فَأَخۡرَجَ بِهِۦ مِنَ ٱلثَّمَرَٰتِ رِزۡقٗا لَّكُمۡۖ فَلَا تَجۡعَلُواْ لِلَّهِ أَندَادٗا وَأَنتُمۡ تَعۡلَمُونَ

“(Парвардигорингиз)ки, сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг”.

Ерни сизларга тўшаб маскан қилиб берган ҳам, унинг устига мустаҳкам самони бино қилган ҳам, сизларга ризқ бўлсин деб, ёмғир ёғдириб, турли меваларни етилтирган ҳам Ўша Зотдир. Шундай экан, улуғ ва буюк Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини била туриб, У Зотга бошқаларни тенглаштирманг, ширк келтирманг.

وَإِن كُنتُمۡ فِي رَيۡبٖ مِّمَّا نَزَّلۡنَا عَلَىٰ عَبۡدِنَا فَأۡتُواْ بِسُورَةٖ مِّن مِّثۡلِهِۦ وَٱدۡعُواْ شُهَدَآءَكُم مِّن دُونِ ٱللَّهِ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ

Бандамизга туширган нарсамизга шак-шубҳангиз бўлса, унга ўхшаш бир сурани келтиринг ва рост айтаётган бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг”.

Эй одамлар, бандамиз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръонга шак-шубҳа қилаётган бўлсангиз, сизларни беллашувга чорлаймиз. Унга ўхшаган биргина сурани ёзинглар-чи, энг қисқаси бўлса ҳам майли. Қилаётган даъвойинглар рост бўлса, қўлингиздан келганча ёрдамчиларингизни чақираверинглар.

فَإِن لَّمۡ تَفۡعَلُواْ وَلَن تَفۡعَلُواْ فَٱتَّقُواْ ٱلنَّارَ ٱلَّتِي وَقُودُهَا ٱلنَّاسُ وَٱلۡحِجَارَةُۖ أُعِدَّتۡ لِلۡكَٰفِرِينَ

Агар қилолмасангизлар, ҳеч қачон қилолмайсизлар ҳам, ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар”.

Бу иш қўлингиздан келмаса, келмайди ҳам, азобга лойиқ бўлган одамларни ҳам, сизлар маъбуд қилиб олганлари бўладими, бошқаси бўладими, турли хил тошларни ҳам куйдирадиган ўтдан қўрқинглар. Бу ўтни - дўзахни Аллоҳ кофирлар учун тайёрлаб қўйган.

Аллоҳ таоло мунофиқларга мунофиқликлари ва ҳидоятдан юз ўгирганлари туфайли энг оғир, энг муҳтож ҳолатга тушиб қолганларида ёрдам бермайди.

Ёлғиз Аллоҳгагина бандалик қилишимиз вожиблигига энг улкан далиллардан бири шуки, У Зот борлиқдаги барча нарсани биз учун яратди ва ҳаммасини бизга бўйсундириб берди.

Одамларнинг Қуръони каримдан биргина сурани ҳам айта олмасликлари унинг ҳар нарсани биладиган, ҳар ишни ҳикмат билан қиладиган Алим, Ҳаким Зот тарафидан эканига далолат қилади.

1-қисм 2-қисм

Муқим Маҳмуд таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!