Илм

Бақара сураси тафсири

430

وَإِذۡ قَالَ رَبُّكَ لِلۡمَلَٰٓئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٞ فِي ٱلۡأَرۡضِ خَلِيفَةٗۖ قَالُوٓاْ أَتَجۡعَلُ فِيهَا مَن يُفۡسِدُ فِيهَا وَيَسۡفِكُ ٱلدِّمَآءَ وَنَحۡنُ نُسَبِّحُ بِحَمۡدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَۖ قَالَ إِنِّيٓ أَعۡلَمُ مَا لَا تَعۡلَمُونَ

 Эсланг! Парвардигорингиз фаришталарга:

- Мен заминга (одамни) халифа қиламан, - деганида, улар:

- У ерда бузғунчилик қиладиган, ноҳақ қонлар тўкадиган (инсонни) халифа қиласанми, биз Сени улуғлаб, Сенга тасбеҳ, ҳамд айтяпмиз-ку, - дейишди. Шунда Аллоҳ:

- Мен сизлар билмаган (нарсалар)ни биламан, - деди.

Аллоҳ таоло фаришталарга, ер юзида ўзидан кўпаядиган, насл қолдирадиган ва Аллоҳга итоат қилиш орқали заминни ободонлаштирадиган инсониятни яратишини айтди. Фаришталар эса бу ишнинг остидаги маънони, ҳикматни тушуна олмаганларидан аниқлаштириб олиш учун, ахир улар ер юзида бузғунчилик қиладилар-ку, ноҳақ қонлар тўкадилар-ку, Сенга ҳар қанча итоат қилиш, ҳамд айтиш, тасбеҳ айтиш ва Сени ҳар қанча улуғлаш бўлса, мана, биз турибмиз-ку, дейишди. Шунда Аллоҳ уларга жавобан, бу ишнинг остидаги мен билган олий ҳикматларни ва буюк ғояларни сизлар билмайсизлар, деди.

وَعَلَّمَ ءَادَمَ ٱلۡأَسۡمَآءَ كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمۡ عَلَى ٱلۡمَلَٰٓئِكَةِ فَقَالَ أَنۢبُِٔونِي بِأَسۡمَآءِ هَٰٓؤُلَآءِ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ

Одамга ҳамма нарсаларнинг номларини ўргатиб, уларни фаришталарга рўбарў қилди-да, гапларингиз рост бўлса, шуларнинг номларини Менга айтиб беринглар-чи, деди.

Аллоҳ Одам алайҳиссаломга ҳамма нарсаларнинг номларини, сўзни, сўзнинг шакли ва мазмунини ўргатиб, уни наботот ва ҳайвонот оламидан юксалтирди. Кейин уларни фаришталарга рўбарў қилиб, агар, биз одамдан афзалроқ ва мукаммалроқ махлуқмиз, деган гапларингиз рост бўлса, шу номларни айтиб беринглар-чи, деди.

قَالُواْ سُبۡحَٰنَكَ لَا عِلۡمَ لَنَآ إِلَّا مَا عَلَّمۡتَنَآۖ إِنَّكَ أَنتَ ٱلۡعَلِيمُ ٱلۡحَكِيمُ

- Пок Павардигоро, бизда Ўзинг ўргатганингдан бошқа илм йўқ, ҳамма нарсани билгувчи ҳар ишни ҳикмат билан қилгувчи Ўзингсан, - дедилар фаришталар.

Фаришталар ўз нуқсонларини тан олиб, ҳамма фазл Аллоҳники эканини эътироф этиб, Пок Парвардигоро, Сенинг ҳукминг ва шариатингга эътироз билдиришга ҳаддимиз сиғмайди, чунки Улуғсан ва ҳар қандай нуқсондан поксан, бизга Ўзинг ўргатганингдан бошқа нарсани билмаймиз, ҳамма-ҳамма нарсани биладиган, ҳамма ишни ҳикмат билан жой-жойига қўйиб қиладиган зот Ўзингсан, дейишди.

قَالَ يَٰٓـَٔادَمُ أَنۢبِئۡهُم بِأَسۡمَآئِهِمۡۖ فَلَمَّآ أَنۢبَأَهُم بِأَسۡمَآئِهِمۡ قَالَ أَلَمۡ أَقُل لَّكُمۡ إِنِّيٓ أَعۡلَمُ غَيۡبَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ وَأَعۡلَمُ مَا تُبۡدُونَ وَمَا كُنتُمۡ تَكۡتُمُونَ

Аллоҳ:

- Эй Одам, уларга бу нарсаларнинг номларини айтиб бер, - деди. Одам уларнинг номларини айтиб бергач, (Аллоҳ фаришталарга):

- Сизларга еру осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган нарсаларни ҳам, яширган ишларни ҳам биламан, демаганмидим, - деди.

Ана шунда Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга:

- Фаришталарга нарсаларнинг номларини айтиб бер, - деди. Одам алайҳиссалом айтиб бергач, Аллоҳ таоло фаришталарга қарата шундай деди:

- Мен сизларга, еру-осмонлардаги ҳамма яширин сирларни ҳам, сизларнинг ташинглардаги очиқ кўриниб турган жиҳатингларни ҳам, ичингларда яширган сирингларни ҳам биламан, демаганмидим.

وَإِذۡ قُلۡنَا لِلۡمَلَٰٓئِكَةِ ٱسۡجُدُواْ لِأٓدَمَ فَسَجَدُوٓاْ إِلَّآ إِبۡلِيسَ أَبَىٰ وَٱسۡتَكۡبَرَ وَكَانَ مِنَ ٱلۡكَٰفِرِينَ

Эсланг! Биз фаришталарга, Одамга сажда қилинг, деганимиз заҳоти сажда қилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб, кофирлардан бўлди.

Бу ердаги сажда қадрлаш ва эҳтиром маъносида. Аллоҳ фаришталарга шундай сажда қилишни буюргани заҳоти уни бажардилар. Асли жиндан бўлган Иблисгина бу ишдан бош тортди. Аллоҳнинг буйруғига қарши чиқди, Одамга сажда қилишдан ўзини катта олиб, кибр қилди ва шу билан кофирлар сафига қўшилди.

وَقُلۡنَا يَٰٓـَٔادَمُ ٱسۡكُنۡ أَنتَ وَزَوۡجُكَ ٱلۡجَنَّةَ وَكُلَا مِنۡهَا رَغَدًا حَيۡثُ شِئۡتُمَا وَلَا تَقۡرَبَا هَٰذِهِ ٱلشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ ٱلظَّٰلِمِينَ

- Эй Одам, жуфтинг ила жаннатда тураверинглар ва ундан истаганингларча бемалол тановул қилаверинглар, фақат мана бу дарахтга яқинлашманглар, (яқинлашсангизлар), золимлар сафига ўтиб қоласизлар, - дедик.

- Эй Одам, жуфтинг Ҳаво билан жаннатда тураверинглар, ундан истаганингларча бемалол тановул қилаверинглар, ош бўлсин, фақат мана бу дарахтдан тановул қилиш ман қилинган, унга яқинлашманглар, яқинлашсангизлар, буйруққа бўйсунмаганингиз туфайли золимлар сафига ўтиб қоласизлар, - дедик.

فَأَزَلَّهُمَا ٱلشَّيۡطَٰنُ عَنۡهَا فَأَخۡرَجَهُمَا مِمَّا كَانَا فِيهِۖ وَقُلۡنَا ٱهۡبِطُواْ بَعۡضُكُمۡ لِبَعۡضٍ عَدُوّٞۖ وَلَكُمۡ فِي ٱلۡأَرۡضِ مُسۡتَقَرّٞ وَمَتَٰعٌ إِلَىٰ حِينٖ

Бас, уларни шайтон йўлдан оздириб, турган жойларидан чиқарди. Шунда:

- Тушинглар, энди бир-бирингизга душмансиз ва маълум муддат ерни маскан тутиб яшайсиз, - дедик.

Шайтон уларни тинимсиз васваса қилаверди. Охири улар йўлдан озиб, Аллоҳ ман қилган дарахтдан тановул қилдилар. Бунинг жазоси ўлароқ, ўзлари яшаётган жойларидан - жаннатдан қувилдилар. Аллоҳ уларга ва шайтонга:

- Ерга тушинглар, энди сизлар бир-бирингизга душмансиз ва то ажалингиз етиб, қиёмат қоим бўлгунига қадар уни маскан тутиб яшайсиз, ундаги неъматлардан баҳраманд бўласиз, - деди.

فَتَلَقَّىٰٓ ءَادَمُ مِن رَّبِّهِۦ كَلِمَٰتٖ فَتَابَ عَلَيۡهِۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلتَّوَّابُ ٱلرَّحِيمُ

Бас, Одам Парвардигоридан сўзлар (фармонлар) қабул қилиб олди ва Аллоҳ уни кечирди. Албатта, У тавбаларни қабул қиладиган меҳрибон Зотдир.

Аллоҳ таоло Одамга сўзларни отди ва Одам уларни илиб олди. Яъни, Аллоҳ унинг қалбига қандай дуо қилиши илҳомини солди. "Улар (Одам ва Ҳаво), Парвардигоро, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, зиён кўргувчилардан бўлиб қолишимиз муқаррар"(Аъроф сураси, 23-оят). Кейин Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди ва уни кечирди. Зеро, ҳар қандай нуқсондан пок Аллоҳ бандаларининг тавбаларини қабул қиладиган, уларга меҳрибон Зотдир.

Банда Аллоҳнинг бирон яратиши ва фармонидаги ҳикматни билолмай қолса, ҳаммасини Аллоҳнинг Ўзига топшириб, батамом таслим бўлиши вожибдир.

Қуръони карим илм мақомини юксалтирди ва махлуқотлар ўртасидаги афзалликни унга боғлиқ қилиб қўйди.

Гуноҳлар боши ва махлуқотларга ёғиладиган ҳамма балолар асоси кибрдир. Илк бора Аллоҳга осийлик қилиш у туфайли содир бўлган.

قُلۡنَا ٱهۡبِطُواْ مِنۡهَا جَمِيعٗاۖ فَإِمَّا يَأۡتِيَنَّكُم مِّنِّي هُدٗى فَمَن تَبِعَ هُدَايَ فَلَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ

«У жойдан ҳаммангиз тушинг», дедик. «Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида, ҳидоятимга эргашган кишиларга хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар».

Уларга, ҳаммаларингиз жаннатдан ерга тушинглар, сизларга пайғамбарларим орқали ҳидоят борганида, ҳидоятимга эргашиб, пайғамбарларимга иймон келтирганларга охиратда ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва улар дунёда йўқотган нарсалари учун хафа бўлмаслар, дедик.

وَٱلَّذِينَ كَفَرُواْ وَكَذَّبُواْ بَِٔايَٰتِنَآ أُوْلَٰٓئِكَ أَصۡحَٰبُ ٱلنَّارِۖ هُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ

Куфр келтириб, оятларимизни ёлғон деган кимсалар эса дўзах эгалари бўлиб, унда абадий қолажаклар.

Куфр келтириб, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар эса дўзахда абадий қоладилар.

1-қисм 2-қисм 3-қисм

Муқим Маҳмуд таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Нур сураси, 55 оят тафсири

279 06:00 22.11.2019

Анкабут сураси, 8 оят тафсири

233 06:00 21.11.2019

Оли Имрон сураси, 31 оят тафсири

270 06:00 20.11.2019

Ҳужурот сураси, 15 оят тафсири

472 06:00 18.11.2019

Қанчалар оз шукр қиласизлар-а!

794 19:00 03.01.2019
« Орқага