Бақара сураси тафсири

23:00 05.09.2019 345

وَإِذۡ أَخَذۡنَا مِيثَٰقَ بَنِيٓ إِسۡرَٰٓءِيلَ لَا تَعۡبُدُونَ إِلَّا ٱللَّهَ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَانٗا وَذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَقُولُواْ لِلنَّاسِ حُسۡنٗا وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ ثُمَّ تَوَلَّيۡتُمۡ إِلَّا قَلِيلٗا مِّنكُمۡ وَأَنتُم مُّعۡرِضُونَ

«Фақат Аллоҳгагина ибодат қиласизлар, ота-она, қариндош-уруғ, етим ва мискинларга яхшилик қиласизлар. Одамларга чиройли сўзлар сўзлангиз ва намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг», деб Бани Исроилдан аҳду паймон олганимизни эсланглар. Кейин эса (Эй Бани Исроил,) озгина кишидан ташқари ҳаммангиз юз ўгириб кетдингиз.

Эй Бани Исроил, сиздан аҳду паймон олганимизни эсланг! У Аллоҳни бир деб билиш, Ундан бошқасига ибодат қилмаслик, ота-она, қариндош-уруғ, етим-есир ва камбағал-бечораларга яхшилик қилиш ҳамда одамларга қўполлик қилмасдан, зуғум ўтказмасдан, илиқ сўзларни сўзлаб, уларни яхшиликка чорлаш ва ёмонликдан қайтариш, намозни худди буюрилгандек тўкис адо этиш, закотни ҳақдорларига мамнуният билан бериш ҳақида эди. Кейин эса сизлар аҳдга вафо қилиш ўрнига ундан юз ўгириб кетдингизлар. Бир сиқимгина одам қолди, холос.

Айрим аҳли китоблар Аллоҳ нозил қилган нарсани биламан, деб даъво қиладилар. Аслида эса билмайдилар. Даъволари пуч.

Энг катта гуноҳ қилувчилардан бири Аллоҳ таоло ва унинг пайғамбарлари устида ёлғон гапириб, улар айтмаган гапларни айтди, дейдиган кимсадир.

Аллоҳ таоло яҳудлардан шу қадар қаттиқ аҳду паймон олишига ва уни шу қадар қаттиқ таъкидлашига қарамасдан, улар юз ўгиришда ва рад этишда давом этавердилар.

وَإِذۡ أَخَذۡنَا مِيثَٰقَكُمۡ لَا تَسۡفِكُونَ دِمَآءَكُمۡ وَلَا تُخۡرِجُونَ أَنفُسَكُم مِّن دِيَٰرِكُمۡ ثُمَّ أَقۡرَرۡتُمۡ وَأَنتُمۡ تَشۡهَدُونَ

Бир-бирингизнинг қонларингизни тўкмайсиз ва диёрингиздан ҳайдамайсиз, деб сизлардан аҳду паймон олганимизни эсланг. Сўнгра, гувоҳлик бериб туриб иқрор бўлдингиз.

Эсланглар, Тавротда сизлардан бир-бирингизнинг қонини тўкмайсиз, бир-бирингизни диёрингиздан ҳайдамайсиз, деб сизлардан аҳду паймон олгандик. Буни эътироф этгандингиз. Тўғри эканига гувоҳ бўлгандингиз.

ثُمَّ أَنتُمۡ هَٰٓؤُلَآءِ تَقۡتُلُونَ أَنفُسَكُمۡ وَتُخۡرِجُونَ فَرِيقٗا مِّنكُم مِّن دِيَٰرِهِمۡ تَظَٰهَرُونَ عَلَيۡهِم بِٱلۡإِثۡمِ وَٱلۡعُدۡوَٰنِ وَإِن يَأۡتُوكُمۡ أُسَٰرَىٰ تُفَٰدُوهُمۡ وَهُوَ مُحَرَّمٌ عَلَيۡكُمۡ إِخۡرَاجُهُمۡۚ أَفَتُؤۡمِنُونَ بِبَعۡضِ ٱلۡكِتَٰبِ وَتَكۡفُرُونَ بِبَعۡضٖۚ فَمَا جَزَآءُ مَن يَفۡعَلُ ذَٰلِكَ مِنكُمۡ إِلَّا خِزۡيٞ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَاۖ وَيَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ يُرَدُّونَ إِلَىٰٓ أَشَدِّ ٱلۡعَذَابِۗ وَمَا ٱللَّهُ بِغَٰفِلٍ عَمَّا تَعۡمَلُونَ

Сўнгра, сиз ўзингизни ўзингиз ўлдирасиз ва бир гуруҳингизни диёридан ҳайдайсиз ҳамда уларга қарши гуноҳ ва душманлик йўлида ёрдам берасиз. Агар улар асир бўлсалар, қутқариб оласиз. Ҳолбуки, уларни ҳайдаш ҳаром эди. Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирасизми?! Сизлардан ўшандоқ қилганларнинг жазоси бу дунёда фақат расво бўлиш, қиёмат кунида эса энг шиддатли азобга қайтарилурлар. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмас.

Кейин эса сизлар аҳдни бузасизлар. Бирингиз яна бирингизни ўлдиради, бир гуруҳ бошқа бир гуруҳни диёридан ҳайдайди, уларга қарши зулму туғён асосида ўзаро ҳамкорлик қилади, асир тушганларни товон тўлаб қутқариб ҳам оласизлар. Ҳолбуки, юртдан ҳайдаш аслида ҳаром эди. Қандай қилиб, Тавротнинг бир қисмига иймон келтириб, бошқа бир қисмини инкор қиласизлар? Асирларни товон тўлаб қутқариб олиш ҳақидаги гапларга иймон келтирасизлару қон тўкмаслик, юртдан ҳайдамаслик ҳақидаги кўрсатмаларни рад этасизлар? Ораларингиздаги бундай ишларни қилган кимсалар бу дунёда хор-зор бўлиши, охиратда эса энг қаттиқ азобга учраши муқаррардир. Аллоҳ сизларнинг қилаётган ишларингиздан ғофил эмас. Ҳаммасини кўриб-билиб турибди. Вақти келганда ҳаммасининг жазосини беради.

أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ ٱشۡتَرَوُاْ ٱلۡحَيَوٰةَ ٱلدُّنۡيَا بِٱلۡأٓخِرَةِۖ فَلَا يُخَفَّفُ عَنۡهُمُ ٱلۡعَذَابُ وَلَا هُمۡ يُنصَرُونَ

Ана ўшалар дунё ҳаётини охиратга сотиб олганлардир. Улардан азоб енгиллатилмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас.

Фонийни боқийдан афзал билиб, охиратини дунёсига алиштириб юборганлар ана ўшалар. Охиратда уларнинг азоби енгиллатилмайди, уларга ҳеч ким ёрдам ҳам бера олмайди.

وَلَقَدۡ ءَاتَيۡنَا مُوسَى ٱلۡكِتَٰبَ وَقَفَّيۡنَا مِنۢ بَعۡدِهِۦ بِٱلرُّسُلِۖ وَءَاتَيۡنَا عِيسَى ٱبۡنَ مَرۡيَمَ ٱلۡبَيِّنَٰتِ وَأَيَّدۡنَٰهُ بِرُوحِ ٱلۡقُدُسِۗ أَفَكُلَّمَا جَآءَكُمۡ رَسُولُۢ بِمَا لَا تَهۡوَىٰٓ أَنفُسُكُمُ ٱسۡتَكۡبَرۡتُمۡ فَفَرِيقٗا كَذَّبۡتُمۡ وَفَرِيقٗا تَقۡتُلُونَ

Албатта Биз Мусога китобни бердик ва унинг ортидан Пайғамбарларни кетма-кет юбордик. Марямнинг ўғли Ийсога ҳужжатларни бердик ва уни Руҳул-қудс билан қўлладик. Ҳар қачон Пайғамбар сизнинг ҳавойи нафсингизга ёқмайдиган нарса келтирса, мутакаббирлик қилиб, баъзиларини ёлғончига чиқариб, баъзиларини ўлдираверасизми?!

Мусога Тавротни бердик. Унинг ортидан яна бир неча пайғамбарлар юбордик. Марямнинг ўғли Ийсога ўликларни тирилтириш ва пес, моховларни даволаш каби унинг ҳақлигини тасдиқловчи очиқ-равшан ҳужжатлар бердик ҳамда уни Жаброил алайҳиссалом билан қўлладик. Эй Бани Исроил, қайси пайғамбар кўнглингизга ёқмайдиган ишни олиб келса, ундан ўзингизни катта олиб, бирини ёлғончига чиқариб, бошқасини ўлдираверасизларми?!

وَقَالُواْ قُلُوبُنَا غُلۡفُۢۚ بَل لَّعَنَهُمُ ٱللَّهُ بِكُفۡرِهِمۡ فَقَلِيلٗا مَّا يُؤۡمِنُونَ

Улар: «Қалбимиз қулфланган», дедилар. Йўқ, ундай эмас, куфрлари сабабли Аллоҳ уларни лаънатлаган. Бас, озгинагина иймон келтирурлар.

Яҳудларнинг Муҳаммад алайҳиссаломга эргашмаслик учун келирадиган ҳужжатлари "Дилларимизга қулф урилган, сен айаётган гаплар уларга етиб бормайди, гапингни улар тушунмайдилар", дейиш бўлди. Аслида эса ундай эмас. Балки Аллоҳ уларни Ўз раҳматидан қувди. Энди улар Аллоҳ нозил қилган ишларнинг айримларигагина иймон келтирадилар.

Аллоҳ нозил қилган ишларнинг бирига иймон келтириб, бошқасига куфр келтириш – куфрнинг энг улкан кўринишларидан бири. Зеро, шундай қилган киши ўз ҳавойи нафсини ўзига Худо қилиб олган бўлади.

Яҳудлар саркашликда, ҳавойи нафсга тобе бўлишда ва Аллоҳ нозил қилган ҳукмлар билан ўйнашишда нақадар улкан гуноҳга ботдилар.

Аллоҳнинг ўз халқига фазлу марҳамати чексиз. Шунда ҳам У Зот уларни тўғри йўлга солиш учун кетма-кет пайғамбарлар юбораверди.

Аллоҳ ҳидоятдан юз ўгириб, буйруқларини инкор қилган одамларни қалбларини муҳрлаш ва Ўз раҳматидан мосуво қилиш билан жазолайди. Бас, улар ҳақиқат сари асло йўл топа олмаслар ва ақлларини ҳам ишлата билмаслар.

وَلَمَّا جَآءَهُمۡ كِتَٰبٞ مِّنۡ عِندِ ٱللَّهِ مُصَدِّقٞ لِّمَا مَعَهُمۡ وَكَانُواْ مِن قَبۡلُ يَسۡتَفۡتِحُونَ عَلَى ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ فَلَمَّا جَآءَهُم مَّا عَرَفُواْ كَفَرُواْ بِهِۦۚ فَلَعۡنَةُ ٱللَّهِ عَلَى ٱلۡكَٰفِرِينَ

Қачонки уларга Аллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи китоб келганда — ҳолбуки, илгари кофирларга қарши ўша китобдан ёрдам кутардилар — бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганда унга кофир бўлдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай.

Аллоҳ тарафидан нозил бўлган Қуръони карим Таврот ва Инжилнинг бузилмаган асл шаклидаги умумий соғлом тамалларга мувофиқ тарзда келган. Улар Қуръон нозил бўлишидан олдин, бизга яқинда бир пайғамбар юборилади, унга иймон келтириб ва эргашиб, мушриклар устидан ғалаба қозонамиз, дейишарди. Қуръон ва Муҳаммад алайҳиссалом ўша ўзлари айтган таърифга ва ўзлари ўргатаётган ҳақиқатга мувофиқ келганини кўра-била туриб, унга куфр келтирдилар. Энди бундай кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин.

بِئۡسَمَا ٱشۡتَرَوۡاْ بِهِۦٓ أَنفُسَهُمۡ أَن يَكۡفُرُواْ بِمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ بَغۡيًا أَن يُنَزِّلَ ٱللَّهُ مِن فَضۡلِهِۦ عَلَىٰ مَن يَشَآءُ مِنۡ عِبَادِهِۦۖ فَبَآءُو بِغَضَبٍ عَلَىٰ غَضَبٖۚ وَلِلۡكَٰفِرِينَ عَذَابٞ مُّهِينٞ

Аллоҳ бандаларидан хоҳлаган зотга ўз фазлу карами билан (ваҳий) юборишига қарши чиқиб, Аллоҳ нозил қилган нарсага кофир бўлишлари сабабли улар ўзларини энг ярамас нарсага сотдилар. Бас, ғазаб устига ғазаб билан қайтдилар. Кофирлар учун хор қилувчи азоб бордир.

Аллоҳга ва пайғамбарларига иймон келтиришдек буюк неъматни Аллоҳ нозил қилган ҳаққа куфр келтириб, пайғамбарларини ёлғончига чиқаришдек разолатга алмаштириш нақадар аянчли. Бу фожеанинг илдизи ҳасад ва тажовузкорлик бўлди. Улар пайғамбарликка Муҳаммад алайҳиссалом танланганига ва Қуръон у кишига нозил бўлганига ҳасад қилдилар. Натижада Аллоҳнинг қаттиқ, пайдар-пай ғазабига гирифтор бўлдилар. Чунки улар олдин Тавротни ўзгартириб юборгандилар. Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлигини инкор қилган кофирларга Қиёмат кунида хор қиладиган азоб бордир.

وَإِذَا قِيلَ لَهُمۡ ءَامِنُواْ بِمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ قَالُواْ نُؤۡمِنُ بِمَآ أُنزِلَ عَلَيۡنَا وَيَكۡفُرُونَ بِمَا وَرَآءَهُۥ وَهُوَ ٱلۡحَقُّ مُصَدِّقٗا لِّمَا مَعَهُمۡۗ قُلۡ فَلِمَ تَقۡتُلُونَ أَنۢبِيَآءَ ٱللَّهِ مِن قَبۡلُ إِن كُنتُم مُّؤۡمِنِينَ

Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага иймон келтиринг», дейилса, «Биз ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирамиз», дейдилар. Ва ундан кейин келган ўзларидаги нарсани тасдиқ этувчи ҳаққа кофир бўладилар. Айтинг, «Агар мўмин бўлган бўлсангизлар, нима сабабдан илгари Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирар эдингизлар?»

Яҳудларга, Аллоҳ шу пайғамбарига нозил қилган ҳақиқат ва ҳидоятга иймон келтиринглар, дейилса, ўзимизнинг пайғамбарларимизга нозил қилганигагина иймон келтирамиз, дейдилар ва Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган ҳақиқатни инкор қиладилар. Ҳолбуки, Қуръон Аллоҳ тарафидан олдин нозил бўлган ҳамма ишларга тўғри келадиган бир ҳақиқатдир. Агар улар ҳақиқатан ўзларига нозил қилинган ҳақиқатга ишонганларида Қуръонга ҳам ишонган бўлардилар. Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга айтингки, агар ростдан ишонган бўлсангизлар, у ҳолда нима учун ўша олдинги пайғамбарларни ўлдирдингизлар?


 1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм
6-қисм 7-қисм 8-қисм

Муқим Маҳмуд таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!