Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

“Баракали совутгич” ҳақида эшитдингизми?

2191

Сувсоз даҳасига янги кўчиб келганимизда рўзғорга нима керак бўлса, яқин орадаги супермаркетларга югурардик. Кейин кўча бошидаги дўконни “топиб олдик”. Сўнг Қўйлиқдаги деҳқон бозоридан бир марта харид қилиб, бозорнинг жуда баракали бўлишини билдик. Лекин барибир гўшт масаласида “Korzinka” борасидаги танловимиз ўзгармади. Даҳадаги “Мажнунтол” маҳалласида “Kavsar Zamin” дўкони очилгач, гўшт учун ҳам узоққа чопмайдиган бўлдик. Ҳам сифатли, ҳам арзонроқ. Хуллас, шу дўконга “ишониб қолганмиз”. Қандай янгилик борлигини пештоқидаги электрон ёзувлардан билиб оламиз: акциялар, чегирмалар, пенсионерларга имтиёзлар...

Ишчиларнинг муомала-муносабатлари ҳам кўнглингизни кўтаради. Хусусан, биздан доим қизимизни сўрашади: “Яхшими?” “Нимага обкемадинглар?” Эътибор кимга ёқмайди дейсиз? Уйда ҳам шу дўкон ҳақида кўп гаплашамиз. Иши юраётгани, Худо хоҳласа, бундан ҳам юришиб кетиши... демак, бошлиқлари яхши одамлиги, ишининг устаси экани...

Дўконнинг биз кўрган, илғаган бу каби хусусиятларини ўрганган “Artel” компанияси тўрт кун олдин дўкон маъмуриятига иккита совутгич ташлаб кетибди. Текинга. Яхшиликка ишлатишсин, деган ниятда. Хуллас, “Kavsar Zamin”нинг кириш эшиги олдидаги “Баракали совутгич”га бир харидор қаймоқ солиб кетганини кўрдим. Қарасам, яна ул-буллар бор. Совутгич эшигидаги, ёнбошидаги ёзувлардан билдимки, муҳтожларга кўмак учун қўйилган экан. Кўзим яшнаб кетди. Жуда ажойиб ташаббус. Бундан ташқари, нашриётда ўтиравериб, анча “ўтроқ” бўлиб қолган, шу иллатдан қутулиш учун “Azon.uz” сайтига ишга ўтган, сайт бошлиғи ҳафтасига одамлар эътиборини тортадиган учтадан репортаж сўраб турган мендек мухбир-муҳаррир учун ажойиб имконият эди. Мақолам табиийроқ бўлсин деб, дўкондаги сотувчи қиздан “Баракали совутгич” ҳақида сўрадим. “Бошлиғимизга учраша қолинг”, дегач, барибир раҳбарга кирмасам бўлмаслигини тушундим.

– Azon.uz сайтиданман. Ташқаридаги музлатгич ҳақида сўрамоқчийдим. Билишимча, саховат мақсадида қўйилган... Овозёзгични ёқаман, ўзингизни таништиришдан бошласангиз...

– Санжар Воҳидов, “Kavsar Zamin” дўкони раҳбариман. Бу ташаббус Artel компаниясиники. Тошкент шаҳри бўйлаб 300 та шунақа холодильник тарқатишган.

– Демак, бошқа дўконларда ҳам бор?

– Бор. Кейин-кейин республика бўйлаб оммалаштириш режалаштирилган. Биз биринчилар қаторида олдик. Шундоқ ташлаб кетишди. Ҳеч қандай хат-ҳужжат ҳам сўрашгани йўқ. “Бу – сизларга”, дейишди. Лекин биз балансимизга ҳам киритганимиз йўқ бу совутгичларни. Чунки улар халқники. Шу мақсадда берилганми, шу мақсадга ишласин. Улар шунчалик саховат кўрсатганида, бош тортармидик? Тўғрисини айтганда бизга ёқиб тушди. Бир нарсани айтай, уч юзта совутгич оз пул эмас, улар жуда катта ишга қўл уришди. Қойил лекин. Биздан нимаям кетарди: электр энергия, тозалигини, хавфсизлигини назорат қилиб туриш, ёрдам ҳақиқий муҳтожга етиб боришини таъминлаш... Хуллас, бу занжир-да, узилмасин энди. Сиз анча камайганида кўрибсиз. Биринчи-иккинчи кунлари нарса тўлиб кетди. Лекин ҳеч ким талаб кетмади. Битта нонга муҳтожлар ҳам йўқ эмас-у,   одамларимизнинг ориятлилиги ҳам бор гап. Уялишади. Шуни ҳисобга олиб, дўконни ёпдигу совутгичларни ташқарида қолдирдик. Инсонлар тортинмасин дедик. Мана, калити тортмамда турибди, пакетидан чиқарганим ҳам йўқ.

Ўзим танийдиган бир эҳтиёжманд опа бор эди, минг андиша билан шулардан опкетиши мумкинлигини айтдим. Бориб нималардир олди. Эртасига яна таклиф қилдим. “Йўқ, энди бошқаларнинг навбати, мен кеча рўзғоримни анча бутлаб олдим”, деди суюниб. 

Чет элларда кўп бўлганман, кўрганман, кузатганман. Лекин саховат қилишдаям, ёрдам олишдаям бизнинг халқимиздай самимийсини, ихлослисини учратмадим. Кечқурунлари “Баракали совутгич”ларимизни очиқ қўяётганимиз шундан.

Ўзи менга ёқмайдиган бир одат бор – катта-катта ташкилотлар бир мурувват тадбири ўтказса, телевизорда кўрсатилади, интернет тармоқларида тарқатилади. Саховатпешанинг мен қандоқманки, деб кибрга кетишига, ёрдам олган муҳтожнинг ўксинишига сабаб бўлади. Биз ҳам бу янги ташаббус ҳақида интернетдаги саҳифаларимиз орқали эълон бердик, мана, энди сизгаям гапиряпман. Лекин мақтаниш учун эмас, имконияти борлар ҳам, эҳтиёжмандлар ҳам бехабар қолмасин, ёрдам эгасига етсин деган мақсадда. Мана, сиз бир минг олти юз сўмга битта нон олиб қўясиз, кетасиз, уни кимга насиб қилганини билмайсиз. Лекин бу садақангиз ажрини Аллоҳ таолодан албатта оласиз. Ўша нонга етарли пули бўлмаган, бировдан ҳам сўролмайдиган кимсалар бор. Нонни сизнинг қўлингиздан эмас, совуткичдан олиб кетади, ўзини камситилгандай ҳис қилмайди...

– Тиламчиликка ўрганган миллатлар ҳам бор-ку, улар? – дедим андишамни тилимга чиқариб.

– Шунча кун ўтди, лекин тиламчиликни касб қилганларнинг ёпирилиб келиб, ҳамма нарсани талаб кетганини кўрмадим. Тўғри, уларгаям тушунтириш ишларини олиб бордик, ўз ораларида раисларигаям етказдик. Жуда унақа қаровсиз ҳам қўяётганимиз йўқ, уларнинг ножоиз ҳаракатини кўрмадик. Лекин муҳтож бўлиб келишса, ҳеч ким ҳайдамайди...

Суҳбатдошим яна кўп нарсаларни гапириб, “ўрни келганида айтдим-да, ёзмай қўяқолинг”, деди. Лекин барибир битта яхши ишини ўрни келганида айтмасам бўлмайди. “Айрим идоралар бор, ишчиларига яхши ойлик тўласа ҳам, ҳужжатда оз кўрсатади. Чунки шундай қилса, солиқни оз тўлайди. Қаршиман шу ишга. Бу икки томоннинг ҳақини ейиш бўлади. Бири тарафдан ўша солиқлардан ойлик, нафақа, стипендиялар тўланса, иккинчи тарафдан ишчининг келажакда оладиган пенсияси қоғоздаги маошига қараб белгиланади. Бугун қолиб, келажаккаям ёмон таъсир кўрсатади бунақа қалбакилик. Энг ёмони икки дунёда ўша ишни қилган одамнинг ўзига бўлади. Худо асрасин!”

Суҳбат пайти қизим ҳам ёнимда эди. Бола-да, бирпасда зерикиб қолди. Қизим дўконга чиқиб шоколад олдириш иштиёқи билан, мен эса саховатни ёйиш борасида ташаббус кўрсатаётган одамлар кўплиги ҳақида мулоҳазалар билан раҳбар хонасидан чиқдик. Тезроқ уйга бориб, хўжайинимга бу дўконнинг ишлари юришаётгани бежиз эмаслигини айтишни ўйлардим...

P.S. Мақолани шу ерда зўрға тугатдим. Ичимда қанча гап қолиб кетди. Аслида замон, янги иш жойим, сайт раҳбари талабидан келиб чиқиб, янгиликни биринчилардан бўлиб, қисқа, лўнда ёритиб беришим керак эди. Бўлмади. Фақат “Баракали совутгич”лар ҳақида ёзмоқчийдим. Мақолам ҳам “баракали” бўлиб кетди. Сайтдаги тезкор мухбир сифатида қилган биринчи ишим. Маъзур кўрилар?
 
Зумрад Фозилжон қизи

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тожикистонда ўзбек заводи очилади

1085 13:30 13.02.2019
« Орқага