Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Байрутдаги портлаш: фожианинг олдини олиш мумкин эдими?

1328

Ливан ҳукумати Байрут портида хавфли кимёвий модда сақланаётгани ҳақида портлашдан икки ҳафта муқаддам хабар топган. Мамлакат разведкаси 20 июль куни президент ва бош вазирга ҳисобот жўнатиб, пойтахт портида 2,75 килотонна аммиакли селитра борлиги ва у шаҳарнинг ярмини вайронага айлантириши мумкинлиги борасида огоҳлантирган. “Рейтер” агентлиги Ливан разведкаси тайёрлаган ҳисоботнинг тафсилотларини эълон қилди.  

4 август куни юз берган кучли портлаш оқибатида 170 дан зиёд киши ҳалок бўлди, 6 мингга яқин киши яраланди. Портлаш тўлқини Байрут четидаги биноларга зарар етказди, ҳодиса яқинидаги бинолар эса буткул бузилиб кетди. 

Ливанда кузатилаётган иқтисодий инқироз янада оғирлашди. Сиёсий инқироз эса энди бошланди – куни кеча мамлакат ҳукумати истеъфо берди. Фожиадан кейинги илк кунлардаги аза нафратга айланди – кўплаб ливанликлар ҳодиса учун ҳукуматни айбламоқда. 

Портлашни аммиакли селитра солинган қоплар сақланган ангарда олиб берилган таъмирлаш ишлари келтириб чиқарган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Ангарнинг эшиги синиқ, девори эса тешик бўлган, селитрани ҳеч ким қўриқламаган. 

Ҳисоботда айтилишича, куч тузилмалари ва божхоначилар портда хавфли юк борлигини анчадан бери билган ҳамда улар суддан кимёвий моддани портдан олиб чиқиб кетиш ҳақида қарор чиқаришини талаб қилган. 

Аммиакли селитра Ливан портига россиялик Игор Гречушкинга тегишли “Росус” кемасида олиб келган. Кема юкни Грузиядан Мозамбикка олиб кетаётган бўлган, бироқ 2014 йилда Байрут портида ҳибс қилинган. Кеманинг собиқ капитани Борис Прокошев Ливан ҳукумати денгизчиларни қўйиб юбормаганини, Гречушкин эса маош тўламаганини айтди. Бир неча ойдан кейин экипаж аъзоларига уйга қайтишга рухсат берилган, хавфли юк эса Байрут портидаги омборхонага туширилган.    

Ҳисоботда “Росус” кемаси 2018 йилнинг февралида чўкиб кетгани маълум қилинган. 2015 йилда суд қарорига биноан юк текширилган ва хавфли деб топилган. Шундан сўнг селитрани армияга топшириш учун сўров юборилган, бироқ ҳарбийлар уни қабул қилмаган ва юкни портловчи моддалар билан савдо қилувчи Lebanese Explosives Company номли хусусий компанияга топширишни маслаҳат берган. Лекин компания ҳам селитрани олмаган. 

Жорий йилнинг январида селитра сақланаётгн 12-ангар қўриқланмаётгани, эшиклардан бири сингари ва девори тешилгани аниқланди. Бу эса селитра ўғирланиши мумкин дегани эди.

Текширув натижасида Бош прокуратура девордаги тешикни зудлик билан ёпишни, деворни тузатишни ва қўриқлашни ташкил этишни талаб қилган. 

Шундан кейин ангарда таъмирлаш ишлари бошланган. Порт раҳбарияти бунинг учун суриялик ишчиларни жўнатган, аммо уларни назорат қилмаган. Тахминларга кўра, пайвандлаш ишлари пайтида чиққан учқун ёнғинга сабаб бўлган. Селитра сақланаётган ангарда мушаклар ҳам бўлган, улар портлаган ва ёнғинни кучайтирган. Ангардаги ҳаво ҳарорати 210 даражага чиқиб кетган, оқибатда селитра ҳам портлаган.  

Умумий хавфсизлик бош бошқармаси портлашдан аввал тайёрлаган ҳисобот 20 июль куни Ливан президенти Мишель Аунга ва бош вазир Ҳасан Диабга етказилган. Унда аммиакли селитра зудлик билан хавфсиз жойга кўчирилиши кераклиги айтилган. Махсус хизмат вакиллари селитра ўғирланиўи ва портлатишларда ишлатилиши мумкинлигидан хавотир билдирган. 

Ўтган ҳафтада президент Аун хавфли юкдан хабардор бўлганини тан олди, бироқ порт хавфсизлиги учун жавобгар эмаслигини айтди. Собиқ бош вазир Диабнинг вакили эса 20 июль кунги ҳисобот Олий мудофаа кенгашига юборилганини билдирди. “Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатни портлашдан 14 кун олдин олган ва бир неча кун ичида чора кўрган. Аввалги маъмуриятлар олти йил ичида ҳеч нарса қилмаган”, – деди у. 

Ливанликларнинг норозилиги ортидан Ҳасан Диаб ҳукумати душанба куни истеъфо берди. Лекин янги ҳукумат шакллангунга қадар ишлаб туради.

Ливанликлар фожиа учун сиёсий элитани айблаб, буни йиллаб давом этган лоқайдлик, коррупция ва лаёқатсизликнинг оқибати деб ҳисобламоқда. Аҳоли шундоқ ҳам қийин аҳволда эди: 2019-2020 йиллардаги молиявий инқироз мамлакатда қашшоқликнинг ортишига ва миллий валютанинг девальвациясига олиб келган. Портдаги портлаш эса ўлганнинг устига тепгандек бўлди. 

Убайдуллоҳ Адҳамов тайёрлади.  

Қозоғистонда коронавирус юқтириш ҳолатлари кўпайиши тўхтади 

Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Белоруссияни тарк этди

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бағдоддаги портлаш тафсилотлари: қурбонлар сони ортяпти

456 16:57 21.01.2021

Бағдодда портлаш: қурбонлар бор

243 14:54 21.01.2021

Мадриднинг марказида кучли портлаш юз берди

579 20:41 20.01.2021

Тезкор: Янги – Ангрен ИЭСда портлаш содир бўлган

912 16:44 20.01.2021

Байрутдаги портлаш бўйича икки россиялик қидирувга берилди

478 11:30 13.01.2021

Яман: вазирлар самолёти қўнган пайтда портлаш бўлди

835 18:00 30.12.2020
« Орқага