Байтул Мақдисда (3-қисм)

21:05 28.06.2019 994

1-қисм
2-қисм

Мария кузатди. Қараса, баъзи кишилар мусулмонлар байроғи остида адолат, эминликни, маданият, ривожланиш, тўқликни кўриб, қолишни танлашди. Баъзилар эса кетишни исташди. Мария ҳам шулар билан бирга кетишни танлади. У бундай қарорга келишининг сабаби мусулмонларни ёмон кўриши эмасди. Чунки ҳақиқат қуёши унинг ёмон ўйларини тарқатиб юборган, кўрганлари эшитганларини ёлғонга чиқарганди. У она ерида қолиши мумкин эди. Бироқ ҳар бир нарса ёрини, муҳаббатини, йўқотган бахтини эслатадиган шаҳарда ёлғиз яшашга бардош бера олмасди...

Карвон юрди. Мария суюкли шаҳрини қалбига топширганича ортига қаради. У учун муқаддас нарса – туғилиб ўсган шаҳри эди. У кўз очиб кўргани, ундан ўзга шаҳарни билмасди ҳам. Қалбига қуёш каби зиё таратиб турадиган – олтин хоч турадиган жойга қаради. У жой энди бўш эди. Мария қалбини қавминики бўлиб, сўнг душманникига айланган шаҳарда қолдириб кетаётганини ҳис қилди. Бу шаҳарда у ёрини қолдирди. Билмайди ёри қайси қушни қорнидаю, қай ваҳший ҳайвоннинг ошқозони унинг қабрига айланган эканини... Мария бу шаҳарда ёшлик хотираларини, бошқа хурсанчилигу муҳаббатини қолдирмоқда. Бироқ ундан чиқиб кетаётганидан хурсанд эди. Чунки энди йўқотган нарсаларини ҳар куни ёдга соладиган нарсаларни кўрмайди. Шунингдек, у ўз қавми, ўз миллати билан кетаётган эди...

У ўйлар оғушида кетарди. Ёрини салиб байроғи остида зафар қучган ҳолда отлиқ тўдасида кетаётганини хаёл қилди. Хаёл қилдию кўзларига ёш келди. Унинг йиғиси атрофидаги аёлларнинг йиғисига аралашиб кетди. Улар ортларида қолдирган асирларни, ўлганларни деб йиғлашарди. Шу пайт қўшин ўтиб қолди. Аёллар қўрқувдан жим бўлишди. Энди аниқ ўламиз, деб ўйлашди. Бир тепаликда мусулмон кишилар уларни тўхтатишди. Улар орасида отига миниб қолган ёши улуғ бир инсон бор эди. Мария бунга парво қилмасди. Бироқ “Мана ўша султон” деган сўз уни қўрқитиб юборди.

Бу ўша султон. Ўша қўрқитувчи, одамзод гўштини ейдиган, қонларини ичадиган султон. Мария ўғринча унга қаради. Унинг юзида ваҳшийлик ифодасини ҳам, қўрқинчли тишларию, панжаларини ҳам кўрмади. Фақатгина унинг юзида ҳайбат, нур, улуғликнигина кўрди. Аёллар тўхташгач, султон айтди:

- Нима истайсизлар?

- Асирликка олинган эрларимизни, - дея жавоб берди бир аёл. Аёллар бақир-чақир қилиб йиғлай бошлашди. Султон ҳам уларга раҳми келганидан йиғлади. Асирларни озод қилишга ва уларга улов, егулик, пул беришга буюрди...

Мария ёрини соғ-саломат кўрди. Кўрдию азобу мағлубиятларни унутди. Инсонлар қараб турганига парво ҳам қилмай ўзини ёрининг қучоғига отди. Султоннинг карами барчани ўзининг хурсандчилиги билан овора қилиб қўйганди. Сўнг Мария одамлар билан юришда давом этди. Улар йўлда юришмасди. Чунки улар йўлни тўлдириб, боши билан охиригача сувга лиммо-лим бўлган денгиз каби кетишарди. Уларнинг бошидаги одам охиридаги кишини танимасди. Улар ғам-ташвиш, хурсандчилик, урушдаги мағлубият, суюклиларини кўриш бахти, ғолибларни ёмон кўриш, яхшиликларига ташаккур айтиш ҳиссиётларидан иборат бир денгиз эдилар. Мария қалбида бу яхшилик қилган кишининг фазлини эътироф этганини ҳис қилди. У султонда ўзининг қавмидаги кишиларда кўрмаган ўзига хосликни, ҳақни, улуғворликни кўрди. Уни яхши кўриб қолди. Сўнг ўз динини ва ўзига ўргатилган Исломга нафратни ёдига олди. Ўйланиб қолди. Шу ва унинг қавмидаги бирор одамдан бирорта бўлса ҳам мусулмонларга нисбатан нафратини янгилайдиган ёмонлик содир бўлганини эслашга ҳаракат қилди. Бироқ топа олмади. У билан олий патриархни таққослаб кўрди. Патриарх ҳам мана шу карвон орасида кетаётганди. У ибодатхоналар ва улардаги хазиналар талон-тарож қилингандан кейин бор бойликларни ўзи билан олиб кетаётганди. Бирор кишига у бойликлардан заррача ҳам бермаганди. Ёнида кетаётган заиф аёлга ҳам, ночор кексага ҳам раҳми келмади. Мария сўнг султон ҳақида ўйлади. У патриархни мана шу молни олиб чиқиб кетишига индамаётганди. Ваҳоланки, у ибодатхоналарнинг эмас, ҳамма ўзининг молини олиб чиқиб кетишига рухсат берганди. Мария яна ўз қавмининг ваъдасига, аҳдига хилоф қилишларини эслади. Қанийди муслима бўлсам эди, деб ўйлаб қолди. Бироқ буни ошкора айтмай, ичига ютди.

Инсонлардан иборат бу денгиз турли табиат, бир-бирига зид характерли кишиларни олиб кетарди. Улар орасида меҳрибон ва ғамхўр оналар бор, худбин ва бағритош бойлар бор. Сабрлилар бор, бетоқлар бор. Улар ичида ростгўйлар бор, алдоқчилар бисёр. Улар орасида ўзини фақирларга ёрдам бериш учун Масиҳнинг халифасиман, дунёда тақво қиламан деб ҳисоблаб, Аллоҳнинг молини бир ўзи еб, фақир ва муҳтожлардан юз ўгирган патриарх ҳам бор...

Карвон ҳувиллаган йўллар, даҳшатли жойлардан юриб ўтди. У карвон бирор Ислом диёрига қарашли ерларга киришни истамасди. Уларнинг мақсадлари Тороблусга етиб олиш эди. Карвондагилар катта қийинчилик ва машаққатларни бошдан ўтказиб, ораларида тиллалари бўлган бойлар, Аллоҳнинг 100 минг динорини ўзи билан олиб кетаётган патриарх бўла туриб, йўлда очлик ва чанқоқдан қурбон бўлган кишиларни ортда қолдириб Тороблусга етишди... Етишди ҳамки, шаҳар амири карвонни кўриб, шаҳар дарвозаларини ёпиб, уларни қабул қилмади. Сўнг аскарларини юбориб, карвондаги бор нарсаларни талон-тарож қилдирди. Карвондаги мард, жасур кишилар уларга қарши чиқишди. Натижада, аскарлар уларга ташланиб, уларни қирғинбарод қилишди. Ўлганлар орасида Мариянинг ёри ҳам бор эди...

Тирик қолганлар худди тубсиз денгизда қайиқ юргани каби дарбадар юришди. Уларнинг кўпчилиги тинчлик, мурувват дунёси бўлган мусулмонлар дунёсига қайтишди. Бироқ Мария дарбадар юрган кишилар билан кетарди. Унинг ҳиссиётлари тамомила ўлган, шуури сусайганди. Ҳеч нарса ҳақида фикр юрита олмасди. Ҳамроҳлари қаерда тўхташса тўхтар, егулик беришса ер, беришмаса жим юрар эди. У гўё ақлидан озган ёхуд унга жин теккан эди. Улар бора-бора Антокия ерларига етиб олишди. Бироқ у ернинг кишилари ҳам уларни ҳайдаб солиб, қабул қилишмади...

Сўнг... Сўнг Ислом диёрларига қайтишди. Чунки улар энди ишонишгандики, Ер юзида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонийлик қандай бўлишини таълим берган халқчалик афзал, бағрикенг кишилар бўлмас экан...

Бироқ Мария ўша ерда эсанкираб қолганди. Не қиларини билмасди. Кўзига бирор нарса кўринмас, ҳеч нарсани идрок қила олмас эди. Шунда антокиялик бир йигит ундан кўнгил сўраб, ҳамдардлик билдирди. Мария эса, унга эргашиб, у билан бирга кетди. Йигитнинг денгиз қирғоғидаги уйига боришди. Мария ҳолсизлик, мадорсизликдан ўзини ташлаб, уйқуга кетди...

Уни атрофдаги шовқин-сурон товушлар уйғотиб юборди. Ўзига келиб қараса, бир йигит дўстига: 

- Биз бу аёлни сени ўзинггагина бериб қўймаймиз. Гўзал аёл экан, биз ҳам бирга бўламиз, - деётганини эшитди. Дўсти эса:

- Ахир у мени ўлжам-ку, бир ўзим уни овладим.., - деб жавоб берди.

Мария улар ўртасидаги тортишув ўзи ҳақида, унинг ор-номуси, иффати ҳақида эканини тушунди. Хотираси ўзига қайтди. Ўтмишнинг барини эсга олди. Ҳимоячиси, қўрғони бўлган ёридан айрилганини эслади. Сўнг ғазабга тўла оҳангда шундай деди:

- Ноинсофлар, шу сизларнинг мурувватингизми, шуми инсонийлигингиз? Эй, Европа аҳли, шуми сизни динингиз?...

Икки дўст қаҳқаҳа отиб кулишди. Бундан Мариянинг янада ғазаби келиб, шундай деб бақира кетди:

- Мен сизларга қайси тилда гапиряпман? Дин тилида сўзлаяпман. Сизлар кофир, худосизмисизлар? Мен сизларга инсонийлик тилида гапиряпман. Сизлар бўлса одамзод терисига ўраниб олган ваҳший ҳайвонмисизлар? Мен сизларга мурувват тилида сўзлаяпман. Сиз бўлсангиз, уни йўқотиб, унутиб юборганмисизлар?

Жин урсин, анави мусулмонлар сизларнинг аёлларингизга сизлардан кўра ғамхўр, шарафларини сизлардан кўра кўпроқ ҳимоя қилувчи эканликларидан уялмайсизларми? Масиҳнинг васият ва кўрсатмаларига ҳам улар эътиборли эканидан ҳаё қилмайсизларми?

Йўқ, сизлар на Масиҳни, на Муҳаммадни кўрсатмаларига амал қиласизлар. Балки сизлар шайтоннинг измидан чиқмайсизлар... У мусулмонлар бўлса, Масиҳ билан Муҳаммадни жамлашган экан. Улар ҳақиқий фазилатли кишилар, инсонларнинг сараси эканлар...

Сизлар сира ҳам уларни мағлуб эта олмайсизлар. Ҳеч қачон муқаддас ерингизни улардан қайтиб ололмайсизлар, асло. Чунки улар у ерга сизлардан кўра ҳақлидирлар. Сабаби улар Масиҳнинг кўрсатмаларига сизлардан кўра кўп амал қиладилар...

Инсонийликда улар сизлардан устунлар. Келажак уларники, улар учун барча улуғлик, зафардир. Сизларга бўлса, лаънат, иснод бўлсин!

Мария бу гапларни айтиб, йигитлардан яна ҳам қаттиқроқ кулгидан ўзгасини кўрмади. Атрофига қаради, бирорта кўмакчи йўқ экан. Ахир қандай қилиб мусулмон киши бўлмаган диёрда ҳақ узра кўмаклашувчи, шарафни ҳимоя қилувчи киши топилсин?!

Мариянинг гўзаллиги уларни ақлидан оздирган эди. Йигитлар унга кўзлари қонга тўлган ҳолда яқинлашишди. Мария не қиларини билмасдан боласини денгизга отиб юборди. Сўнг ортидан ўзи ҳам эргашди...

Денгиз сокин эди. Сувнинг 2 та жойи кўтарилди. У ерда Фаластинга чақириқсиз келган анави текинхўрларга нисбатан куйган қалбдан отилиб чиққан лаънат бор эди...

Сўнг денгиз ўзининг сокинлигига қайтди...

Биз ва ўша европаликлар томонидан доимо такрорланадиган буюклигида денгиз тенг кела олмайдиган олийжаноблик, ифлослигини денгиз ҳам ювиб, Ер юзини унинг оридан тозалай олмайдиган пасткашлик қиссаси битилган сатрлар эндиликда унутила ёзган ўтмиш саҳифаларига айланди...

Тамом

Шайх Али Тантовийнинг 1946 йилда нашр қилинган
“Қисас минал ҳаёт” китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!