«Баййина» нима эканини биласизми?

11:00 05.03.2019 1733

“Баййина” сураси Қуръони Каримдаги энг буюк суралардан биридир. Суранинг номи ушбу суранинг биринчи оятида зикр қилинади:

“Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар “баййина” келмагунча ажралмасдилар”

Биз баҳсимизда айнан “баййина” нима эканлиги ҳақида сўз юритиб, Қуръон Каримдаги мўъжизалардан бирига гувоҳ бўламиз!

Мазкур оятдаги «баййина» сўзини уламолар, турлича тафсир қилишган. Жумладан, “Тафсирул жалолайн” Муаллифлари роҳимаҳумаллоҳ: “Баййинадан мурод очиқ ҳужжат, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар” деган. Бу фикрга далил қилиб суранинг:

“У Аллоҳ томонидан юборилган расул бўлиб, покланган саҳифаларни тиловат қиладур” оятидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи оятдаги «баййина»дан бадал (араб тилидаги гараматик қоида) дейди. Ҳазрат Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрни “Тафсири ҳилол”да зикр қилганлар.

Яна бошқа уламолар жамоаси: “Баййина – Расулуллоҳнинг пайғамбар қилиб юборилишлари” дейди. Бу фикрни замонамизнинг буюк муфассир уламоларидан Муҳаммад Али Собуний ҳазратлари ҳам таъкидлайди (“Софватут тафосир”).

Имом Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ “Тафсиру Ибн Касир”да “Баййина – Қуръондир” дейди.

Энди худди шу фикрни қувватлайдиган бир мўъжизани диққат қиламиз:

«Баййина» сўзи 4 ҳарфдан иборатдир “بينة”. Бу ҳарфларни баййина сурасида неча мартадан зикр қилинганига эътибор қаратамиз: “Б” ҳарфи 13 марта. “Й” ҳарфи 36 марта. “Н” ҳарфи 34 марта. “Ҳ” ҳарфи 31 марта зикр қилинган. Ҳаммасини қўшганимизда: 13+36+34+31=114 сони келиб чиқади. Бу бизга Қуръон каримдаги сураларнинг адади – 114 та эканига далолат қилди. 

Биз, қатъий “Баййина – Қуръондир” деб айтишдан йироқмиз. Бироқ зикр қилган мўъжиза бу нарсага далолат қилаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Ўзининг ҳузурида Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг даражалари зиёда бўлсин. Бизни ҳам шу зотларга иқтидо қилиб тўғри йўлда, ҳидоятда мустақим бўлишимизда Ўзи мададкор бўлсин ва Қуръон каримни ҳаёт йўлимизга дастурул амал қилсин! Амийн

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси 2 “е” гуруҳ талабаси Ҳамидхонов Аҳадхон

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!