Бегуноҳ тилнинг дуоси (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

09:00 16.05.2019 583

Аллоҳ таоло Мусо алайҳисаломга: “Менга гуноҳ қилмаган, фаҳш сўзламаган тил билан дуо қил ва паноҳ тила!”, деб буюрди.

Ҳазрати Мусо: “Ахир менда ундай тил йўқ-ку, Сенга қандай қилиб гуноҳ қилмаган тил билан дуо қилайин?!”, деб сўради.

Аллоҳ таоло: “Ундай бўлса, Бизга бошқаларнинг тили билан дуо қил. Чунки сен бошқалар тили билан гуноҳ қилмагансан, уларнинг тили сенга тозадир. Яъни, шундай яшаб, шундай амаллар қилки, доим одамлар сени дуо этсинлар”, дея марҳамат қилди.

Аллоҳнинг зикри ила машғул бўлиш – энг покиза ҳолатдир. Бу поклик ўз жилосини таратиши билан, қуёш порлаганида тунги зулмат қандай чекинса, ғафлат ва маъсият зулмати ана шундай чекинади. Аллоҳ таолонинг муборак лафзи тилга олинганида, на бир нопоклик ва на ғам-ташвишдан асар қолади.

Яратганнинг зикри ила машғул бўл ҳамда олимлар, зокир ва обид бандаларнинг, мазлум ва йўқсилларнинг дуоларини олишга шошил! Уларнинг сен учун покиза тиллари воситасида Яратганга илтижо қил, шоядки нажот топсанг!

Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!