Бельгия суди томонидан 20 йилга озодликдан маҳрум этилган эронлик дипломат Асадуллоҳ Асадий апелляция ҳуқуқидан воз кечди. Шу тариқа суд ҳукми кучга кирди, дея хабар бермоқда “Анадолу”.
Асадий “Эрон халқи мужоҳидлари” номли мухолифатчи ташкилотнинг 2018 йил Франциядаги учрашувида теракт уюштиришни режалаштиришда айбдор деб топилган ва жорий йилнинг февралида озодликдан маҳрум этилган. У Германияда қўлга олинган ва Бельгия экстрадиция қилинган эди. Дипломат билан бирга яна уч киши айбдор деб топилган. Адвокат Димитри де Беко Асадийнинг дипломатик дахлсизлиги борлигини таъкидлади.
“Менинг мижозим Бельгия суд органлари уни судлаш учун юрисдикцияга эга эмас деб ҳисоблайди”, – деди у.
Бельгия суди террорчилик бўйича айбловларда дипломатик дахлсизлик эътиборга олинмаслигини маълум қилди. Франция Асадуллоҳ Асадийни Эрон разведкасининг ходими деб ҳисоблаяпти, Теҳрон эса Асадий билан боғлиқ барча айбловларни инкор этяпти.