Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Беларусь хавфсизлик кучларини инқирозли ҳудудлардан келган муҳожирлардан пора талаб қилиш ва уларга нисбатан ёмон муомалада айблади.
Ташкилот 75 қочқин ўртасида ўтказилган сўров натижаларини бугун эълон қилди. Ҳисоботда Беларусь хавфсизлик кучлари томонидан муҳожирларга нисбатан зўравонлик қўллангани қайд этилган.
Маълум бўлишича, беларуслик полициячилар қочқинларни, жумладан, болаларни дубинка ва милтиқ қўндоқлари билан калтаклаган, қўриқчи итларга талатиш билан таҳдид қилган. Бундан ташқари, Польша ва Беларусь мутасаддилари қочқинларни хавфли шароитларда чегарадан, жумладан, музлаган дарёдан ўтишга мажбурлаган.
Amnesty International ташкилоти вакиллари жами 75 киши билан суҳбатлашган. Бу одамлар Европа Иттифоқи ҳудудига бемалол ўта оласизлар деган ваъда билан 2021 йилнинг июль-ноябрь ойлари орасида алдаб Беларусга олиб келинган. Улар орасида Ироқ, Миср, Ливан ва Суриядан келганлар бор.