Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Белоруссия: пайғамбар алайҳиссаломни мазах қилган муҳаррирни қамаган давлат

4291

Беларусь республикаси - Шарқий Европада жойлашган, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлат  Шимоли-шарқда Россия, жанубда Украина, ғарбда Польша, шимоли-ғарбда Литва ва Латвия билан чегарадош. Пойтахти ва ва энг йирик шаҳри - Минск. БМТнинг 2020 йилги ҳисоб-китобларига кўра, Белоруссиянинг аҳолиси 9,448,586 кишини ташкил қилади. Умумий ҳудуди 202,910 км2 дан иборат бўлиб, аҳолининг 79,2 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади. 



Давлат тузуми

Белоруссия - расмий равишда Беларусь Республикаси деб аталиб, уни президент ва Миллий Мажлис бошқаради. Миллий Мажлис - икки палатали парламент бўлиб, 110 кишилик Вакиллар Палатаси (қуйи палата) ва 64 кишилик республика Кенгашидан (юқори палата) иборат. 1994 йилги конституцияга биноан, президентлик муддати беш йил бўлиб, у икки марта сайланиш ҳуқуқига эга. Аммо 2004 йилда конституцияга ўзгартириш киритилиб, муддат чекловлари бекор қилинди. 
  
 Aлександр Лукашенко (1954 йил 30 август) 1994 йилдан бери Белоруссия президенти ҳисобланади. 

Ўлим жазоси ҳали ҳам қўлланилувчи – Белоруссия тарихига назар

Ҳозирги Белоруссия ҳудудига биринчи бўлиб III асрда Болтиқбўйи қабилалари жойлашган. IX асрда ҳозирги Белоруссия ҳудуди Рюриклар сулоласи томонидан бошқариладиган улкан Шарқий славян давлати - Киев Русининг бир қисмига айланган. 1386 йил 2 февралда Литва Буюк князлиги ва Польша Қироллиги ҳукмдорлари ўзаро келишув никоҳлари орқали шахсий иттифоққа айлангач, бу 1569 йилда Люблин иттифоқи томонидан ташкил этилган Польша-Литва Ҳамдўстлигининг шаклланишига олиб келган сиёсий ўзгаришларни амалга оширди. Польша ва Литва ўртасидаги иттифоқ 1795 йилда тугатилгач, Екатерина II даврида Белорусия ҳудудлари Россия империяси томонидан сотиб олинган.  Ушбу ҳудуд генерал-губернаторлик таркибида Биринчи Жаҳон уруши даврида Германия империяси томонидан босиб олингунга қадар сақланиб қолган. Белоруссия Биринчи Жаҳон урушида Германия  ва Россия императори армияси, сўнгра большевиклар Қизил Aрмияси томонидан бошқарилганди. Статистика маълумотларига кўра, Белоруссия ССР Иккинчи Жаҳон урушида энг кўп зарар кўрган Совет республикаси бўлган ва 1944 йилгача фашистлар қўлида сақланиб қолган. Ўша вақт ичида Германия республикадаги 290 шаҳарнинг 209 тасини, республика саноатининг 85 фоизини ва бир миллиондан ортиқ биноларни вайрон қилган. 1990 йил 27 июлда Белоруссия Совет Социалистик Республикаси давлат суверенитети тўғрисидаги декларацияни эълон қилиш орқали ўзини суверен деб эълон қилади. Шундай қилиб, 1994 йил март ойида миллий конституция қабул қилингач Aлександр Лукашенко президент этиб сайланди.  Лукашенко 2001, 2006, 2010, 2015 йиллар ва бу йилги сайловларда ҳам қайта сайланди. Ғарб ҳукуматлари,  Халқаро Aмнистия  ва Human Rights ташкилоти  Лукашенконинг авторитар бошқарув услубини ноқонуний дея танқид қилдилар. Белоруссия ҳали ҳам ўлим жазосини қўллаётган Европадаги ягона мамлакат ҳисобланади. 

Балоруссия иқтисодиёти

Белоруссия иқтисодиёти харид даражаси асосидаги  ЯИМ бўйича дунёда 72-ўринда туради, бу эса 2019 йилда 195 миллиард долларни ташкил этган. Собиқ Совет Иттифоқи таркибида Белоруссия нисбатан яхши ривожланган саноат базасига эга эди. 1994 йилда Aлександр Лукашенко Белоруссиянинг биринчи президенти этиб сайлангандан сўнг, у мамлакатни "бозор социализми" (Лукашенко ўша пайтда Россия танлаган "ёввойи капитализм" деб ҳисоблаган) стратегиясига бошлади. Ушбу сиёсатга мувофиқ нархлар ва валюта курслари устидан маъмурий назорат ўрнатилди. Шунингдек, давлатнинг хусусий тадбиркорликни бошқаришга аралашиш ҳуқуқи кенгайтирилди. Белоруссия қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларининг асосий экспорт бозори Россияга тўғри келади.  2012 йилда Белоруссия экспорт савдосининг 45 фоизи Россия иштирокида бўлган. Торф, мамлакатнинг энг қимматбаҳо минерал манбаи ҳисобланиб, ёқилғи, ўғитлар ва кимё саноатида ишлатилади. Ўрмонлар  ерларнинг тахминан учдан бир қисмини эгаллайди ва ёғочсозлик муҳим соҳага айланган. Белоруссияда ишлатиладиган табиий газнинг деярли барчаси Россиядан импорт қилинади (истеъмолнинг тахминан 99%). 2018 йил ҳолатига кўра Белорусия Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон тараққиёти индекси бўйича 189 мамлакат ичида 53-ўринни эгаллади ва "жуда юқори ривожланган" давлатлар гуруҳига кирди. Бу мамлакатда соғлиқни сақлаш яхши ривожланган бўлиб, болалар ўлими кўрсаткичи жуда паст, шунингдек барча турдаги шифокорлар даражаси ҳамда аҳолининг ҳар бир қатламига етарли эканлиги билан юқори кўрсаткичга эга. COVID -19 пандемияси Белоруссия иқтисодиётига сезиларчи даражада таъсир қилмагани айтилмоқда. 

Саводхонлик даражаси 99% деб баҳоланган Беларусда таълим

Белоруссиянинг иккита расмий тили: рус ва белорус тиллари бўлиб, Рус тили маҳаллий аҳоли томонидан ишлатиладиган энг кенг тарқалган тил ҳисобланиб, аҳолининг 70% рус тилидан фойдаланади, белорус, яъни расмий биринчи тилни эса 23% фоиз аҳоли ишлатади. Мамлакатда саводхонлик даражаси  99% деб баҳоланган. Белоруссияда таълим - олий ўқув юртларидан ташқари барча даражаларда бепул.  Мактаб тизимларининг ишлашини назорат қилувчи ҳукумат вазирлиги - Белоруссия Республикаси Таълим вазирлиги ҳисобланиб, у  Белоруссия ҳудудларининг ҳар бир таълим тизимини кучли назорат қилади. Таълим тизимининг амалдаги тузилиши 1994 йилда фармон билан ташкил этилган. 

Белоруссияда Исломга муносабат

Христианлик Белоруссияда асосий дин бўлиб, бу давлатда бошқа динлар асосан, Совет Иттифоқи тугаганидан кейин пайдо бўла бошлаган. Ички ишлар вазирлигининг 2011 йилдаги сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, белоруссияликларнинг 48,3% православ христианлар, 41,1% динсизлар (атеистлар ва агностиклар), 7,1% католик христианлар (Рим католик ва белорус юнон-католик) ва 3,5% бошқа дин вакиллари экан. Белоруссияда Исломнинг кириб келиши айнан XIV-ХVI асрларда Липка татарлари томонидан ҳозирги Белоруссияни ташкил этадиган ерларга киритилиши билан боғлиқ.  2007 йилги статистикалар ҳолатига кўра, Белоруссияда 45000 мусулмон истиқомат қилиб, улар умумий аҳолининг 0,5 фоизини ташкил қилади. Aммо 2020 йилгача бўлган ҳолатлар ҳозирда бу мамлакатда 100 000 га яқин мусулмонлар яшаши ҳақида маълумот бермоқда. 

1994 йилда Биринчи Беларусь мусулмонлари қурултойи бўлиб ўтгач, Белоруссия Республикаси Мусулмонлар диний жамоатига асос солинди, бу жамоатга асос солиниши доктор Исмоил Aлександрович номи билан боғлиқ. Шундан кейин, 1997 йилда Белоруссиянинг ғарбий минтақаларида 23 та жамоа, шу жумладан бошқа чекка ҳудудларида ҳам 19 та жамоатлар мавжуд эди.

2007 йилда Aҳмадия фирқасига Белоруссия давлатида ўз динларига очиқдан-очиқ амал қилиш тақиқланди ва мамлакатдаги бошқа тақиқланган диний гуруҳларга ўхшаш чеклов қўйилган. Жамоага адабиётларни олиб кириш ёки тарқатиш, ибодат ёки йиғилишларини расман ўтказиш, жамоавий ибодатлар ва шу кабиларни адо этишга рухсат берилмаган. 

Белоруссия пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг карикатурасини  нашр этгани учун газета муҳарририни қамоққа ташлаган ягона давлатдир. 2008 йил 18 январда Aлександр Сдвижков "диний адоватни қўзғаганлиги" учун уч йилга қамалди. 

Бугунги кунда Гродно вилоятидаги Смиловичи, Иве, Слоним ва Новогрудокда масжидлар мавжуд.


     
Минскдаги 1962 йилда бузилган масжид.

Минск вилоятидаги Клетск шаҳрида; Витебск вилоятидаги Видзида ҳам масжидлар бўлган, аммо 1900-1902 йилларда Минскда  қурилган масжид олтмиш йил ўтгач, коммунистлар томонидан йўқ қилинди.





Минскдаги масжиднинг янги биноси 2016 йил 11 ноябрда Минскда бузилган масжиднинг нусхаси сифатида янги масжид очилган. Минскка расмий ташриф билан Президент Ражаб Тоййиб Эрдоған, Туркия Диёнат ишлари вазирлиги томонидан қурилган Минск масжидининг очилиш маросимида расман иштирок этган. Маросимда нутқ сўзлаган президент Эрдоған: "Умид қиламанки, бу муқаддас жой ҳам Туркия-Белоруссия дўстлигининг рамзи бўлиб хизмат қилади" деган эди.  Минск масжидига кириш бинонинг ён томонида жойлашган. Бу ғайриоддий, чунки, одатда, масжидга кириш жойи меҳробга қарама-қарши бўлиши керак. Aсосий ибодат зали икки қисмга бўлинган: эркаклар учун мўлжалланган қисм 347 кишини, аёллар учун бўлим эса 165 кишига мўлжалланган. Асосий намозхонанинг устида 380 кишига мўлжалланган балкон мавжуд.  Белоруссиядаги бу энг катта масжид ҳисобланса-да нега нотўғри қурилган? Ушбу масжид имомининг жавоби қуйидагича: "Мусулмон диншунослари, ибодатга келувчилар менга: "Мана, сизнинг масжидингиз нотўғри қурилган" дейишади. Мен уларга биламан деб айтаман, аммо бу бизнинг ишимиз эмас", дейди имом. Унинг айтишича, асл лойиҳани ишлаб чиққан меъмор мусулмон эмаслигини, қурилишни насронийлик тамойилларига йўналтириб, унга  Ислом меъморчилиги элементларини қўшганини айтмоқда. "Бизнинг динимизда мусулмонлар масжидга юзлари билан кириб келсалар,  бу ерга фақат ён томондан киришингиз мумкин", деб қўшимча қилади муфтий. 

Aраб тилини ўқий олмайдиганлар таржима қилинган матнларни ўқишлари мумкин. Қуръоннинг рус тилидаги таржимаси мавжуд, аммо энди бир гуруҳ ихлосмандлар, олимлар исломнинг Қуръони Каримнинг белорус тилига таржимасини тайёрламоқдалар. Ундан ташқари бу масжидда ҳар якшанба мусулмон болалари учун ислом илмига оид мактаб дарслари ташкил этилган.







 
 

Новогрудак масжиди  - Белорусиянинг Гродно вилояти Новогрудак шаҳрида жойлашган ёғоч масжид. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, масжид турар-жой биносига айлантирилди. Масжид 1997 йилда қайта очилган.

    

Иве масжиди - бу ёғоч меъморчилиги асосида қурилган масжид бўлиб, 1884 йилда Ивя Замойскаянинг хайрия маблағлари эвазига қурилган. Бу бинонинг ички қисми эркак ва аёллар ибодатларини алоҳида адо этишлари учун иккига бўлинган.
 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Арманистонга қайси давлатлар қурол етказиб беряпти?

1549 09:30 19.10.2020

Белоруссия раҳбарларига санкция эълон қилинди. Рўйхатда Лукашенко йўқ

407 19:10 02.10.2020

Афғонистон Озарбайжон томонида: Арманистон норози

1533 09:19 02.10.2020

Халқаро судга Лукашенконинг устидан шикоят тушди

583 10:35 01.10.2020

Тоғли Қорабоғ можароси: Боку ЕХҲТ Минск гуруҳи фаолиятидан норози

1175 17:20 30.09.2020
« Орқага