Белоруссия Марказий сайлов комиссияси овоз бериш тўғрисидаги дастлабки маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, Александр Лукашенко президентлик сайловларида 80,23 фоиз овоз тўплади. Унинг ортида Светлана Тихановская, 9,9% овоз билан.
Марказий Сайлов Комиссияси Белорусиядаги сайловда Лукашенканинг ғалабасини эълон қилди.
Белорусия Марказий сайлов комиссияси вакиллари матбуот анжуманида овоз беришда 5,79 миллион киши иштирок этганини айтишди. Сайловчиларнинг иштироки 84,23% ташкил этди.
Аввалроқ Белоруссияда бўлиб ўтган президентлик сайловларида барча сайлов участкалари ёпилган пайтга келиб 84 фоиз иштирок этгани маълум бўлди. Бироқ, ҳамма ҳам овоз бера олмади. Москва, Варшава ва Киевдаги сайлов участкалари яқинида узун навбатлар пайдо бўлган. Улар мазкур ҳолат юзасидан Белоруссия элчихоналарига шикоят қилишмоқчи.
Бундан ташқари, Минск ва Белоруссиянинг бошқа шаҳарларидаги сайловларнинг дастлабки натижалари эълон қилингандан кейин норози фуқаролар билан полиция ўртасида тўқнашувлар бошланди. Жабрланганлар бор, улар касалхонага ётқизилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари махсус ускуналар ва шовқин гранаталарини қўллаган, Минск кўчаларида бир нечта портлаш овозлари эшитилди. Намойишчилар 10 август куни соат 04:00 га қадар тарқатиб юборилди. Белоруссия Тергов қўмитаси вакиллари ҳозирда рухсат этилмаган митинглар жойида ишламоқда.