Россия бош вазири Михаил Мишустин Белоруссия билан мазкур мамлакат аскарларининг Сурияга юборилишини назарда тутувчи келишувни маъқуллади.
Мишустиннинг номидан Россия Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирликлари Белоруссия томони билан музокаралар олиб боради, шундан сўнг тегишли келишув имзоланади. Сурияга 200 нафаргача белоруссиялик аскар юборилиши мумкин.
Қайд этилишича, Белоруссия контингенти фақат “жанговар ҳудуддан ташқарида гуманитар вазифаларни” бажаришга жалб этилади. Белоруссия ҳарбийлари Сурияда бўлиш давомида Россиянинг ушбу мамлакатдаги қўмондонлигига бўйсунади.
Белоруссия нашрларида тарқалган хабарларга кўра, Минск ўз аскарларининг Суриядаги гуманитар операцияларда қатнашиши учун Дамашқдан расман таклиф олган.
Эслатиб ўтамиз, Россия армияси 2015 йилнинг сентябрида бери Суриядаги урушда ҳукумат армиясига ёрдам бериб келмоқда.