Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Белоруссиядаги қонли сайловни Лукашенко байрам деб атади

3409

9-дан 10 августга ўтар кечаси Белорусияда президент сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилиниши муносабати билан оммавий норозилик намойишлари бошланди. Норасмий маълумотларга кўра, полиция билан тўқнашувларда ўнлаб одамлар жароҳатланган. Бир киши вафот этган.

Полиция намойишларни шафқатсиз бостирди. Хавфсизлик кучлари махсус жиҳозлардан, жумладан, ёруғлик ва шовқинли граната ва сув тўпларидан фойдаланган. Қурбонликларсиз ўтишнинг ҳам иложи бўлмади.

Белоруссия Тергов қўмитаси полиция билан тўқнашув туфайли жиноий иш қўзғатилганини эълон қилди. Акциялар иштирокчилари ва ташкилотчиларига 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш эълон қилинган.

Белоруссия президентлигига номзод Светлана Тихановская ўзини сайловлар ғолиби деб эълон қилди, деб хабар беради РИА Новости.

Шу муносабат билан мухолифат давлат раҳбари Александр Лукашенкодан "ҳокимиятни тинч йўл билан топширишни" талаб қилди.

Белоруссиянинг биринчи президенти Станислав Шушкевич амалдаги президент Лукашенкони қотилликда айблади ва намойишчиларни қўллаб-қувватлади. У бу ҳақда оммавий янгиликлар хизматига берган интервьюсида маълум қилди.

"Бу кеча битта нарсани тасдиқлади: бундай яшаш мумкин эмас. Ҳокимиятнинг йўл қўйиб бўлмайдиган хатти-ҳаракатларидан ташқари янги ҳеч нарса пайдо бўлмади. Интернет деярли ҳеч қаерда ишламайди, умуман. Ҳукумат ҳар қандай йўл билан ҳимояланмоқда. Мен ҳеч қачон норозилик билдиришга тайёр бунчалик кўп одамни кўрмаганман. Агар касал бўлмаганимда митингларда ҳам иштирок этган бўлар эдим. Бугун Белорусия фуқаролари жирканч диктатурага қарши туришга тайёр эканликларини намойиш этдилар”, деди республиканинг собиқ раҳбари.

Шушкевич фаол норозилик намойишларидан анча олдин белорусларни Россия жангарилари ёки АҚШ аралашуви билан қўрқитишганини таъкидлади.

"Олдиндан ҳар хил усуллар қўйилди: рус жангарилари билан диққатни жалб қилиш, учинчи давлатлар томонидан қўрқитиш. Ҳокимият бузилиб, одамларни талаяпти. Агар вазият ҳозир тузатилмаса, янада жиддий оқибатларга олиб келади. Мен ўзимни Лукашенконинг ўрнида тасаввур қила олмайман. У одамларни менсимайдиган ёлғончи қотилдир. Унинг ўрнида ҳеч кимни тасаввур қилиб бўлмайди. Фақат юз фоиз ярамас жиноятчи шундай қилиши мумкин”, - деди Шушкевич.

Норозилик намойишига бир неча соат қолганда, Станислав Шушкевич, жамоат янгиликлар хизмати томонидан ташкил этилган онлайн-конференцияда, мамлакат кўчаларида қонли жанглар авж олиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Россия Президенти Владимир Путин эса Белоруссия раҳбари Александр Лукашенкони президент сайловидаги ғалабаси билан табриклади. 

"Умид қиламанки, сизнинг фаолиятингиз барча йўналишларда ўзаро манфаатли Россия-Белорус муносабатларини янада ривожлантиришга ҳисса қўшади", деди Путин.

У Иттифоқ давлати доирасидаги чуқур ҳамкорликни давом эттиришга, шунингдек, ОДКБ ташкилотида ҳарбий-сиёсий алоқаларни чуқурлашишига умид билдирди.

"Бу шубҳасиз, қардош Россия ва Белоруссия халқларининг асосий манфаатларига жавоб беради", - дея таъкидлади Россия раҳбари.

Украина Президенти Владимир Зеленский эса белорусларни зўравонликлардан воз кечишга чақирди. Шунингдек, у Белорусия ҳукумати аҳолининг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаши ва глобал демократик стандартларга риоя қилиши кераклигини айтди.

Зеленский Белоруссияда ҳамма ҳам сайлов натижаларига рози эмаслигини таъкидлаб, партияларни можароларни давом эттиришнинг ўрнига ўзаро диалог бошлашга ундади.

"Беларусь бизнинг энг яқин қўшнимиздир ва шунинг учун биз у ердаги дўстларимизнинг тақдирига бефарқ эмасмиз", деди Украина раҳбари.

PlaneFinder веб-сайти ва Ads-B Exchange хизмати маълумотларига кўра, Белоруссия президенти Александр Лукашенко оиласига тегишли самолёт Туркияга учиб кетган.

Гап Минскдан парвоз қилган EW-301PJ борти ҳақида кетмоқда. Маълум бўлишича, лайнернинг барча экипажи сафарбар қилинган ва олдиндан учишга тайёр бўлган. Матбуот хизмати илгари унинг шахсий самолётлари йўқлигини маълум қилган эди, аммо манбаларга кўра, президентнинг Boeing 737-800/BBJ2 EW-001PA, Bombardier Challenger 850 EW-301PJ ва Як-40 EW-88187 русумли самолётлари бор.

Александр Лукашенконинг ўзи Белорусияда бўлиб ўтган президент сайловларини “байрамдек” ўтганини МДҲ кузатувчилар миссияси раҳбари Сергей Лебедев билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради БелТА.

“Дунёда юзага келган вазиятга, айниқса эпидемияга қарамасдан, сиз ҳақиқий генерал сингари Белоруссияга келганингиз, айниқса ушбу сайлов даврида вазиятни ўз кўзларингиз билан кўришдан қўрқмаганингиз учун ташаккур. Мен сизнинг миссиянгизнинг баҳоларини биламан ва агар сайлов кампаниясида бирон бир таклиф бўлса, сизнинг оғзингиздан эшитишдан жуда мамнун бўламан", деди Лукашенко ва расмийлар “белорусларга байрамни совға қилишни хоҳлашди”, деб қўшимча қилган.

Унинг таъкидлашича, сайловлар тарихда рекорд даражадаги сайловчилар иштироки билан бўлиб ўтган. Лукашенконинг сўзларига кўра, якуний натижалар эълон қилинганидан кейин бу янада юқори бўлиши мумкин. Шу билан бирга, президент "кимдир бу байрамни бузмоқчи бўлганидан" шикоят қилди.

Ўзининг авторитар ҳокимиятини яратган Лукашенко бир пайтлар, 1991 йил 25 майда у "Народная газета" газетасида авторитар бошқарувга интилиш ва сиёсий диктатурани яратишга қаратилган ҳукмрон номенклатурани қоралаган "Диктатура: Беларус версиясими?" дастурий мақоласини эълон қилган эди.

У Европа ва постсовет ҳудудида амалдаги давлат раҳбарлари орасида энг узоқ вақт - (монархлардан ташқари) 26 йил давлат раҳбари лавозимида ишлаган президент ҳисобланади.

Ёқуб Умар тайёрлади

Ливан: намойишлар ортидан икки вазир истеъфо берди

Белоруссия: президент сайловлари бўлиб ўтди, аммо...

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Белоруссия Сурияга аскар юбориши мумкин

967 09:20 08.02.2022

Совуқ шамоллар шимолдан эсади

4338 22:45 10.01.2022

Белоруссия хавфсизлик кучлари қочқинларни дўппослашда айбланди

1120 21:15 20.12.2021

Минглаб ироқлик Белоруссия – Польша чегарасида қолиб кетган

1227 12:18 14.12.2021

Путин: “Польша – Белоруссия чегарасидаги муҳожирлар инқирозига алоқамиз йўқ”   

940 17:15 13.11.2021

Россия ва Белоруссия интеграция сари яна бир қадам ташлади

1264 11:10 05.11.2021
« Орқага