“Бугун, 22.02.2022!
Соат 22:22 да миллион йилда бир марта келадиган дақиқа келади. Бу хабарни 22 нафар дўстингизга юборинг. Айнан шу онда орзу ва ниятларингизни айтинг, улар ушалади. Агар бу ишни қилмасангиз бошингизга мусибат келади...”
Бугун ярим тунда қўл телефонимга шу мазмундаги СМС-хабар келди. Танишларимга юбормасам орзу-ниятларим амалга ошмаслиги айтилган бўлса-да, мен бу хабарни ҳеч кимга жўнатмадим. Ўша заҳоти ўчириб ташладим. Чунки инсонга бирор мусибат етса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина етади. Кимнидир бемаҳал юборган мантиқсиз “СМС”и билан эмас.
Бу хабар менга бундан 20 йиллар илгари номаълум шахслар томонидан тарқатилган бузғунчи мазмундаги варақаларни эслатди. Афсуски, ўша пайтда айрим содда, ишонувчан юртдошларимиз бундай ёвуз ниятли тўдаларнинг тузоғига илинганди. Уларнинг фаолияти кўпга чўзилмади. Аҳоли ўртасида олиб борилган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида бу каби ишларга чек қўйилди. Аммо унинг асорати қанча-қанча бегуноҳ одамларнинг бошига етди: навқирон йигитларни тубсиз чоҳга тортди, норасида болаларнинг отасиз қолишига сабабчи бўлди...
Бугун ана шу "варақа операцияси" Интернетга кўчди — у ҳам замонавийлашди. Қандайдир манфаатли гуруҳлар ёки уларга хизмат қилувчи аноним шахслар ижтимоий тармоқлар орқали мазмуни тўмтоқ хабарномалар тарқата бошлади (хайриятки, бугунги кунда уларнинг сони анчайин камайган.) Улар шундай психологик таъсир чораларини қўллайдики, ҳар қандай кишини беихтиёр тузоғига илинтиришлари мумкин.
Таҳлилчиларнинг фикрича, шу каби бемаъни ишлар билан шуғулланувчи шахслар одамларнинг ҳаёти, турмуш шароити, диний эътиқоди ва қарашларини синчиковлик билан ўрганади. Шундан сўнг синалган психологик технологиялар ёрдамида интернет фойдаланувчисининг онгига таъсир кўрсатади.
Мантиқсиз хабарларни тайёрлаб тарқатаётганлар Яратганнинг номини рўкач қилиб, гўёки Қуръони карим оятларидан иқтибослар келтириб, фойдаланувчига таъсир кўрсатади. Диний билимлари саёз, табиатан таъсирчан кишига шундай мазмундаги электрон хабар юборилгач, у беихтиёр ундаги даъватларга бўйсуниши ҳам мумкин.
Бундай СМС хабарларнинг динга мутлақо алоқаси йўқ. Динимизда ғайб илмини башорат қилиш куфр саналади. Шу боис ҳам ижтимоий тармоқлар орқали юқоридаги каби СМС-хабарномалар келгудек бўлса, унинг мазмуни қандай бўлишидан қатъи назар, бошқаларга тарқатмаслик керак. Чунки ундаги фикрлар номутаносиб ва ёлғонлиги, шунингдек, ўйлаб топилганини билиш қийин эмас. Масалан, бундай хабарлар кўпинча, ичида ғиж-ғиж имловий хато билан келади. Боз устига, ундаги иқтибослар хато, манбаси ҳам номаълум.
Агар телефонимизга келган ушбу тарздаги ақидага зид, одамларни ваҳимага соладиган хабарларни бошқаларга юборадиган бўлсак, биз ҳам ёмонликка ёрдам берган бўламиз. Одамлар орасида иғво, фитна уруғларини сочиб, одамларни соғлом эътиқодидан чалғитиш ва турли макру ҳийлалар билан ёмонликка чорлаш улкан гуноҳдир. Зеро, биргина ёлғон хабар сизу-бизнинг тақдиримизни ҳал этолмайди. Бошимизга мусибат ёхуд орзу-истакларим рўёби учун асло хизмат қилмайди. Шуни унутмаслик керакки, бир неча сониялардан сўнг нима бўлишини Яратгандан бошқа ҳеч ким билмайди.
Баҳринисо Мадумарова