Беморнинг дуоси мустажобми?

19:56 22.03.2019 621

Ҳазрат Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилнади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

– Бир мусулмон бошқа бир бемор мусулмон биродарини зиёрат қилганида, зиёратга бориб қайтгунича, ўтган вақтини, жаннат ҳурфаси тўплаш билан ўтказибди. Асҳоблар сўрашди:

– Ё Расулуллоҳ, жаннат ҳурфаси нима?

– Вақти келганида (пишиб етилганида), дарахтдан йиғилган хурмодир, – дедилар Сарвари олам” (Имом Термизий ривояти).

Соғлиқ – инсон учун энг бебаҳо бойлик саналади. Бу икки неъматдан баҳраманд бўлиб турган киши уларнинг қадрига етмоғи лозим. Танамизда омонат жон, касалликка чалинишимиз, бемор бўлишимиз бор. Баъзан хасталик ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўтмайди. Ана шундай пайтларда улар ҳолидан хабар олиш, зиёрат қилиб кўнгил сўраш, ҳаққига дуо қилиш эзгу амаллардан ҳисобланади. Расулуллоҳу алайҳи вассалам марҳамат қиладиларки: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир: саломига алик олиш, касал бўлса бориб кўриш, жанозасига эргашиш, таклиф этса бориш ва акса ургувчига яхшилик тилашдир” (Имом Муслим ривояти).

Ҳадиси шарифдан кўринадики, мўмин-мусулмонларнинг бир-биридаги ҳақ-ҳуқуқларидан бири – касал бўлган яқинларимиз, дўстларимиз қариндошларимиз ҳолидан хабар олишдир. Динимизда, беморни зиёрат қилиш энг савобли амаллардан биридир. Ҳадисларда келтирилишича, “Бир мусулмон бошқа бир бемор мусулмонни эрталаб бориб кўрса, албатта, унга кечқурунгача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кечқурун касални кўрса, албатта, унга етмиш минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади” (ИмомТермизий ривояти).

Аммо беморлар ҳолидан хабар олишнинг ҳам ўз одоби борлигини унутмаслигимиз керак. Зеро, яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам беморни зиёрат қилиш одоблари ҳақида бундай марҳамат қилганлар: “Сиздан бирортангиз касал кўришга борса, у билан қўл бериб кўришсин ва қўлини беморнинг пешонасига қўйиб аҳволини сўрасин, унга шифо ва узоқ умр тиласин! Ундан ўзи ҳаққига дуо сўрасин. Зеро, касал кишининг дуоси фаришталарнинг дуоси каби ижобатдир”. Касални бориб кўриш қариндош-уруғлар, ёру дўст, жамият аъзолари ичида дўстлик, биродарлик, ҳамдардлик руҳини кучайтирадиган, ана шу алоқаларни тартибга солиб турадиган, одамларни бир-бирига меҳр-муҳаббатли қиладиган омиллардан биридир.

Интернет манбалари асосида Саида тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!