Бешинчи омил: гўзал хулқ ва меҳрибонлик

10:30 31.08.2019 416

Уламоларда меҳр-оқибат сифатлари бўлмоғи шарт. Агар олимнинг қалби қаттиқ бўлса, ундан илм ололмайди. Чунки инсонлар қўпол, қаҳри қаттиқ одамдан ўзини тортади.

Қуйидаги оятда раҳмат сифати илм сифатидан олдин келтирилган: “Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришта)лар (яккаю ягона) Парвардигорларига ҳамд билан тасбеҳ айтурлар ва Унга имон келтирурлар ҳамда имон келтирган кишиларни мағфират этишини сўрарлар: “Парвардигоро, Ўзинг раҳмат ва илм жиҳатдан барча нарсада кенгдирсан. Бас, тавба қилган ва йўлингга эргашган кишиларни мағфират эт ва уларни дўзах азобидан сақла!” (Ғофир сураси, 7-оят)

Фаришталар Аллоҳ таолони раҳмати ва илми кенглиги билан сифатламоқда. Улар дуо қилишдан олдин Аллоҳ меҳрибон эканини зикр қилмоқда, жамики инсон зоти Аллоҳнинг раҳматига муҳтожлигини изҳор қилмоқда.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни илм ўрганиш учун борган солиҳ бандани меҳрибонлик сифатлари ила тасвирлади: “Бас, бандаларимиздан бир бандани (Хизрни) топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик. Мусо унга: “Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?” – деди” (Каҳф сураси, 65-66 оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам раҳмат тимсоли, меҳрибон муаллим, меҳрибон мураббий эдилар. Муовия ибн Ҳакам розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ билан бирга намоз ўқиётганимда, бир киши акса урди, мен “ярхамукаллоҳ” дедим, жамоат менга ёмон қаради, мен: “Онанг йўқотиб қўйгурлар, нимага ёмон қарайсизлар?” дедим. Жамоат қўлларини сонларига ура бошлади, қавм мени жим қилмоқчилигини тушунганимдан кейин жим бўлдим. Расулуллоҳга ота-онам фидо бўлсин, аввал ҳам, кейин ҳам у зотдай муаллим кўрмадим. Улар мени урмадилар ҳам, туртмадилар ҳам, сўкмадилар ҳам, балки: “Намозда инсонларнинг сўзлари мумкин эмас, намоз тасбеҳ, такбир, Қуръон қироатидир”, дедилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, мен яқинда мусулмон бўлдим, бизда фолбинга борадиганлар бор”, дедим. У зот: “Уларга борма”, дедилар. Мен: “Бизда шумланадиган одамлар бор”, дедим, у зот: “Бу улар ўзларича ўйлайдиган нарса, уларга фойда бермайди”, дедилар” (Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раҳматига қаранг, Муовия бу раҳматдан қанчалар таъсирланди ва ул зотнинг буюк муаллим ва мураббийлигини эътироф этди. Бу меҳрибон зотдан яна савол сўраб, ҳидоят топди. Агар дағал инсон бўлганларида яқинлашмасди ҳам.

Таассуфки, баъзи шайхлар қўпол муомала қилишади. Халқ уларни пешво деб билиш тугул маърузасини эшитмайди.

Абу Масъуд Ансорий ривоят қилади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга келиб деди: “Эй Расулуллоҳ, мен бомдод намозига фалончи сабабли чиқмайман, у жуда узун ўқийди”. Расулуллоҳ жуда дарғазаб бўлдилар, бунчалар ғазабланганларини ҳеч кўрмаганман, сўнгра: “Эй инсонлар, сизлардан баъзилар одамларни диндан нафратлантиради, ким имом бўлса, енгил ўқисин, жамоатда қарилар, заифлар, ҳожатманд одамлар бор”, дедилар” (Бухорий, Муслим ривояти).

"Ислом ва олам" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!