Саволим бор...

Бева аёлнинг жаннатга кириши осонми?

1371

Савол:

Ассалому алайкум! Эридан бева қолган аёл қизларини ёлғиз ўстирса таълим тарбия берса (диний ва дунёвий) уйли жойли қилса унинг мартабаси қандай бўлади? Яъни эри бўлса уни хизматини қилса, болаларини ювиб-тараб, тарбия берса, эрини розилигини олса, Жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради дейилган ҳадисларда... Эри ўтиб кетган бева аёлни-чи, шу ҳақда ҳам ҳадислар борми? Жавоб учун олдиндан раҳмат.


Жавоб:

Агар эрим билан жаннатда бирга бўлай, деб турмушга чиқмаётган бўлсангиз, бунинг зарари йўқ. Аммо етимларни тарбиялаб, таълим бериб яхши инсонлар қаторига қўшаман деган ниятда яшаётган бўлсангиз жуда катта ажрга эга бўлибсиз. 

Авф ибн Молик Ашжаъий ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Мен ва икки юзи (узоқ вақт бевалиги туфайли ва зийнат кўрмаганидан) қорайган аёл қиёматда мана шундай бўламиз", дея ўрта ва ишора бармоқларини жамладилар. "Аёл эридан бева қолди. Обрўли ва чиройли. Етимлари учун ўзини (турмушдан) тийди. То айрилишгунча ё вафот этишгунча". (Абу Довуд ривояти). 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Жаннат эшигини аввал очадиган мен бўламан. Илло унда мендан олдин улгурган бир аёлни кўраман. "Сенга нима бўлган? Сен кимсан" дейман унга. У: "Мен етимлари ўткизиб қўйган аёлман", дейди". (Абу Яъло ва Дайламийлар ривояти). 

Гарчи бу икки ҳадис заиф бўлса-да, бундай ўринларда ишлатилади ва бу ваъдалар амалга ошишидан умид қилинади. Қолаверса, болаларини солиҳ тарбиялаган бевалар солиҳ мураббийларнинг ҳам ажрига эга бўлишади. 

Аллоҳ янада билувчи.

Мубашшир Аҳмад

УЛАШИНГ:

Teglar
« Орқага