Тақводор аёл қиссаси – Биби Ҳожар

23:05 10.07.2019 928

«Эй Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимдан, сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим» («Иброҳим» сураси, 37- оят)

 

Ушбу китобда фақат буюк эркаклар эмас, аёллар ҳақида ҳам сўз боришини ихтиёр этдим.

Биз ҳикоя қиладиган буюк зот – Иброҳим алайҳиссаломга турмушга чиқиб, Исмоил алайҳиссаломдек инсонни дунёга келтирган мисрлик аёлдир. Исмоил алайҳиссалом кейинчалик халқи орасидан банулбашар тарихидаги энг буюк зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиққан араблар уруғининг асосчисига айланди. Шундай экан, мисрликлар ул зотга биродар ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга Миср забт этилгач, ерлик аҳолига яхши муносабатда бўлишни васият қилганлари ҳақида ҳадис бор. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ахир улар ҳимоямиз остида бўлиб, биз билан қариндошлик риштаси ила боғланишган», деганлар. Исмоил алайҳиссаломнинг онаси Биби Ҳожарнинг Мисрда туғилиб вояга етгани мисрликларни араблар билан боғлайдиган қардошлик риштасидир.

Аллоҳ Ўз ҳабиби Иброҳим алайҳиссаломга Биби Ҳожарни қўлидаги гўдаги билан бирга Фаластиндан олиб чиқиб, бошоқли ўсимлик ўсмас водийга элтишни амр қилди. Иброҳим алайҳиссалом хотинини эмизикли чақалоғи билан бирга тайинланган жойда қолдириб, Фаластинга қайтишга тараддудланиб турганда, Ҳожар онамиз одам қадами етмаган бу кимсасиз чўлга ташлаб кетаётган эридан сўрабди: «Сиз буни Аллоҳнинг иродаси ила бажаряпсизми?»  Иброҳим алайҳиссалом жавоб ўрнига бош ирғиб қўйибди. Шунда бу оқила аёлнинг юрагидан, Аллоҳ Ўзига қайтариб оладиган кун етгунча исми банул башар хотирасида барча замонларда абадий сақланадиган сўзлар отилиб чиқди, Биби Ҳожар комил имон-ла: «Демак, У нобуд бўлишимизга йўл қўймас!» – деди.

Ушбу аёл муҳим бир қоидани – кимки Аллоҳнинг амрига итоат қилса, Унга таваккул қилса, Аллоҳ  унинг нобуд бўлишига йўл қўймаслигини жуда яхши ўзлаштириб олган. Кўпчилик муайян қийинчиликка дуч келган фурсатда ушбу қоидани унутиб қўяди. Айримлар эса синов тобора кучайиб борар экан, умидни узиб, вазиятдан чиқиш йўлини топа олмай қолишади. Иш шу даражагача етиб борадики, баъзилар умидсизликка юз тутади, уммат руҳи яна кўтарилишига бўлган ишончни йўқотади. Ислом уммати оёққа туриши, ўтмишдаги шон-шавкати яна қайтишини имконсиз, деб ҳисоблайдиганлар шуни билсинларки, улар Аллоҳдан нажот келишига ишонмай қўйган муртадга айланиш чегарасига бориб қолганлар. Биби Ҳожар уларга ибрат бўлсин. Ушбу қаҳрамон аёл, аввало, Буюк ва Қодир Аллоҳга таваккул қилган. Бундан ташқари, у гарчи Аллоҳнинг ёрдамига комил имон-ла қараган бўлса-да, қўл қовуштириб ўтирмаган. Зеро, қалбдаги имон бажариладиган амал билан тасдиқланишга эҳтиёж сезади ва шу тариқа улар бир-бирини тўлдириб, бир бутунлик ҳосил қилади.

Биби Ҳожар Сафо ва Марва тепаликлари орасида юриб, сув қидирди. Бу ерда биронта ҳам ҳаёт нишонаси кўринмаса-да, умидини узмади, чақалоғи учун сув қидирди. Кимдир: «Сув топа олмаганига қарамай, нима учун Биби Ҳожар Сафо ва Марва тепаликлари орасида бир эмас, икки эмас, етти марта югуриб сув қидирди?» – дея сўраши мумкин. Сабаби шундаки, Ҳожар онамиз мақсадга эришиш йўлида ўз кучи ва имконини охиригача ишга солган, валлоҳу аълам. Бунда Биби Ҳожар қийинчиликни енгиб, омон қолишнинг икки мажбурий шартини: қалб-ла имон ва амал-ла тасдиқ шартларини бажарган. Ниҳоят, Аллоҳдан нажот келди, нобуд бўлишига бир баҳя қолган чақалоқ Исмоилнинг оёғи остидан Замзам булоғи отилиб чиқди. Булоқ сувининг ҳар бир томчисида қаҳрамон аёл ўз гўдаги билан бирга машаққатни енгиб, омон қола билгани ҳақида ривоят янгради. Оби Замзам булоғи Аллоҳнинг қудрати билан бугунги кунгача Маккаи мукарраманинг ерости тошлари орасидан сизиб чиқмоқда ва мазали сувининг ҳар бир томчиси ила нажот манбаси битмас-туганмас эканлигини тасдиқлаётгандай бўлмоқда. Шундай экан, ҳар гал бирор машаққатга дуч келаркансиз, заррача ҳаёт нишонаси бўлмаган қуп-қуруқ чўлда нобуд бўлишига сал қолган гўдакни, онаси Биби Ҳожарни ёдга олинг. Қийинчиликни енгиб, омон қолиш учун иккита шартни сўзсиз бажаринг. Биринчи навбатда, Аллоҳнинг нажотига комил имонда бўлинг, шундан сўнг ўз мушкулингизни осон қилиш йўлида қўлдан келганча ҳаракат қилинг. Гарчи кимдир саъй-ҳаракатларингизни беҳуда амал деса ҳам, билингки, пировардида муваффақиятга эришасиз.

Биби Ҳожар ўз амали ила Ислом уммати тарихида ўтган буюк зотларнинг исмлари қаторида номи зарҳал ҳарфлар билан битилишга муносиб аёлдир. Бу мўътабар аёл араблар ва жамики мусулмонларнинг онасига айланди. Бас, шундай экан, ўз онасининг юртини Шарқий Рим империяси (Византия) зулмидан халос қилиш, Биби Ҳожарнинг оға-иниларини ҳам Аллоҳнинг динига даъват этиш мусулмонларнинг бурчига айланди. Бу ишни амалга оширган инсон эса том маънода буюкликка эришди. Ул зоти шариф Мисрни забт этиш шарафига муяссар бўлди. Кейинчалик Миср динимиз тарихида Исломга таянч бўлган асосий марказга айланди.

Қурайш қабиласидан чиққан, издошлари ниҳоятда яхши кўриб, исми Миср диёрида кенг тарқалган, ислом дини учун курашган ўша буюк араб қаҳрамони ким?

Бу ҳақда кейин ҳикоя қиламиз...

Жиҳод Турбонийнинг «Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси» китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!