"Фарзанди аржумандим"

Билимли ва тафаккур қилувчи болаларни тарбиялаш

710

Сўнгги йилларда болаларга таълим бериш жараёнига эътибор жуда ҳам кучайди. Ота-оналар жуда кўп нарсалардан воз кечиб, фарзандлари таълим олишларига пул сарфлаяпти Буни жуда кўпайиб кетган ўқув марказлари сонидан ҳам кўришимиз мумкин. Халқ орасида “билимли бола ўстириш учун кўп пул сарфлаш керак”, деган тушунча бор. Чиндан ҳам шундайми? Доим ҳам кўп пул сарфлаш яхши натижа кафолати бўла оладими?

Албатта, болаларимизга ўзимиз билмаган нарсаларни бошқалар ёрдамида ўргатамиз. Баъзида эса ўқитувчилар ҳам, қиммат мактаблар ҳам ёрдам бера олмайди. Барча дарсларга қатнашган фарзандимиз билимида ўсиш кўринмайди. Бундай ҳолатни баъзилар боланинг ота-онасини маълумоти билан боғлашади. Аслида эса олий маълумотли ёки маълумотсиз, бой ёки иқтисодий қийинчиликдаги оилалар фарзанди учун қила оладиган жуда ҳам осон ва оддий нарса бор экан.

Агар шу нарсага эътибор берсак, қизиқувчан, изланувчан, ўзи қидириб билим олувчи фарзанд ўстириш эҳтимоли жуда ҳам ошади.

1. Болалар билан кўп гаплашиш. Фарзандингиз гапиришни билмайдиган ёшидан бошлаб, ўсмир бўлиб сизга сирларини айтгиси келмай қолгунича доимо у билан суҳбатлашинг. Катталар суҳбатлашган болалар ўзларини эртароқ шахс қила бошлайди, воқеалар борасида фикр юргизади ва фикрини ифодалашни ўрганади.

2. Болалар саволларини жавобсиз қолдирманг. Жуда кўп ҳолатларда болалар саволларига “озгина ўйнаб тур”, “озгина гапирмай тур” деб жавоб берамиз. Бу орқали фикрлашни ўрганаётган фарзандимизни фикрлашдан тўхташга мажбур қиламиз. Саволларига жавоб олган боланинг қизиқишлари яна ҳам ортиб, ўқишни ўрганганда ўзи мустақил саволларига жавоб қидира бошлайди. Саволларига жавоб ола олмаган, жим бўлиш буюрилган бола эса фикрламасликни ўрганади. Ўсмир ёшида уни турли курсларга бериб, нимагадир қизиқтиришга ҳаракат қилиш самарасиз бўлиб қолиши мумкин.

3. Болаларга китоб ўқиб беринг. Жуда кўп ота-оналар фарзандимга китоб олиб бердим, у эса ҳеч ўқимайди дейишади. Аслида эса китобни олишгина эмас, уни ўқиш ҳам керак экан. Фарзандига китоб ўқиган ота онанинг нутқи ҳам чиройли бўлади (олий маълумотли бўлишнинг ҳам аҳамияти қолмайди). Фарзандлар эса ўқишни ўрганганидан сўнг ўзлари китоб ўқишда давом этади, чунки сиз унда китобга меҳр уйғотдингиз. Баъзида ўқишни ўрганганларидан кейин ҳам улар билан ўқишингиз, ўқишни яна ҳам мароқли қилади. Албатта, бундай болаларнинг дунёқараши, фикрлаши кенг бўлади ва улар нима хоҳлашини билишади. Яъни сиз пул сарфлаб курсларга бермасангиз ҳам, боланинг ўзи билимни қидириб топади.

Худди шу масалага Америкалик Бетти Ҳард ва Тод Рисли бир нечта илмий ишларини бағишлаган эканлар. Натижалар 9-10 ёшли болаларнинг мактабда ўқиш натижалари улар билан 3 ёшгача бўлган вақт мобайнидаги эътибор ва суҳбатлашишга чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатган. Яъни, ота оналари кўпроқ гаплашган болалар мактабда яхшироқ натижа кўрсатибди.

Болаларга бўлган Исломдаги эътиборни бир ривоят орқали кўрсатмоқчиман.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ривоятда шундай дейилади:

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳар қандай қул боласи қўлларидан тутиб, хоҳлаган тарафига олиб кетар эди”. Имом Бухорий ривояти.

Ҳадисдан кўринадики, доимо банд бўлишларига қарамай, оламлар сарвари Набий алайҳиссалом ҳаттоки қул боласига ҳам эътибор бериб, вақт ажратар ва кўнгилларига қарар эдилар.

Фарзандингиз неча ёш бўлишидан қатъий назар, улар билан гаплашишни ва улар учун китоб ўқиб беришни бошланг! Инша Аллоҳ, шу оддий ҳаракатингиз мевасини, албатта кўрасиз.

“Муслима она кундалиги” телеграм каналидан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Мендан кейин ҳам уйни бузманглар...»

1059 22:00 06.10.2019

Нўъмон Али Хон: Қуръонда фарзанд тарбияси ҳақида (2-қисм)

2342 00:20 13.07.2019

Нўъмон Али Хон: Қуръонда фарзанд тарбияси ҳақида (1-қисм)

2350 00:12 11.07.2019

Фарзанд тарбиясида тарқалган баъзи хатолар

1102 18:00 05.07.2019

«Мушкулимизга чора излаб ҳамма эшикни қоқибмиз-у, Худойимнинг эшигини қоқмабмиз» (ҳаётий воқеа)

1529 11:00 26.06.2019
« Орқага