Таҳлил

«Билмайин босдим тиканни...» ёхуд Саудия Арабистонидаги бангладешлик аёллар қисмати

2651

Ширина Бегим оч қоринга ухлашга аллақачон одатланиб қолган. У кунларлаб крахмалли сувда қайнатилган гуручга қаноат қилади. Ҳам икки фарзанди, ҳам касалманд эрини боқиш унинг зиммасида.

Эндигина 29 ёшни қаршилаган Ширина Бангладешдаги Наморикари қишлоғида ўсиб-улғайган. Эсини таниганидан буён билгани – машаққат ва қашшоқлик.

У сомон ёпилган уйда яшар, тирикчилик қилиш учун ҳатто экин майдонига ҳам эга эмасди. Шундай кунларнинг бирида Ширина қўшнилардан Саудия Арабистонига бой хонадонларга уй хизматчиси сифатида ишлашга кетиш мумкинлиги ҳақида эшитиб қолди.

«Менга бир ойда 235 долларгача ишлаб топиш мумкинлигини айтишди. Фақат Саудияга кетиш учун самолёт чиптаси ва бошқа харажатлар учун 471 доллар талаб қилинарди. Кўп ўйлаб ўтирмадим. Қарз олиб, Саудия Арабистонига боришга қарор қилдим», – дейди у.

Шундай қилиб, шу йилнинг май ойида Ширина Бегим оиласини қолдириб, улкан умидлар билан сафарга отланди. Унинг агенти Харж шаҳрида тўрт кишилик кичик оилага хизмат қилиши – уларнинг ош-овқатига қараши лозимлигини айтган. Аммо нафақат ошхона, балки бутун хонадоннинг юмушлари – кир-чирдан тортиб кундалик юмушларга қадар Ширинанинг гарданига юклатилди. Қолаверса, оила аъзолари сони 6 нафар экан.

«Бир кунда 14-16 соатгача тиним билмасдим ва эвазига 235 доллар олардим, холос. Устига-устак, мен уларнинг тилига яхши тушунмас, таъбларига кўра таом тайёрлашни ҳам уддалай олаётгандим. Энг ёмони, хўжайин менга телефондан фойдаланишимга рухсат бермасди, шунинг учун уйдагиларим билан боғланолмасдим. Шундай кунлар бўлардики, улар мени калтаклаб қолишарди… Шу билан чекланишса майли эди… Бир куни ошхонада ухлаб ётарканман, кимдир менга тегинишга уринаётганини сезиб қолдим. Оиланинг тўнғич ўғли менга тажовуз қилмоқчи эди… Бақирмоқчи бўлдим, лекин у қўли билан оғзимни ёпди. Бор кучимни йиғдиму, уни тепиб ташладим… Кейин уйдан қочиб кетдим», – дейди Ширина. 

Шундан сўнг у энг яқин полиция идорасига мурожаат қилди. Бироқ муҳожир сифатида зарурий ҳужжатларга эга бўлмагани учун унинг ўзини ҳибсга олишди. Орадан 4 ҳафта ўтиб, ниҳоят Бангладешнинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси кўмаги билан Ширина Бегим юртига қайтиб келди.

Қочқин роҳинжалар инқирози: Бангладешдаги Байрут синдроми

Суратларда: Бангладешдаги роҳинжалар

БМТ: 70,8 млн киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди

«Улар қамоқда менга ҳайвонларга муомала қилгандек муомала қилишди, – дейди у. – Мен бор-йўғи 4 ой ишлай олдим, 2 ойгина маош олдим. Энди шунча хўрликлар камдай бўйнимда маҳаллий судхўрлардан олган қарзим ҳам бор. Нима қилишга бошим қотган…»

Ширина Бегим жорий йилнинг сентябрига қадар иш излаб Форс кўрфазидаги араб давлатларига йўл олган 50 минг аёлдан бири, холос. Маълумотларига кўра, 1991 йилдан бери Саудия Арабистонига 300 мингдан ортиқ аёл ишчилар иш излаб боришган, аммо уларнинг кўплари хаёлларидаги бой-бадавлат ҳаёт ўрнига зўравонлик ва эксплуатация ҳикоялари билан қайтишган.

Сўнгги тўрт йил ичида Саудия Арабистонида камида 66 бангладешлик ишчи аёл вафот этди, улардан 52 нафари ўз жонига қасд қилган.

Саудия Арабистонида ишлаган Далия Ахтернинг ҳикояси ҳам аянчли. У юртига чўлоқ ҳолда қайтди…

Пойтахт Дакка яқинидаги Жандария шаҳрида яшовчи Ахтерга Саудия Арабистонининг Дилум шаҳрида кекса аёлни ойига 266 доллар эвазига парвариш қилиши айтилган.

2018 йилнинг июль ойида Дилум шаҳрига етиб борган Далиянинг бутун тасаввурлари пучга чиқди. Унинг ишида узоқ давом этувчи иш соати, қўпол муомала ва жисмоний тазйиқ деярли одатий ҳол эди.

«Мен ҳар куни эрталаб соат 5 дан кечки 10 гача танаффус қилмасдан ишлашим керак эди, – дейди у. – Кўрсатмаларини тушунмасам, бекам таёқ билан уришдан ҳам тоймасди».

Тоқати тоқ бўлган Далия ортиқ ишни давом эттиришни истамаслигини айтгач, уни бошқа оилага сотиб юборишди. Бу ердаги шароит олдингисидан беш баттар эди. Саудия Арабистонидаги «калафа» тизимига кўра, меҳнат муҳожирларининг бу ерда яшаш ҳуқуқи иш берувчиларга боғлаб қўйилган ҳамда уларнинг ёзма розилиги билангина ўз иш жойини ўзгартириши ёки нормал шароитда мамлакатни тарк этиши мумкин. Шу сабаб ноилож қолган Далия учинчи қаватдан сакраб, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди. Натижада оёғини синдириб олди. Шундан сўнг янги хўжайинлари аёлни Бангладеш элчихонасига ташлаб кетишди. Уч ҳафта давомида элчихона тасарруфидаги хавфсиз уйда тургандан сўнг Далия мажруҳ оёқ билан ватанига қайтиб келди…

«Саудияга боргунга қадар мен тикувчи бўлиб ишлаганман. Энди оёғим бу аҳволда, оила аъзоларимга юк бўлишдан бошқа нарсага ярамаяпман», – дейди у.

Маълумки, Бангладеш тўқимачилик сектори Жанубий Осиёда энг йириклардан бири бўлиб, мамлакатдаги миллионлаб аёлларни иш билан таъминлайди.

Ширина ҳам, Далия ҳам иш берувчилар муҳожирларнинг паспортини олиб қўйиб, иш ҳақини ушлаб қолиш ва уларни ўз хоҳишларига қарши ишлашга мажбурлашга асосланган адолатсиз тизимнинг қурбонига айланди.

«Муҳожирлар иш берувчилар розилигисиз кетиб қолган тақдирда хўжайинлар уларга нисбатан айблов эълон қилиши мумкин. Натижада ишчилар ҳибсга олинади ёки депортация қилинади», – дейди Human Rights Watch ташкилотининг вакили.

Етти йиллик тақиқдан сўнг ниҳоят 2015 йилнинг охирига келиб икки томонлама шартнома асосида Саудия Арабистони бангладешлик меҳнат муҳожирларини қабул қила бошлаган эди. Ўшандан буён миллионлаб муҳожирлар Саудия Арабистонига иш излаб борган.

Бангладешда меҳнат муҳожирлари билан ишлайдиган нодавлат ташкилоти – БРАC тақдим этган маълумотларга кўра, ўтган йили жами 1335 аёл ишчи ноинсоний иш шароитлари туфайли Саудия Арабистонини тарк этган.

«Улар қайтиб келишгач, ҳам ақлий, ҳам жисмоний-жинсий зўравонлик ҳақида хабар беришади, – дейди БРАC вакили Шариф Ислом Ҳасан. – Мен иш берувчилар жазоланган бирорта ҳам ҳолатга гувоҳ бўлмадим. Саудияликлар муҳожирларга нисбатан истаганлари қадар муносабатда бўлади, чунки оқибатан ўзларига ҳеч нарса бўлмаслигини яхши билишади».

Аввалроқ Саудия Арабистонида аёл ишчиларга нисбатан жинсий зўравонлик қилингани ҳақидаги иддаоларни рад этган Бангладеш муҳожирлар вазирлиги шу йилнинг сентябрь ойига келиб ниҳоят мазкур ҳолатни тасдиқловчи баёнот билан чиқди.

Ҳукумат ҳисоботида айтилишича, Саудия Арабистонига уй хизматчиси сифатида ишлаш учун кетган кўплаб аёллар у ерда жинсий зўравонликка ва тазйиққа учараганлар сабаб ортга қайтиб кетишган. Бундан ташқари, жорий йилнинг 26 август куни Саудия Арабистонидан Бангладешга қайтган 111 аёлдан 38 нафари жисмоний ёки жинсий зўравонликка дучор бўлган, 48 нафари эса маошини ололмаган.

Бангладешнинг Саудия Арабистонидаги элчиси Ғулом Моши ҳам баъзи аёл ишчиларга Саудия Арабистони иш берувчиларининг қўпол муомаласини эътироф этди:

«Иш шароитининг ёмонлиги туфайли қайтиб келган аёллар Саудия Арабистонига Бангладешдан келган умумий ишчи кучининг 10 фоизидан камроғини ташкил этади, холос, қолганлар билан ҳеч қандай муаммо йўқ», – деди у 2 миллионга яқин бангладешлик муҳожирлар статистикасини назарда тутиб. 

Моши вазиятни қисман очкўз агентликлар билан боғлади. Мазкур даллоллар бутун мамлакат бўйлаб пулга муҳтож аёлларни излаб топмоқда ва Саудия Арабистонига жўнатмоқда. 

«Саудияга иш ахтариб кетган аёлларнинг асосий қисмини ўқимаган ва ҳеч қандай махсус тайёргарликдан ўтмаганлар ташкил қилади. Шунинг учун улар бегона мамлакатга бориши билан янги маданиятага кўникишга қийналиб, азоб чекишади», – дейди у.

Вазирлик ахборотига кўра, ҳозирда Бангладешда чет элга меҳнат муҳожирларини юбориш билан шуғулланувчи 1221 та агентлик рўйхатга олинган.

BC International агентлиги вакили Соҳел Ахмаднинг сўзларига кўра, улар Саудия Арабистонида ишлашни истовчиларга аввал барча шарт-шароитларни тушунтиради, фақат барчасини қабул қилган одамларнигина ишга жўнатишади. 

«Биз биздан узоқда улар билан нима содир бўлаётганини билолмаймиз, албатта. Аммо агар шикоятлар келиб тушса, дарҳол чора кўрамиз ва муҳожирларни ўз юртларига қайтариш учун қўлимиздан келганини қиламиз», – дейди у. 

«Саудия Арабистонига ишлашга кетганларнинг аксарияти ўз ҳаётидан мамнун ва аллақачон уйига катта миқдорда пул жўнатишни бошлаган. Албатта, шароитдан қониқмай ёки бошқа сабаблар билан ортга қайтганлар ҳам бўлганини инкор этмаймиз, бироқ муваффақият даражаси ушбу статистикадан баладроқ эканини айтишни истардим», – дейди Sonsord Apex агентлиги раҳбари Абул Ҳусайн.

Муҳожирлар вазирлиги вакили Аҳмад Мунирус Салхиннинг билдиришича, мазкур институт Саудия Арабистонида жисмоний ёки руҳий тазйиққа учраган меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилиш учун махсус тузилган. 

«Биз қандайдир муаммолар сабаб иш жойидан қочиб кетган мигрантларни Саудия Арабистонидаги хавфсиз уйларда сақлаймиз, тегишли тартиб-қоидалар бажарилгач имкон қадар тезроқ ортга қайтаришга ҳаракат қиламиз», – дейди у.

Унинг сўзларига кўра, жабрланувчи шикоят қилмоқчи бўлса, албатта, Саудия Арабистонидаги хавфсиз уйларда қолишига тўғри келади.

«Бу қонуний процедура бўлгани учун тергов ва бошқа расмиятчиликларни якунлаш учун кўп вақт талаб этилади. Натижада қурбонларнинг аксарияти шикоят аризаси билан мурожаат қилишни истамай, шунчаки уйларига қайтиб кетишни афзал кўради», – дея қўшимча қилди Аҳмад Мунирус Салхин.

Манба: Ал-Жазира

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бангладеш:  250 мингдан зиёд масжиди бор мусулмон давлати

1093 11:54 17.09.2020

Олти ой олдин Бангладешдан қочган роҳинжалар Индонезияга етиб борди

584 22:25 07.09.2020

Бангладеш: масжидда портлаш, қурбонлар бор

784 16:50 05.09.2020

Минглаб кишига сохта коронавирус тести ўтказган бангладешлик қўлга тушди

450 19:45 17.07.2020

Тўртта Исроил самолётини уриб туширган қаҳрамон вафот этди

2103 09:30 16.06.2020

Бангладеш: 2 миллион фуқаро эвакуация қилинмоқда

701 20:30 19.05.2020
« Орқага