"Билмайман деган иборани ҳам тез-тез ишлатиб турайлик...​"

12:50 06.01.2019 2479

Наманганлик таниқли уламо, шайх Умархон домла ҳафизаҳуллоҳ бир дурдона гап айтдилар. Аҳли илмман, уламоман, қори акаман, имомман деган дўстларимиз ўқиб, уқиб, қулоқларига қўрғошиндай қуйиб, дилларига нақшдай ўйиб олсалар, ин шаа Аллоҳ, албатта нажот топажаклар!

Бир савол берилди(саволки, оғир ва ихтилофли, аммо жавоб нима бўлишидан қатъий назар, бирор кимга бир нафи йўқ, бирор кимнинг фикрини ўзгартирувчи эмас), атрофдаги аҳли илмлар жавобга сўз талашиб турганларида шайх Умархон домламизнинг ўктам товушлари ҳаммани сергаклантирди:

“...Бирор олим ҳар қандай саволга шариллатиб жавоб беравергани сайин шайтон алайҳиллаънанинг бўйни тобора йўғонлашиб, семириб, кучига куч, қувончига қувонч қўшилиб боравераркан. Нега? Сафимиз кенгайяпти деб...

Аммо олим киши бироз тараддудланиб, шу саволга тишим ўтмай, ақлим, илмим етмай турибди-я...бир ўрганиб кўрсак бўларкан, дейиши билан шайтон бўйнига қилич егандай дод солиб ерга йиқилар экан...

Биродарлар, ҳеч биримизнинг зиммамизда дунёдаги барча саволга жавоб бериш вазифаси юкланмаган, бунинг иложи ҳам, имкони ҳам йўқ. Шунинг учун билмайман деган иборани ҳам тез-тез ишлатиб турайлик...“дедилар.

Ҳамма ич-у ташида таҳсин айтди, лол қолди.

Савол эгаси ҳам жуда гўзал жавобдан таскин топганини кўрдик.

Бу олимларни ҳам лол қолдирадиган ориф зотнинг жавоб эди-да ахир.

Аллоҳ умрларини зиёда қилсин, узоқ йиллар соғ-у саломат, эл-у юртимизга зиё тарқатиб юрсинлар... (озгина беморлиги бор, холис дуо қилайлик, Аллоҳ комил шифо берсин)

Фарзандларимиздан мана шундай олимлар, орифлар етишиб чиқсин!

Амийн, ё раббал ъаламийн!

Интернет сарҳадларидан...

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!