“Билмайман”ни биласизми?

19:00 19.02.2019 1176

Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг алайҳиссалом ушбу мазмундаги ҳадислари бор: "Фатво беришга шижоатлигингиз оловга шижоатлигингиздир".

Улуғ саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бундай деганлар: "Илм учтадир: гапирувчи Китоб (яъни Қуръони Карим), қоим суннат ва "мен билмайман" дейиш".

Баъзи уламолар ибн Умарнинг бу сўзларини ҳадис ҳам дейишади. Имом Мановий ушбу ривоят шарҳида бундай фикр билдирган: "Билмайдиган нарсасини "билмайман" дейиши олим қадрини туширмайди, аксинча даражасини кўтаради. "Билмайман" дейиш олим даражасининг улуғлигига, динининг қувватига, Раббига тақвосига, қалби поклигига, маърифати комиллигига, нияти чиройлилигига далилдир. Диёнати заиф, маърифати оз кишигина бундай дейишдан қўрқади, чунки у Аллоҳ ҳузурида эмас, одамлар кўзида шарманда бўлиш, обрўсизланишдан қўрқади".

Салафлар билағонликдан, бирор масалани сўраб келганга дарров жавоб қайтаришдан тийилишган. Асри саодатда саҳобийлар ҳузурига бирор киши масала сўраб келганида "мендан кўра фалончи билимлироқ", деб уни бошқа саҳобийга йўллашар, у ҳам ўз навбатида бошқасига юборар, гоҳо сўровчи шу тариқа айланиб-айланиб яна биринчи саҳобийга рўпара бўлар эди.

"Билмаган нарсаларимни оёғим остига қўйганимда бошим кўкка етарди", деган эканлар мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ алайҳ. Моликия мазҳаби асосчиси Молик ибн Анасдан раҳимаҳуллоҳ алайҳ тўрт юз масала сўралса, уч юз тўқсон олтитасига "билмайман" деб жавоб берган эканлар.

Ҳужжатул-Ислом Имом Ғаззолий айтганлар: "Билмайман" дейиш илмнинг ярмидир. Ким Аллоҳ учун билмаган нарсаси ҳақида сукут қилса, гапирганидан кам савоб олмайди, чунки бу борадаги билимсизлигини эътироф қилиши нафсига оғир келади".

Ибн Қайюм айтади: "Билмайман" дейишни ўрган, "биламан"ни унут, сен билмайман десанг, билгунингча ўргатишади, биламан десанг, билмагунингча сўрашади".

Имом Муҳосибий ўз китобида бундай деган: "Бир киши то билгунича сўрашдан уялмаса, билмаган нарсаси ҳақида сўралганида "билмайман" дейишдан уялмайди".

Абу Толиб Маккий: "Аллоҳдан қўрқиб сукут қилиш гўзаллиги илм билан гапиргандаги гўзаллик кабидир", деган.

Хулоса шуки, олимнинг салоҳияти унинг ҳар нарсага топган жавобида эмас, балки нима дейишида ё сукутида аён бўлади. Киши ўзининг нимани билмаётганини англаши билганларининг энг муҳимидир. Яна ҳазрати Навоий айтганларидай: "Оқил чин сўздан ўзгани демас, аммо барча чинни демак – оқил иши эмас".

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!