Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ақида

Билолхон домла Рустамов: «Саботул-ожизин» шарҳи (ўн биринчи қисм)

559

Аввалги қисмларда Аллоҳ жалла ва аълонинг субутий сифатлари баёни, хусусан, Аллоҳ жалла ва аълонинг жаннатий бандаларига ваъда қилган неъматлари ичидаги энг олийси, яъни жаннатда ўзининг бандалари учун ҳусну жамолини намоён қилиши ҳақида баён қилган эдик. Аллоҳ таоло ўз неъмати, жамолини қуйидагича баён қилган: “Иймон, исломнинг ҳамма арконларни бекаму кўст адо этган муҳсин бандаларим учун жаннатда ҳусно, энг зиёда неъматим бор”. 

Яна бир оятда Аллоҳ таоло: “Қиёматда қачонки, бандалар Роббисининг жамолига назар қилиб турган пайтда бу юзлар шу қадар гўзал, шоду ҳуррам, ўзидан нур таратиб турган бўлади” деб марҳамат қилган. Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди мана шундай Аллоҳ таолонинг каломи, ваъдалари асосида барпо қилинган.  

Вале кўрмакни бечуну чунон бил,
Жиҳатсиз бил, мислсиз, бемакон бил.

Ҳар бир мўмин-мусулмон банда аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, Аллоҳ жалла ва аълонинг жамолини кўриш борасида тўғри эътиқодда бўлиши, бунга иймон келтириши лозим. Аммо, шайтон алайҳи ланъанинг қутқусига учиб, турли хил ўй-гумонларга берилиб, Аллоҳ жалла ва аълонинг жамолини кўришликни бу дунёдаги бирор нарса, махлуқотни кўришлик билан тенглаштириб қўйиш, у зотнинг жамолини кўриш борасида “Қандай кўраман? Қайси тарафдан кўраман? Қай ҳолатда кўраман?  Қайси бир жиҳатдан кўраман? “ каби турли хил ўй-хаёлларга берилиш мутлақо мумкин эмас. 

Ўшалким билдирур бешаклигини,
Билур ул яхши кўрсатмаклигини.

Банда у зотнинг жамолини кўриш борасида турли хил ўй-хаёлларга берилиб, эътиқодотига путур етказиб қўйиши мумкин. Аллоҳ жалла ва аъло бандасига бу дунёда борлигини, яккаю ягона эканлигини бешак билдириб, унга иймон ато этган бўлса, жаннатда ҳам ўзини қандай кўрсатишни ёлғиз у зотнинг ўзи билади. Шундай экан, банда фақат иймон келтириб, эътиқодини мустаҳкам қилса кифоя. Аллоҳ жалла ва аълонинг қудрати олдида банданинг ақлу заковати ожизлик қилади. 

Билур ҳар одамийнинг бўлса эси,
Калом эрмиш сифотининг бириси.
Каломи ҳодис эрмасдур, қадим бил,
Ани айғон сўзи бекому бетил.

Эътиқодоти мустаҳкам, илм-маърифат эгаси бўлган ҳар қандай инсон Аллоҳ жалла ва аълонинг субутий сифатларидан бири ҳисобланмиш Калом сифати ҳақида билади, ўрганади. Бу ҳам у зотнинг субутий сифати бўлиб, унда Аллоҳ таолонинг сўзи, гапиришлик сифати тушунилади. Аммо Аллоҳ таолонинг сифати махлуқотларники каби ҳодис эмас, балки унинг зотидан, қадим деб тушунилади. Банда шуни унутмаслиги керакки, Аллоҳ жалла ва аъло гапиришликда, буюришликда ўзи яратган махлуқотлар каби оғизга ёки тилга муҳтож эмас. Инсоннинг оғзига ёки тилига шикаст етадиган бўлса, у гапириш қобилятидан ажрайди. Аммо ягона Аллоҳ таоло ўз зотидан гапирувчи, ўз зотидан Калом сифатига эга саналади. 

Халойиқ сўзламас бекому тилсиз,
Худо муҳтож эмас, ҳеч ишга ҳаргиз.

Бу борлиқдаги ҳар қандай мавжудоту махлуқотлар оғизсиз, тилсиз сўзлай олмайди. Фақатгина ягона Аллоҳ жалла ва аъло бошқа сифатлари каби, Калом сифатида ҳам ҳеч қандай ишга, бирор бир тана аъзоларига ҳаргиз эҳтиёж сезмайди. 

Битилса ё ўқилса, олса эл ёд,
Булар ҳодис эрур, эй одамизод.

Бирор бир нарса ёзилса ёки ўқилса, одамлар буни ёд олса, мана шу ҳодис, яъни махлуқ дейилади. Ҳар бир банда буни билиши, унутмаслиги лозим. Аллоҳ жалла ва аълонинг Калом сифатига бир мисол муқаддас Қуръони карим ҳисобланади. Агар Аллоҳ таолонинг каломи инсон қўли билан ёзилиб ёки босмахонада босилиб бир китоб шаклига келтирилса, бандалар ўша каломни ўқиса, банданинг қилган амали ҳисобида бу ҳодисга айланади. Муқаддас Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Калом сифатидан бўлиб, у зот ўзига хос тарзда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳазрати Жаброил алайҳиссалом орқали етказди.

Худойимни каломин яхши бил боз,
Сўзини зотида йўқ ҳарфу овоз.

Банда Аллоҳ жалла ва аълонинг каломини яхши билиши, бу борада бирор бир янглиш хаёлга бормаслиги лозим. Аллоҳ таолонинг Калом сифатида, сўзининг зотида бандалариники каби на ҳарф, на овоз мавжуд эмас. Аслида Аллоҳ таолонинг Калом сифати ҳамда у зотнинг каломи Қуръони карим ҳодис ҳисобланмайди. Қачонки, уни бандалари ўқиганида, бир овоз пайдо бўлганида ёки ёзилиб китоб ҳолига келганда, банданинг амали нуқтайи назаридан у махлуқ яъни ҳодисга айланади. Аммо Аллоҳ жалла ва аълонинг Калом сифати ҳам, Қуръони карим ҳам махлуқ эмас қадим саналади. 

(давоми бор)

Диёра Эргашева тайёрлади

(1 қисм)
(2 қисм)
(3 қисм)
(4 қисм)
(5 қисм)
(6 қисм)
(7 қисм)

(8 қисм)
(9 қисм)
(10 қисм)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Билолхон домла Рустамов: «Саботул-ожизин» шарҳи (ўн учинчи қисм)

191 15:15 16.10.2020

Билолхон домла Рустамов: «Саботул-ожизин» шарҳи (ўн иккинчи қисм)

244 10:35 15.10.2020

Билолхон домла Рустамов: «Саботул-ожизин» шарҳи (ўнинчи қисм)

294 12:40 13.10.2020

Билолхон домла Рустамов: «Саботул-ожизин» шарҳи (саккизинчи қисм)

290 13:30 05.10.2020

Билолхон домла Рустамов: «Саботул-ожизин» шарҳи (еттинчи қисм)

349 15:05 03.10.2020
« Орқага