Ижтимоий тармоқларда қўлида iPhone тутган, танаси боғланган учта киши тасвирланган сурат тарқалди. Айтилишича, бу фуқаролар iPhone 14 Pro телефон русумини сотиб олиш учун буйрагини сотган. Таиланд Қизил Хоч донорлик марказининг бошқарувчи директори Софон Мектон бу ҳолатни қоралади.
Бу ҳақда Nextshark портали хабар берди.
«Органлар савдоси тақиқланган. Бу ноқонуний. Органларни сотиш учун таклиф қилиш, айниқса, iPhone сотиб олиш мақсадида сотиш ноўрин. Бу ахлоқий жиҳатдан ҳам нотўғри», — деди Мектон.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат Лаосдаги Ветнам гўзаллик клиникасида олинган.
Мазкур сурат Лаосда ҳазил мем ўлароқ қабул қилинган, аммо айрим таиландликлар уни жиддий қабул қилгани айтилмоқда. Софон Мектон эса инсонларни ўлимдан сўнг Қизил Хоч донорлик марказига донор сифатида ёзилишни тавсия қилган.
Маълумот учун: Тана аъзоларини сотиш ва бу иш билан шуғулланиш замонавий қонунларда таъқиқланган ишлар сирасига киради. Агар масалага Ислом фиқҳи нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, мутақаддим уламоларимиз инсон тана аъзоларини сотиш ёки айирбошлаш шаръан ножоиз ва ҳаром эканлиги борасида якдилдирлар. Зеро, инсон ўз жисми ва аъзоларига эгалик қилмайди. Унинг эгаси Аллоҳдир. Жисмимиз ва тана аъзоларимиз биз учун то ажал келгунча омонат қилиб берилган неъматлардир. Шундай экан инсон қандайдир моддий эваз муқобилида ўз тана аъзоларининг баъзиларидан воз кечиб, бировга бериши асло жоиз эмас.