(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм)
Мутолаа
Аёлларни аёллар ҳам эзади
Орадан ҳафталар ўтди, гўё Фазилат бошқа одамга айлангандек эди. Ҳамма нарса тез ўзгарди, унинг кўзлари дунёни кўрмас ҳолга келди.
Қизларининг аҳволини тушунолмаётган ота-она тез-тез унинг олдига келиб, руҳият шифокорига олиб боришга кўндиришга уринарди. Уюшмадаги дўстларидан тортиб, Ойшагулнинг онасигача ҳамма Фазилатнинг аҳволига хавотир билан ечим изларди.
Ташвишланганлардан яна бири Инжу хоним эди. Яна бир якшанба куни эрталабдан Фазилатнинг ёнига келди. У анча асабий эди:
– Опа, сизга нима бўлди, айтинг? Кеча ярим тунда кўчада юрган экансиз. Соатга қарадим, уч эди. Бу вақтда кўчада нима қилаётгандингиз? Кимдир кўриб қолса, қандай хаёлга боради?
Фазилат ўйчанлик билан Инжунинг кўзларига қаради.
– Қандай?
– Бу аёл ақлдан озибди, дейди.
– Деса нима қилади?
Инжу ҳайратланди:
– Билмасам нима бўлишини. Ҳар ҳолда, яхши бўлмайди.
– Инжу синглим, сиз яхши деётган нарса нима? Бу ҳаётнинг қаери яхши экан? Яхши деб нима аталишини айта оласизми? Мени кўриб қолишингизни хоҳламасдим. Ҳеч бўлмаганда бировга айтмаслигингиз керак эди.
– Эрим билади, холос.
Нигоҳларини Инжунинг юзида югуртиргандан кейин сўради:
– Малик укам нима деди? Аниқ “ақлдан озибди”, дегандир? У ҳақ, албатта. Ўша соатда кўчада кимнидир кўрсам мен ҳам шундай деган бўлардим.
Кейин чуқур нафас олиб, давом этди:
– Ким билади, балки ростдан ақлдан озгандирман. Йўқ, ўзимга келишим керак, лекин қандай қилиб, билмайман...
Инжу ниҳоятда яхши кўрадиган Фазилат опасига чора қидирарди.
– Келинг, шифокорга борамиз. Аҳволингиз менга ёқмаяпти. Бу мумкин эмас, лекин сизни ошиқларга ўхшатяпман.
Ўрнидан турган Фазилат яна Инжуга ўйчан-ўйчан боқди:
– Илгари қўшиқ бўларди. Бу қўшиқда шундай сўзлар бор эди: “Луқмон ҳаким келса, ярам битмайди, ярамни боғлашга ёр ўзи келсин...” Менинг ярамни боғлайдиган ёрнинг ўзи йўқ. Табиб эса ярамни фақат чуқурлаштиради. Сиз боринг, синглим, уйингизга боринг. Мен ҳақимда ўйламанг. Чунки бунга ҳеч кимнинг кучи етмайди. Малик укамга эса уйқуси келмагани учун кўчада бир оз кезган экан, денг.
Кечқурун Ҳабиба хоним келди. Фазилат хонимни кўз қири билан кузатганча деди:
– Тушундим, эринг билан ажрашиш сени шундай кўйга солди. Сендек ақлли аёлнинг бу аҳволга тушиши ақлга сиғадиган иш эмас. Бу сиқилишдан сил бўлиб қоласан. Мен сени ҳатто ёш қиз эканингда ҳам бунчалик заиф, иродасиз ҳолда кўрмаганман. Ақлинг қаерда қолганини билмайман.
Фазилат аранг жавоб берди.
– Зотан, ақл нимани ҳам билардики? У биладиганга ўхшаб кўринади, бори шу.
Ҳабиба хонимнинг жаҳли чиқиб бақириб юборди:
– Етар, бизни жудаям чарчатдинг. Нима бўлганини айтасан! Бизга зулм қилишга ҳақинг йўқ! Агар ҳолингнинг сабаби ажрашганинг бўлса, бориб, эринг билан гаплашаман!
Фазилат ётган еридан қаддини ростлади ва жавоб берди:
– Менинг эрим йўқ, ақлингни йиғ. Тинч қўй, ўтинаман! Мен бир даврни бошдан кечиряпман, иншааллоҳ, ўтиб кетади... Ўзим ҳам ҳолатимдан мамнун эмасман. Мени ёлғиз қолдиринглар, илтимос! Тинч қўйинглар. Бир кун ўзимга келиб, яхши бўлишимга умид қиламан.
– Бу дард сени қабрга олиб кетмаса, албатта.
– Ҳеч қандай дард одамни қабрга олиб кетмайди. Инсонни қабрга фақат ажали, яъни ўлим вақтининг келгани олиб боради. Сен Исломдан хабардор одамсан, устозсан, буни мендан яхшироқ биласан. Бу сабоқларни сендан ўргангандим.
– Сен ҳам биласан, лекин билиминг нимага яраяпти? Қара, қандай ҳолга тушдинг? Озиб кетганингни кўряпсанми? Томоғингдан ҳеч нарса ўтмай, ейиш-ичишниям унутдинг. Бундан ташқари, имонлисан. Лекин...
– Агар билимим, имоним бўлмаганида, ким билади, ҳозир нима ишлар қилардим... Қай ҳолатда эканимни биласанми?
Ҳабиба хоним ҳайрат билан Фазилатга қараб турарди:
– Қаердан биламан? Айтсанг, биламан-да.
– Илтимос, туриб олма. Мактабда шундай эдинг. Агар туриб олсанг, айтганингни қилмай қўймасдинг. Мени ўз ҳолимга қўйиб, ишинг билан шуғуллан. Уюшма фаолияти тўхтаб қолмаслиги керак. Менинг ишим Аллоҳга қолди. Аллоҳ хоҳласа, фақатгина Ўзи мени қутқара олади. Бандаларининг қўлидан ҳеч нарса келмайди.
– Аллоҳ-Аллоҳ! Нима бўлдики, ишинг Аллоҳга қолади? Аслида, ҳамма иш Аллоҳга қолади-да. Ҳозир бу билан нима демоқчилигинг муҳим. Ўрнидан туриб, ошхонага кетаётган Фазилатнинг кўзлари Ҳабиба хонимга маъноли боқди:
– Шошма, сенга битта қаҳва тайёрлай. Суҳбатларимизни соғиндим. Кел, ўтириб гаплашайлик. Лекин мен ҳақимда эмас. Мавзу мен бўлмайман.
Ҳабиба хоним стол устидаги дафтарни олиб, беихтиёр варақлай бошлади. Дугонаси ақл бовар қилмас шеърлар ёзганди.
Амина Шенликўғли
(давоми бор)