Таҳлил

Бир фоизлик стратегия

1225

Ислоҳот ҳамиша ўзгариш қарорларини англатади. Таълим тизими учун зарур бўлган инқилобий қарор ҳақидаги олдинги мақоламда биргина қатъий чора билан кўплаб натижаларга эришиш мумкинлигини айтгандим. Бу сафар мен майда тадбирлар орқали улкан марраларни олиш стратегияси билан бўлишмоқчиман. Ушбу ғоя кўпгина соҳаларда: давлат, таълим, бизнес ва хатто шахсий ривожланиш фаолиятида қўл келиши мумкин.

Дэвид Брэйлсфорд (Sir David Brailsford) велоспорт бўйича миллий терма жамоага 2002 йилда бош раҳбар этиб тайинланди. Унгача Буюк Британия жаҳон Олимпиада ўйинларининг қарийиб бир асрли тарихида фақат ягона мартта олтин медалга сазовор бўлган, «Тур де Франс» мусобақаларида эса бирон марта ҳам ғолиб бўлмаган экан.   Янги тренер бундай вазиятни ўнглаш учун бошида ҳеч ким тушунмаган янгиликлар киритиб, кеинчалик ҳаммани лол қолдирган натижаларни кўрсатди. 2004 йилдан бошлаб бугунгача британ велопойгачилари Олимпиада совринлари, ҳамда бошқа барча турдаги жаҳон велоспорт мусобақаларида етакчи ўринларга эришиб келмоқдалар.

Ислоҳотчи раҳбар бунга қандай эришди? Даставвал пойгаларда ютуқни таъминлайдиган омилларнинг кенгқамровли рўйҳатини тузиб чиқди. Бунга спортчининг таомланиши, кундалик машқлар дастури, велосипед ўриндиғи қулайлиги, ғилдираклар вазни ва бошқа юзлаб унсурлар киритилди. Сўнг, у ҳамкасблари билан ҳар бир унсурнинг атиги 1 фоизгагина яхшилаш чораларини белгилади.

Мазкур чораларнинг баъзиларини келтирамиз:

- сачраган лой велосипеднинг ҳавони кесиб ўтиш хусусиятини чеклаётгани сабабли велосипед ости оқ рангга бўялди ва ёпишган кирни тезда тозалаш осонлашди; 

- спортчиларга қўлларини ювиш маҳусус услуби ўргатилди, мусобақа вақтида қўл билан кўришиш ман этилди, бу билан инфекция юқиши камайди;

- пойгачи уйқусини соғломлаштириш мақсадида махсус ёстиқ ва тўшаклар тайёрланиб, уларни сафарда ҳам олиб юрдилар;

- қатор синовлар билан энг самарали массаж гели тайинланди…

ва бошқа шунга ўхшаш «майда» ишлар.

Шу йўсинда бош тренер ва унинг командаси биргаликда мусобақага алоқадор барча соҳада майда ўзгартиришлар воситасида йирик ғалабаларни ясай бошладилар. Бундай услубни Дэвид "the aggregation of marginal gains / 1% performance improvements" яъни «майда ютуқлар йиғиндиси / 1%-лик яхшиланиш» деб атади.

Дарҳақиқат, изчил равишда киритилган кичик ўзгаришлар рақобатли беллашувларда йирик устунликни таъминлаб берди ва Буюк Британияни велоспорт рейтингларининг юқори поғоналарига олиб чиқди.

Дэвид Брэйлсфорд ўз интервьюларида янги ёндашуви ҳақида гапирар экан, у ҳамиша икки фундаментал омилга эътиборни қаратиб, уларсиз ҳеч қандай ютуқ бўлмаслигини таъкидлайди. Улар: (1) жамоанинг тренерлари, спортчилари, медиклари ва хатто энг оҳирги техник ходими якуний мақсадга нисбатан қатъий азму-қарор, собитлик (commitment)ни сақлаши; (2) жамоанинг мақсадга бевосита ва билвосита таалуқли барча жараён бўғинларида яхшилаш имкониятларини, уларнинг кичиклигига қарамай, давомий қидирши, «яна нимани тўғриласак бўлади?» деган саволни бетўхтов бериши.

Хулоса: ислоҳотларни ният қилар эканмиз, аввало асл мақсад нима эканлигини англашимиз, уларга элтувчи қуйи мақсадларни белгилаш ва барча омиллар ва чекловчи тўсиқларни қайд қилиб олишимиз керак. Сўнг шу омилларни кучайтирувчи ва тўсиқларни бартараф қилувчи ишларнинг осонларини танлаб, уларни биринчи навбатдаги вазифа қилиб белгилаймиз. Бу дегани натижаси ноаниқ бўлган мураккаб масалаларга чалғимаймиз, бирон муҳим соҳани унутмаган ҳолда реал иш билан машғул бўламиз ва ишчанлик суръатини узоқ муддат зўриқмай  ушлаб тура оламиз. Асосийси, Сэр Дэвид Брэйлсфорд айтганидек, – commitment, яъни мақсадга содиқлик ва собитқадамликни маҳкам тутишимиз зарур экан.

Жамшид Муслимов,

2019-йил, октябрнинг 14-куни.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Соддалик бошқа, лақмалик бошқа...

241 12:20 24.02.2020

Эрон: Қуролли кучлар коронавирусга қарши ташланмоқда

234 12:00 24.02.2020

Венецияда барча мактаблар ёпилди

123 11:40 24.02.2020

Диний секта коронавирус ўчоғига айланди

519 11:20 24.02.2020

Афғонистонликларнинг ҳеч бири урушдан “бенасиб” қолмади...

119 11:00 24.02.2020

Хитой раҳбари: “Бунчалик таҳдидга ҳеч дуч келмаган эдик”

1397 10:40 24.02.2020
« Орқага