Бир оят тафсири: Аллоҳнинг буюк тақсимоти

17:00 21.06.2019 399

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ бирингизни бирингиздан ризқда устун қилиб қўйди. Бас, бу ризқда устун қилинган кишилар ўзларининг ризқларини қўл остидаги қулларига қайтариб (бой-камбағалликда) барчалари баробар бўлиб олмайдилар-ку! (Шундай бўлгач, қандай қилиб барчага ризқу рўз ато қилувчи Аллоҳ таолога қўлидан ҳеч иш келмайдиган бутларни баробар қилурлар?!) Аллоҳнинг неъматларини инкор қилурларми?!” (Наҳл сураси, 71-оят).

Ушбу оят Нажрон элчиларининг Исо алайҳиссалом ҳақида айтган бўҳтон гаплари ҳақида нозил бўлган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Нажрон насоролари, Исо ибн Марямни Аллоҳнинг ўғли, дейишди”. Шунда Аллоҳ таоло сизлар менинг бир бандамни Менга ўғил деб, нисбат бериб, илоҳлигимга шерик қилмоқчимисизлар, дея уларга хитоб қилди.

Мазкур ояти кариманинг аввалида Аллоҳ таоло бандаларнинг ризқларини турлича қилиб қўйгани ҳақида хабар берилади. Яъни, Аллоҳ таоло баъзиларга кўп ризқ берди. Айримларни ўртаҳол қилди. Яна бошқа бир бандаларни эса ўта қашшоқ қилиб яратди. Уларнинг ҳатто ейишга ҳам озуқаси йўқ. Шунингдек, илм, ақл, фаҳм-фаросат, куч-қувват ва ташқи гўзаллик каби инсонларга берилган нарсалар ҳам улар ўртасида тафовутлидир. Мана шу Аллоҳ таолонинг буюк ҳикмати бўлиб, унинг асл сабабини билишга банданинг ақли ноқислик қилади.

Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган ожиз бандалари қандайдир тош ва нарсалардан бут-санамлар ясаб олиб, унга сиғиниши ўта кетган нодонликдир. Ҳолбуки улар қўл остидаги хизматкорларини ўзлари билан тенглашишига асло рози эмас. Қандай қилиб, Аллоҳ халқ этган махлуқотларини унинг Яратувчисига шерик қилишни исташади. Оятда залолатга кетган ўша тоифалар ақлини ишлатиб, виждонан ўйлаб кўришлари учун уларга шундай хитоб қилинади. Яъни, уларнинг қилаётган ишлари мантиқан ниҳоятда аҳамиятсиз, ақл кўтармайдиган даражада аҳмоқона иш эканлигига зарбулмасал этилади. Оятнинг иккинчи тафсири бундай: Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларга қўл остидаги хизматкорларини ҳам ўзлари билан тенг кўриб, ўзлари кийган либосларидан, ейдиган таомларидан уларни ҳам баҳраманд этишни амр қилдилар. Улар бу амрни хурсандчилик билан қабул қилиб, ҳаётларида тадбиқ этдилар ва Аллоҳнинг суюкли бандаларидан бўлдилар.

Буюк муфассир Ҳофизуддин Абул Баракот Насафий (ваф: 1310 ҳ. – 710 мил.): “Аллоҳ бирингизни бирингиздан ризқда устун қилиб қўйди” ояти тафсирида бундай дейди: “Сизларга ризқ ҳар хил тақсимланди. Сизларни қўл остингиздагилардан кўра яхшироқ ризқлантирди. Ҳолбуки, улар ҳам сизлар каби инсон эди. Бой-зодагонлар мол-давлатларини қўл остидаги кишиларга беришдан қизғанишади. Аслида эса мол-мулкларингиздан ортиқчасини уларга ҳам бериб кийиниш ва ейиш-ичишда тенглашишларингиз керак эди (чунки улар ҳам сизлар каби инсон наслидир). Бу сўзлар Аллоҳга (Ўзи яратган нарсаларни) ширк келтирувчи кимсалар учун зарбулмасалдир. Яъни, сизлар Мен берган ризқ-насибада ўзингиз билан қўл остингиздагиларни тенг кўрмайсиз. Уларни ўзингиздан паст санаб, сизлар билан тенглашишига рози бўлмайсиз. Аммо қандай қилиб Ўзим халқ этган нарсаларни Менга шерик санаб бунга рози бўлурсиз?!”.

Имом Абу Лайс Самарқандий айтади: “Аллоҳ таоло мушрикларнинг У (Аллоҳ) ҳақидаги шерик қилишдан бўлган гумонлари қанчалик жоҳиллик эканини ушбу оятда баён қилди. Ҳолбуки, у шерик Аллоҳ таолонинг бир бандаси бўлса, қандаям уни ҳаж амалини бажаришда талбияга қўшиб зикр этишади: “Лаббайка ла шарика лак, илла шарикан ҳува лак, тамликуҳу ва ма малак (маъноси: лаббай, сенинг ундан бошқа шеригинг йўқ, уни мулк қилиб олгансан ва нимаики бўлса мулкингдир)”””

Банда мол-мулкда ўзидан устун кишиларга ҳасрат ва ҳасад кўзи билан боқиб, ғам-ташвиш чекса хато қилади. Инсонлар тақсимланган ризққа рози бўлиб, дунёвий ишларда кўпроқ ўзидан пастдагиларга, ухровий амалларда эса ўзидан юқоридагиларга қараб ибрат олишга ва неъматларга шукр қилишга буюрилган. Ҳадиси шарифда: “(Ризқ ва неъматлар борасида) ўзингиздан пастдагиларга қаранг, ўзингиздан юқоридагиларга қараманг! Мана шу иш Аллоҳнинг (сизларга ато этган) неъмат(лар)ини паст санамаслигингиз учун муносиб йўлдир”», дейилади (Имом Муслим ривояти).

Имом Қатода раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Аслида мол ва болада қўл остингиздагиларни молингизга шерик қилмасдан сизларни улардан ортиқ қилиб қўйган зот Аллоҳ таолодир. Сизлар Аллоҳнинг ушбу тақсимотига рози бўлинглар. Ҳолбуки, сизлар ўзларингизни улардан устун санаб, бунга розилик билдирмаяпсизлар”.

Демак, бандага кенг мол-давлат берилса, уни ўз ҳой-ҳавасу маишатларига сарфлаб исроф қилмасдан бир қисмини ён-атрофидаги камбағал, бечораларга ҳам улашиши ва силаи раҳмга риоя этиши лозим.

Манбалар асосида Юнусобод туманидаги «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!