Бир оят тафсири: Дунёнинг мисоли

12:00 11.04.2019 890

وَاضْرِبْ لَهُمْ مَثَلَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَاءٍ أَنْزَلْنَاهُ مِنَ السَّمَاءِ فَاخْتَلَطَ بِهِ نَبَاتُ الْأَرْضِ فَأَصْبَحَ هَشِيمًا تَذْرُوهُ الرِّيَاحُ وَكَانَ اللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ مُقْتَدِرًا 

«(Эй Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаётининг мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз уни осмондан ёғдиргач, (баҳорда) у сабабли ер ўсимликлари (бир-бирига) аралашиб (қалинлашиб) кетур, сўнгра (кузда) шамоллар учириб кетадиган хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир зотдир» («Каҳф» сураси, 45-оят).

Макка мушрикларидан баъзилари пайғамбаримиздан, ҳузуридаги камбағал мўминларни ҳайдаб юборишни сўради. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга ўша мушриклар учун, дунёнинг мисолини келтиришни буюрди. Аҳли ҳикмат айтадиларки, дунёнинг сувга ўхшатилишига сабаб, сув бир жойда ва бир ҳолатда турмайди, у кетади. Дунё ҳам худди шундай, фоний. Сувга кирган одам ҳўл бўлмасдан қолмаганидек, ким дунёнинг ичига кирса, унинг офат ва фитналаридан омонда бўлмайди. Сувнинг кераклича миқдори фойдали, ортиқчаси офат. Дунёнинг ҳам кифоя қиладигани фойдали,ортиқчаси зарарли. “Саҳиҳи Муслим”да келган ҳадисда: “Мусулмон бўлган, кифоя қиладиган ризқи берилган ва Аллоҳ уни шу ризқ билан қаноатли қилган киши нажот топди”, дейилади.

Ояти каримада гўё сув набототларга аралашади-ю, у қуриган хас ҳашакка айланади, дейилмоқда. Бу орада ўсимликларнинг ям-яшил бўлиб, барқ уриб ўсиши, сув келмай қолгач эса, қуриб қолиши зикр қилинмаяпти. Бу маънолар тушунарли бўлиб тургани учун, гап қисқа қилинган («Тафсири Қуртубий»).

Ёмғирнинг набототларга аралашиши икки хил бўлиши мумкин. У сабабли ўсимликлар чирмашиб,барқ уриб бир-бирига аралашиб кетади ёки сув ўсимликларга таъсир қилади, улар билан аралашади ва сувга қонади. Аллоҳ бор қилишга ҳам, йўқ қилишга ҳам қодирдир.

Дунёнинг ҳолатини кўркамлик, гўзалликда ва унинг кетидан келадиган ҳалок бўлиш ва фонийликда ўсимликларга ўхшатилмоқда. Ям-яшил бўлади, сўнг қурийди. Шамол уни учириб кетади гўёки аввал ҳеч нарса бўлмагандай... («Тафсири Насафий»)

الْمَالُ وَالْبَنُونَ زِينَةُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَالْبَاقِيَاتُ الصَّالِحَاتُ خَيْرٌ عِنْدَ رَبِّكَ ثَوَابًا وَخَيْرٌ أَمَلًا

«Молу дунё ва фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир. Боқий қолувчи солиҳ амаллар Роббинг наздида савоб ва орзу жиҳатидан яхшироқдир» («Каҳф» сураси, 46-оят).

Молу дунё ва фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир. Улар қабр учун тайёргарлик ва охират озуқаси эмас. Раббинг ҳузурида, инсон учун самараси боқий қоладиган солиҳ амалларга яхши мукофотлар бор ва солиҳ амалларни орзу қилиш яхшироқдир. Чунки бу рост ваъда ва яхши орзу эгаси дунёда Аллоҳнинг мукофотини умид қилади ҳамда охиратда унга етишади («Тафсири Насафий»)

Молда жамол ва фойда, бола-чақада қувват ва ҳимоя борлиги учун улар, дунёнинг зийнати, дейилган. Оятнинг маъноси, мол ва фарзандлар бу ҳақир дунёнинг зийнати, нафсингиз уларга эргашиб кетмасин, деганидир. Бу оят бойлик ва шараф билан фахрланувчи кишиларнинг сўзини рад этади. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтади: “Ҳосил икки хилдир; дунёнинг ҳосили мол ва бола-чақа, охиратнинг ҳосили боқий қолувчи солиҳ амаллар. Гоҳида Аллоҳ баъзиларда бу иккисини ҳам жамлайди” («Тафсири Қуртубий»).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога юзланиш ва унга ибодат қилиш мол-дунё билан машғул бўлиш ва уни тўплашдан, бола-чақага ҳаддан ташқари меҳрибонлик кўрсатишдан яхшироқдир. Ибн Аббос, Саъид ибн Жубайр, яна бир қанча салафлар “Боқиётус солиҳат” беш вақт намоздир деганлар. Ато ибн Рабоҳ ва Саъид ибн Жубайр, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: “Боқиётус солиҳат” Субҳаналлоҳ, вал ҳамду лиллаҳ, ва ла илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар калималаридир. Абдурроҳман ибн Зайд ибн Аслам: “У барча солиҳ амаллардир”, деганлар. (Тафсири ибн Касир)

Ҳа, молу-мулк, бола-чақа бу дунёнинг зийнатидир, аммо қиймати эмасдир. Исломда зийнатга ҳам ҳалол-пок бўлиш шарти ила изн берилган. Аммо зийнатлар ҳаёт қадрини ўлчовчи қийматга айлантирилмаган. Зийнатга зийнат деб қаралган.

Исломда боқий қолувчи солиҳ амаллар қиймат деб саналади. Инсонга унинг имони ва яхши амалига қараб қиймат берилади («Тафсири Ҳилол»).

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Исломда таркидунёчиликка тарғиб йўқ, балки дунёни деб охиратни, охиратни деб дунёни тарк қилмасликка, бировга оғирини тушурмасликка тарғиб бор. Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон дунё зийнатларига чалғиб қолмасдан, охиратдаги ҳаётига тайёргарлик кўриши, имкони борича боқий қолувчи солиҳ амалларни кўпайтириши керак. Бу ишда барчамизга Аллоҳ таоло тавфиқ берсин. Амин

Манбалар асосида «Коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом ноиби Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!