Илм

Бир оят тафсири: Дўст-биродарларни бир-бирига қайраб, жамоалар ўртасига низо солиб юрувчилар ҳақида

1210

Ғийбат қилувчи, масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой! Қайсики, у мол-дунёни йиғиб, уни санагани-санаган ва моли (бойлиги) уни қолдиради деб ўйлайдиган кимсадир” («Ҳумаза» сураси, 1-3 -оятлар).

Мазкур оятларда инсонларнинг камчилигини қидириб юрувчи, нинадек нарсани туядек қилиб, бўрттириб гапирувчи иғвогарлар ҳамда мол-мулк жамлаб, унга ҳарис бўлиб, тинимсиз санаб ва бу менинг ҳимоячим, деб ўйлайдиганларнинг ҳоллари баён қилинган.

Иғво, чақимчилик, туҳмат, бўҳтон, ғийбат каби иллатлар сабабли меҳр-муҳаббат иплари узилади. Инсонларнинг ўзаро аҳил-иноқлиги, хотиржамлиги йўқолади. Натижада мустаҳкам оилаларга ҳам дарз кетади, қариндошу дўст-яқинлар ўртасига совуқчилик тушади. Энг ёмони ундай кимсалар гуноҳга ботади, охиратда эса улкан азобга йўлиқади.

“Вайл” луғатда ғам, алам, ташвиш маъноларини билдиради. Оятдаги маъноси эса, “шармандалик, азоб бўлсин, фалокат ва жаҳаннамнинг энг чуқур жойи бўлсин”, деганидир.

Тафсирларда, “вайл” чақимчиликни одат қилиб олганларга хорлик бўлсин, деганидир, дейилган. Абу Убайда ва Зажжож айтади: “Ҳумаза лумаза, деб инсонларни иғво, туҳмат қиладиган, уларнинг ортидан ёмонлайдиган иккиюзламачи кимсаларга айтилади. Абул Олий, Ҳасан, Мужоҳид ва Ато ибн Абу Рабоҳ: “Ҳумаза, деб кишиларни ошкора бўҳтон қилувчиларга айтилса, лумаза, деб гап ташувчи, бировларнинг орқасидан иғво қиладиганларга айтилади”, дейди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан бу ҳақда сўрашганида: “У (ҳумаза, лумаза) дўст-биродарларни бир-бирига қайраб, жамоалар ўртасига низо солиб чақимчилик, ғийбат қилиб юрадиганлардир”, деганлар. “Мужоҳид айтади: “Ҳумаза”, инсонларни қўли билан масхаралаш, иғво қилиш бўлса, “лумаза” тили билан уларни бир-бирига гиж-гижлаш, бўҳтон ва туҳмат қилишдир.

Ибн Исҳоқ: “Бу оят Умайя ибн Халаф тўғрисидадир. У Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи ва саллам масхаралаб, туҳмат ва бўҳтонлар қилган эди”, дейди. Ҳукм умумийдир. Яъни, ушбу оятлар юқорида саналган ёмон иллатларга одатланган кимсаларнинг барчасини ўз ичига олади. Демак, бошқалар ҳақида гапиришдан эҳтиёт бўлишимиз ва ёмон гумонлардан сақланишимиз лозим.

“Мадорикут танзил” ва “Фатҳул қодир” тафсирлари асосида «Коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом ноиби Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қуръонда кимларга вайл бўлсин, дейилган?

1176 06:29 30.04.2020

“Тафсирул-Қуртубий”

403 09:00 25.04.2020

Оят: «Албатта, сенинг душманингнинг орти кесикдир...»

1286 22:00 04.04.2020

Наҳл сураси тафсири

407 06:30 30.03.2020

Ҳижр сураси тафсири

509 06:30 28.03.2020

Иброҳим сураси тафсири

412 06:30 27.03.2020
« Орқага