Бир оят тафсири: «Эй инсонлар, ...қаёққа бурилиб кетмоқдасиз»

16:10 11.07.2019 464

«Аллоҳ одамлар учун қайси бир раҳматни очиб (равона қилиб) қўйса, бас, уни тутиб қолувчи бўлмас ва нимани тутиб қолса, бас, Ундан сўнг уни (бандаларга) юборувчи бўлмас. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли зот)дир. Эй, инсонлар! Сизларга (ато этган) Аллоҳнинг неъматини эслангиз! Сизларга осмону заминдан ризқ берадиган Аллоҳдан ўзга яратувчи борми?! Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, (тўғри йўлдан) қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?!» (Фотир сураси, 2–3-оят).

Аллоҳ таоло ирода қилган нарсани ҳеч ким тўхтатиб қололмайди ва шунинг каби Аллоҳ хоҳламаган нарсани ҳеч ким бўлдиролмайди. Шунинг учун банда муваффақиятга ҳаракатим туфайли эришдим, деб ўйлаши хато бўлади.

Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳунинг Мавлоси айтади: “Муовия Муғира ибн Шуъбага: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганларингни ёзиб тур”, деб хат ёзди. Муғира мени чақирди. Мен Муғиранинг айтаганларини Муовияга ёздим: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозни тугатиб кетиш пайтларида бундай деётганларини эшитдим: “Ла илаҳа иллаллоҳ, ваҳдаҳу ла шарика лаҳ, луҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодир. Аллоҳумма ла мааниъа ли ма аътойта ва ла мўъти ли ма манаъта, ва ла янфаъу зал жадди минкал жадди (Маъноси: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ; У танҳодир, Унинг шериги йўқ. Мулк Уники, ҳамд У учундир. У барча нарсага қодирдир. Эй Аллоҳ, Сен ман этган нарсани берувчи йўқ. Сен ато этганингни қайтарувчи йўқ...” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани беришга ҳам, олишга ҳам қодир, У ҳаким Зот, қайси ўринга раҳмат юборишни ҳам, қай бир жойдан тўхтатишининг ҳикмати ҳам Ўзига аён. Қуръони каримда бундай дейилади: «Агар Сиз Раббингиз (томони)дан бўладиган марҳаматдан умидвор ҳолингизда улардан (қариндош, мискин ва йўловчиларда) юз ўгирадиган (ёрдам бермайдиган) бўлсан-гиз, у ҳолда уларга юмшоқ сўз айтинг!» (Исро сураси, 28-оят).

Оятдаги “раҳмат” калимасидан мурод, ризқ-барака ёки дуо, тавба, ҳидоят ёинки сиҳат-саломатлик, хотиржамликдир. Аллоҳ таолонинг инсонлар учун Пайғамбарларни юбориши ҳам Унинг раҳматидандир. Ундан бошқа ҳеч ким бундай қилишга қодир эмас.

Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Раҳмат” бу – ҳар бир яхшиликдир. Огоҳ бўл, билиб қўй, агар Аллоҳ бирон нарсанинг кетишини ирода этса, уни ҳеч ким тўхтатиб қололмайди. Шунинг каби Аллоҳ таоло қолишини хоҳлаган нарсани ҳам ҳеч ким кетказолмайди”.

“Эй, инсонлар! Сизларга (ато этган) Аллоҳнинг неъматини эслангиз!

Бандалар, Аллоҳ таолони тил билан, қалб билан зикр этишга амр этилди. “Фатҳул Қодир” тафсирида бундай дейилади: “Аллоҳ таоло Ал-Муъти (хоҳлаган бандасига ризқ, барака ато этувчи); Ал-Мониъ (хоҳлаган бандасини бойликдан маҳрум этувчи. Асрагувчи); Ал-Қобид (истаган бандасининг ризқини камайтирувчи); Ал-Басит (истаган бандасининг ризқини кўйайтирувчи) Зотдир. Ҳар бир нарса борки, у Аллоҳ таолонинг раҳмат хазиналаридандир. Бандалар, Аллоҳ таоло ато этган ҳисобсиз неъматлар ҳақини Уни зикр қилиш билан адо этишга буюрилди. Қуръони каримда бундай дейилади: «Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир» (Иброҳим сураси, 34-оят).

Сизларга осмону заминдан ризқ берадиган Аллоҳдан ўзга яратувчи борми?! Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, (тўғри йўлдан) қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?!»

Бандаларни неъматлантирувчи танҳо Зот Аллоҳ таолодир. У осмондан ёмғир ёғдириб, ердан турли ўсимликларни сизлар учун халқ қилди. Сизлар Аллоҳдан бошқа мазкур нарсаларни халқ қилолмаслигини, Ундан бошқа ҳеч ким ризқ бера олмаслигини билганларинг ҳолда яна ҳидоятдан юз ўгирасизларми? Имом Зажжож айтади: “Сизларда, Аллоҳнинг тавҳидини, қайта тирилтиришини ёлғонга чиқариш, Уни бўҳтон қилиш қаердан пайдо бўляпти. Сизларни яратган, сизларни ризқлантирган Аллоҳ таолога иқрор бўлинглар”.

Тафсир китоблари асосида Абдувоҳид Ўрозов тайёрлади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!