Бир оят тафсири: Мусулмонлар ака-ука, оға-ини кабидир

20:00 29.03.2019 683

«Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз» («Ҳужурот» сураси, 10-оят).

Имон мўминларни бир-бирига шундай яқин қиладики, у яқинлик туғишганларнинг яқинлигидан кам бўлмайди. Одатда туғишганлардан иккитаси ўртасида келишмовчилик, тортишиш рўй берса, қолганлари уларни келиштириб қўяди. Худди шу каби икки мусулмон ўртасида келишмаслик содир бўлса, бошқалар уларни яраштириб қўйиши лозим. Аксинча, бўлар-бўлмас гап сўзлар фитнага, у эса қотилликгача бориб етиши мумкин. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мусулмон мусулмонни ўлдириши куфрдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). 

Мусулмонлар бир жасад, бир бино каби бўлмоғи керак. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингга золим ҳолда ҳам, мазлум ҳолда ҳам ёрдамлаш”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Мазлумга-ку, ёрдамлашаман, аммо золимга қандай ёрдам бераман?” дедим. Шунда у зот: “Уни зулм қилишдан қайтаришинг, унга сенинг ёрдаминг бўлади”, дедилар (Имом Бухорий). Ва яна бундай деганлар: “Мусулмон мусулмоннинг биродари, унга зулм қилмайди ва уни ёрдамсиз ташлаб қўймайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Биродарига ёрдамлашган бандага, албатта, Аллоҳ таолонинг ёрдами бўлади. Ҳадиси шарифда: “Қай бир мусулмон биродари ҳақига дуо қилса, фаришталар унга: “Сенга ҳам шу бўлсин, омин!” деб туришади”, дейилган (Имом Муслим ривояти). 

 “Ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз»

Бу ерда мусулмонларни ўзаро низолашишдан қайтарувчи нарсага ишора бор. У нарса тақводир.  Чунки тақво қилган, Аллоҳдан қўрққан киши ўз хатоларини тўғрилаш билан машғул бўлади, ўзгаларнинг дилини оғритиб қўйишдан қўрқади. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Комил мусулмон тили ва қўлидан одамлар зиён-заҳмат кўрмаган кишидир”, деганлар.

Зеро, комил мусулмон Аллоҳ таолонинг амрларига итоат ва бандаларига шафқат қилади.

Барча ишларда Аллоҳ таолодан қўрқиш – Ҳақнинг раҳматига эриштиради.

Манабалар асосида «Коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом ноиби Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!