Аллоҳ ўз Ҳабибига танлаган аёл

15:00 13.05.2019 1298

Пайғамбаримиз алайҳиссалом маккаликларнинг қўйларини боқиб юрган кезларида кундузлари тоғу тошларда кезар, тунлари осмондаги саноқсиз юлдузларни кўриб ҳайратга тушардилар. Бу қадар мукаммал ва мувозанатга солиб қўйилган дунёни яратган ягона Холиқ Зот борлигига ишончлари комил эди.Зеро, қалбини чулғаб олган мамнунликнинг боиси ҳам шундан, чунки нурли ўспиринни олдинда катта сафар кутарди.

Ул Зот амакисининг тавсияси билан Макка "Тоҳира - покиза"дея ном қозонган,солиҳа аёлнинг уйига қараб йўлга тушди. Кенг ва ҳашаматли ҳовлидан кираётиб, хизматчиларнинг турли юмушлар билан у ёқдан-бу ёққа тинмай ўтиб турганликларини кўрди. Хизматчилардан бири унинг келганини кўриб ичкарига таклиф қилди. Ўзи эса бекасига хабар қилиш учун у уйга кирди.

Солиҳа аёл уйдан чиқар экан, ҳовлида турган Нурлар-ла нурафшон йигитни кўриб қалбида қандайдир ҳаловатни ҳис қилди. Бир қанча фурсат олдин ўзи кўрган тушини, амакиваччаси Варақа ибн Навфалнинг гапларини ёдга олди. “Наҳотки бу йигит ўша тушида кўрган Қуёш бўлса! Унинг юзидан илоҳий нур ёғилади-я!...”

У билан суҳбатлашгач, одамларнинг бу йигит ҳақда айтаётган гаплари нақадар ростлигига ўзи амин бўлди. Қолаверса, Абу Толибнинг гаплари ҳам мутлақо ҳақ эканига ишонч ҳосил қилди. Кейин бу нурли йигитга тижорат карвонига карвонбошилик вазифаларини тушунтириб, уни баъзи нарсалар билан таништирди.

Карвон жўнайдиган кун яқинлашгач, йигитга олдиндан маошини тўлади. Унга энг ишончли хизматчиларидан бўлган Майсарани қўшиб берди. Майсарага ҳам карвон сафарга бориб яна ортга қайтгунча Нурли йигитга кўз-қулоқ бўлишини, унинг ҳар бир ишидан огоҳ бўлиб туришини тайинлади.

Тоҳира аёл савдо карвони жўнаб кетгач, бир ойгача, тушида кўрган Қуёшни ва амакиваччасининг гаплари тўғрисида ўйлаб юрди. Энди унинг хаёли фақат карвоннинг тезроқ қайтиши-ю, у Нур соҳибини яна кўриш бўлиб қолди.

Карвон қайтадиган кунлар ҳам яқинлашиб келарди. Солиҳа аёл ва унинг хизматчилари, ҳамда Макка аҳли карвоннинг йўлини пойладилар. Карвон ҳа, деганда келавермагач, унинг ўзи бир баланд тепаликка чиқиб кута бошлади. Шу пайт бир хизматчининг:

– Эй бекам, ана карвон! – деган ҳайқириғи эшитилди. Аёлнинг юрак уриши тезлашди. Ўша улуғ Нур соҳиби билан Майсара туяларга минган ҳолда карвон олдида келишарди.

Шунда аёлни ажиб бир ҳолат қаттиқ таажжубга солди. Маккага кириб келаётган карвон ва ундаги одамлар қуёшнинг жазирама иссиғидан қийналган ҳолда эдилар. Бироқ у йигитнинг устида ажиб бир кичик булут парчаси эргашиб келар, унга соя-салқин қилиб турарди. Шунда аёл: “Ажабо, булут фақат менга кўринмоқдами?”, деб ўйлади. Лекин булутни хизматчилар ҳам кўрган эдилар.

Карвондаги моллар ўз эгаларига тақсимланди. Ҳамма хизматчиларга маошлари берилиб ҳадялар улашилди. Фойдалар сарҳисоб қилингач, барча ўз уйига тарқалди. Гўзал Нур соҳиби ҳам уйига қараб жўнади.

Солиҳа аёл хизматкори Майсарани чақириб саволга тутди. Майсара карвоннинг Шомдаги фойдалари, сафарнинг муваффақияти ҳақида гапирди. Бироқ аёлнинг ундан кутаётган, қулоқлари эшитишни истаётган гаплари булар эмасди.

Аёл нурли йигитнинг аҳлоқи ҳақида сўради. Майсара карвон жўнаб кетгандан то қайтиб келгунларича бўлган муддатда ҳали умри бино бўлиб, кўрмаган ажойиб ҳодиса ҳақида гапириб берди,бу ўша "ажиб булут" эди.  Яна Майсара йигитнинг одоби, тарозидан урмаслиги,ҳалоллиги ниҳоят даражада покиза эканлиги борасидагиси ҳам тўлқинланиб гапирди.

Кейин Майсара худди муҳим бир гапни ошкор қилаётган каби атрофига қараб олди:

– Бекам сизга Муҳаммад ибн Абдуллоҳ билан боғлиқ иккита ғаройиб воқеани айтиб бермоқчиман. Уларнинг биринчиси Маккадан Шомга қараб йўлга тушган вақтимизда содир бўлди.Мен сиз буюрганингиз каби карвонни ва йигитни кузатиб ҳаммадан ортда борардим. Кутилмаганда мендан сал олдинроқда кетаётган икки оқ туянинг оқсай бошлаганини пайқадим. Бу ҳақда зудлик билан Муҳаммад ибн Абдуллоҳга хабар қилдим.У мен билан бирга оқсаётган икки туянинг олдига келди. Уларнинг оёқларини секин-асталик билан ушлаб, бир нималар деб дуо қилди, озроқ силаб-сийпалади. Шундан сўнг яна карвоннинг олдинги тарафига қараб юриб кетди.Ҳайратланарли жойи шуки, ҳалиги икки туя гўёки ҳеч қачон оқсамагандек юриб кетдилар. Бироздан кейин карвондаги барча туяларни қувиб ўтиб биринчига чиқиб олишди.Иккинчи воқеа, биз Басра шаҳрига яқинлашганимизда бўлди. Бир роҳибнинг ибодатхонаси атрофида дам олиш учун карвонни тўхтатдик. У ҳам туядан тушиб, дарахт остига ўтирди.Шунда ибодатхонанинг роҳиби йигитни синчковлик билан кузатди. Кейин менинг олдимга келиб, унинг ким эканини суруштирди. Мен эса унга у Муҳаммад ибн Абдуллоҳ эканлиги Қурайш қабиласига мансублигини айтдим. У менга қараб:

– Тез орада Оламларнинг Парвардигори бир пайғамбар юборади. Ана шу пайғамбар бўладиган йигит дарахт остида ўтирибди, − деди.

Майсара бундан кейин ҳам турли мавзуларда гапирди, лекин унинг сўзлари энди солиҳа аёлнинг қулоғига кирмасди.

Аслида Майсара Басра яқинида кўрган роҳиб Нур соҳибини болалигида амакиси Абу Толиб билан Шом сафарига чиққан пайтида кўрган Буҳайра исмли роҳибнинг шогирдларидан эди. Ўшанда Абу Толибни жияни  билан савдо-сотиқ учун Шомга келаётганини кўрган Буҳайра пайғамбарлик аломатларни пайқаб, ёвуз ниятли яҳудий ва насронийлар зараридан кичик аммо нурли болани асраш ниятида ортларига қайтариб юборганди.

Бу пайтга келиб эса Буҳайра оламдан ўтган, унинг вазифасини шогирдлари бажарардилар. Солиҳа аёлнинг у сафар воқеаларидан мутлақо хабари йўқ эди.

Майсара чиқиб кетгач, аёл анчагача ўйланиб ўтирди. Кейин бир қарорга келиб амакиваччаси Варақа ибн Навфал ҳузурига қараб йўл олди. Амакиваччаси  бўлиб ўтган воқеаларни эшитгач:

– Эй Ҳадича, шубҳа йўқки, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ келажакда пайғамбар бўлади. Шунинг учун ҳам Яратган Эгам ҳозирдан уни шарафлаб қўйибди!- деди.

Солиҳа аёл уйга қайтар экан, у Нур соҳиби,гўзал ва покиза йигитнинг меҳригиёси юрагига ўрнашган эди. Аёл буюк ,нурли келажак сари одимлаётган эди.Чунки, покиза аёлни Аллоҳ таоло ўз Ҳабибига "жуфт"дея танлаган,бир-биридан нурли зурриёдларга ота-она бўлажакларини ирода этган эди .Бу аёл Қиёмат қадар келажак жамики дунё мусулмонлари:"Онамиз"дея соғинч тўла муҳаббат ила эътироф этажаги,"Мўминларнинг Онаси - Ҳадичаи Кубро розияллоҳу анҳо" эдилар...

Манбалар асосида А. Ўрозов тайёрлади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!