Таҳлил

Бирлашган фарқли миллатлар

480

Бугун дунёнинг деярли ҳар бир қитъасида урушлардан тортиб ижтимоий тартибсизликларга қадар бўлган нотинчликлар ҳукмрон. Мисол учун, менинг она ватаним Африкадаги ҳам иқтисодий ва экологик танглик бугун Европадаги миграция инқирозини келтириб чиқармоқда.

Шундай оғир тарихий шароитда ҳукуматлар томонидан ўз қобиғига ўралиб олиш энг катта хато бўлган бўларди.

Баъзилар бугунги барча жараёнларни такрорланаётган тарих дейдилар. Яъни бугунга қадар инсоният босиб ўтган тараққиёт силсиласи айни шу каби ҳолатларга бир неча бора гувоҳ бўлган: империяларнинг вужудга келиши ва қулаши, аҳоли сонининг ортиши ва гуллаб-яшнаши, динлар ва маданий эътиқодларнинг тарқалиши ва йўқ бўлиб кетиши – бир сўз билан айтганда, ҳар қандай бирлашишлар охир-оқибат парчаланиб кетишларга боғланган.

Аммо унутмаслик лозимки, тарих ҳеч қачон тўлиқ такрорланмайди. Ҳар доим фарқлар бўлган. Ҳозирги авлодга эса дунё раҳбарларининг ҳамкорлик қилишга ҳозирлиги етишмаяпти. Аввал ҳам бундай бошбодоқлик кузатилган, бугун ҳам замон яна шунга юзма-юз турибди.

Қиёслаб кўрайлик: яқин ўтмишда менинг ватаним Нигерияда ёки Африканинг қарийб барча ҳудудларида тўнтаришлар ва тартибсизликлар авж олганди. Атиги 20 йил олдин бу ҳудудларида давлат тўнтаришлари амалга оширилиб, қонуний йўл билан сайланган ҳукумат тарқатиб юборилар, аммо мамлакатдаги ахборот тармоқлари цензураси сабаб бу ҳақда дунёни қўя турайлик, ҳатто шу мамлакат фуқаролариям барча воқеа-ҳодисалар тугагач хабар топишарди.

Аммо бугун биз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашаётган ҳамда буни бошқа халқ ва миллатларга ижтимоий тармоқлар орқали улашаётган авлод билан айни замонда яшаяпмиз. Осиёнинг ҳатто энг чекка ҳудудларида яшовчи одамлар ҳам Лотин Америкаси, Африка ёки Шимолий Америкада бўлаётган тартибсизликларини ижтимоий тармоқлар орқали ўз вақтида тўғридан-тўғри томоша қилиш имкониятига эгалар.

Бу имконият эса дунёни ўзгартирди. Тўғри, ҳар кунги янгиликлар бизга сайёрамизни ҳар қачонгидан ҳам беқарор кўрсатаётган бўлиши мумкин, аммо алал-оқибат бугун инсоният бир-бири билан доимгидан ҳам жипсроқ боғланди. Энди кишилар ўз устларида ҳукмронлик қилаётган ҳукуматларга доимгидан ҳам кучлироқ таъсир ўтказиш имконига эга.

Албатта, фуқароларнинг ўз фикрини билдириш ҳамда шу фикрлар асосида давлат сиёсатига таъсир ўтказишдек қудратга эгалиги ўтган ой Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТнинг 74-сессияси доирасида йиғилган 193 давлат делегацияси назаридан четда қолса, бу мантиққа сиғмасди. Ўша йиғилиш доирасида кўплаб глобал муаммолар тилга олинди. Хўш, бу муаммоларни ечиш учун нима қилиш керак? Жавоби оддий: миллатларни тинглаш ва кўпроқ амалий ҳаракат қилиш.

Бу Хавфсизлик Кенгаши учун ҳам таалуқли. 1948 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низомига биноан Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин ташкил этилган мазкур кенгашнинг мақсади дунёда тинчликни таъминлаш ва сақлашдан иборат. Аммо сўнгги пайтларда глобал миқёсдаги айрим долзарб масалаларни ҳал этишда бу ташкилот аъзолари ўртасида якдиллик етишмаяпти.  Қизиғи, айни шу якдиллик бу ташкилот мувафаққиятининг гарови ҳисобланади. 

Аммо шуни ҳам назардан қочирмаслик керакки, дунё халқлари ўртасидаги якдиллик ва бирлашув бу ҳамманинг бир хил бўлиши, бир хил яшаши ҳамда ягона эътиқодга эга бўлишни талаб қилиш дегани эмас. Инчунун, бундай талаб БМТ низомига зиддир. Биз ўртамиздаги тафовутларни ҳамда шу тафовутлар асосида ётган миллий меросимизни ҳурмат қилишимиз шарт.

Бутун дунё давлатлари унутмасинларки, миллатлар бошқа давлатлар томонидан илгари сурилаётган якдилликдан узоқ талабларни бажариш йўлида бирлашмаганлар. Аксинча, уларни бирлаштирган ягона мақсад – ўз фикрини эркин билдира олиш ва қабул қилинаётган қарорларда шу фикрнинг ҳам улуши бўлишига эришиш; ўзаро тафовутларга қарамай шу тафовутларни ҳам ўзида қамраб олувчи умумий манфаатлар йўлида қадам ташлашдан иборат.

Тижани Муҳаммад-Банде

Манба: “Ал-Жазира”

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Россия Африкада яна ўз тарихини яратмоқчи

719 10:00 15.11.2019

“Aфриканинг ўлик қалби”

2019 09:05 12.09.2019

Далай-лама: “Европа мусулмон ўлкага айланмаслиги керак”

3936 14:35 29.06.2019

Суданнинг Африка Иттифоқидаги аъзолиги вақтинча тўхтатилди

388 12:30 07.06.2019

XVIII асрдаги Қуръон мўъжизаси

2709 16:00 17.05.2019
« Орқага