Бировнинг ҳаққини ейиш гуноҳ

07:00 21.12.2018 476

Аллоҳ таоло инсонни мавжудотларнинг энг шарафлиси қилиб яратган. Инсон бир ўзи ёлғиз,бошқа кишилар билан алоқа қилмай яшай олмайди. Ўша алоқа асносида бошқаларнинг ҳуқуқига тажовуз қилмаслик ва қайси йўл билан бўлмасин зулм қилмасликка шариатимиз даъват қилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида бошқа кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлигини уқтирдилар.

Яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳ таоло сизларга қонларингиз ва молларингизни бир-бирингизга ҳаром қилди». 

Бу оят ва ҳадислардан маълум бўладики, инсонларнинг қонини тўкиш қанчалик ёмон амал бўлса, уларнинг молларини ноҳақдан ейиш ҳам шунчалик манфур амалдир.

Яъни: «Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ йўллар билан емангизлар!» ("Нисо" сураси, 29-оят).

Инсонлар ўртасида бир-бирларининг ҳаққига тажовуз қилиш, ҳозирги кунда савдо-сотиқларда жуда кўпайган. Савдода ёлғон гапириш ва ўлчовда хиёнат энг ёмон амаллардан биридир. Ислом дини эса доимо адолатга буюради. Яъни: «Осмонни баланд қилиб қўйди ва тарозини жорий қилди. Токи, тарозида ҳаддан ошмангизлар. (Эй инсонлар, муомалада) вазнда адолат ўрнатинглар ва тарозидан уриб қолманглар!» ("Ар-Раҳмон" сураси, 7-9-оятлар).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўлчов ва тарози ишлатадиган кишиларга айтдиларки: "Сизлар ўзларингиздан илгари ўтган қавмларнинг ҳалокатига сабаб бўлган икки ишни ўз устингизга олдингизлар". Бу ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизни огоҳлантирмоқдаларки, илгари ўтган қавмларнинг бошига келган офатлар уларнинг ўзаро олди-бердиларида қилган хиёнатлари сабабли келган. Чунки кишилар савдода тўғри турсалар баракот ёғилади, акс ҳолда жамият таназзулга юз тутиши мумкин. Ўзининг ҳаётида ва касбида ўлчов билан иш юритадиганлар доимо бу ҳадисни унутмасликлари керак.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Ростгўй ва ишончли савдогар жаннатда пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади", дедилар. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Яъни: "Икки киши ўртасидаги савдо-сотиқ ҳар иккала томон учун ҳам,то улар бир-бирлари билан келишиб олгунча ихтиёрийдир. Агар улар бир-бирларига рост гапириб, молнинг айбини яширмасалар,бундай савдода уларга барака бўлади. Агар молнинг айбини яширсалар ва бир-бирларини алдасалар, савдоларида барака бўлмайди". Аллоҳ таоло барчамизни тақводор ва бошқаларнинг ҳақларига риоя этувчи бандаларидан қилсин.

Пешкў туман «Бобо Араб» жоме
масжиди имом хатиби 
Дилшод БОЛТАЕВ

Манба: ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!